Парижда XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари якунланди, бу Марказий Осиё республикалари мустақилликка эришганидан сўнг ўтказилган саккизинчи халқаро ўйин бўлди. Мазкур Олимпиада Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон учун рекорд даражадаги воқеа бўлди. Аммо Қозоғистон ва Туркманистон спортчилари бундан ҳам яхшироқ натижа кўрсатишлари мумкин эди.
2024 йилги Олимпиада ўйинлари бошиданоқ нафақат спорт жамоатчилигининг эътиборини тортганди. Ўйинлар Европадаги ҳарбий можаролар ва дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги сиёсий беқарорлик фонида бўлиб ўтди. Олимпиада ташкилотчилари очилиш маросимида дин, ЛГБТ (Россияда экстремистик оқим сифатида тан олинган ва тақиқланган), феминизм мавзуларига тўхталиб, жуда дадил чиқишлари билан эътиборни жалб қилишга ҳаракат қилишди — буни ҳамма ҳам қадрламади. Бироқ, одатда, Марказий Осиё давлатларининг консерватив вакиллари ушбу мавзу фаол ёритилган интернетнинг рус тилидаги сегментида оммавий танқидларга қўшилишмади, ижтимоий тармоқлардаги қизғин муҳокамалар билан чекланишди. Аммо Олимпия ўйинларининг спорт компоненти жуда зўр бўлиб чиқди. Марказий Осиё давлатлари вакиллари ҳам бунга катта ҳисса қўшдилар.
Қўлқопдаги олтин
Ўзбекистонлик спортчилар 13 та медални қўлга киритишди, бу 2016 йилги Риодаги ўйинлардагидек кўп эди. Бироқ, бу сафар 8 та мукофот олтин медаль бўлди. Саккиз йил аввалгидек боксчилар бунга кўп ҳисса қўшишди. Улар энг юқори пробадаги бешта медални қўлга киритиб, бокс мусобақаларида медаллар сони бўйича биринчи ўринни эгаллашди. Жумладан, эркаклар ўртасидаги баҳсларда мумкин бўлган саккизта олтин медалдан бештасини ўзбекистонликлар қўлга киритди.
Олтин мақомини икки карра Олимпиада чемпиони бўлган Хасанбой Дўсматов ва Баҳодир Жалоловлар тасдиқлашди. Шунингдек, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Мулложонов ва Абдумалик Халоқовлар жой олди. Айжойиб ўйинлар бўлди! Бокс терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев Дўсматов ғалабасини нишонлаётган пайтда юрак ҳуружига дуч келди. Яхшиямки, шифокорлар 41 ёшли мутахассисга ўз вақтида ёрдам кўрсатишди.
Балки ўзбек бокс мухлисларининг қувончи узоққа чўзилмаса керак. Чунки ташкилотчилар ушбу спорт турини 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари дастурига киритмасликка қарор қилишди. Бунга Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) ўртасидаги, аниқроғи, ташкилот раҳбари ХОҚ тавсияларига амал қилмаётган россиялик Умар Кремлев билан мураккаб муносабатлар сабаб бўлган. Шунингдек, IBAнинг ўзи санкция остидаги «Газпром» компанияси томонидан молиялаштирилади.
Бироқ, Парижга қайтамиз. Дзюдочи Диёра Келдиёрова тарихда олтин медални қўлга киритган биринчи ўзбек аёли бўлди. Мадҳия куйланаётганда Келдиёрованинг хурсандчиликдан кўзларига ёш келди. Музаффарбек Тўрабоев ва Алишер Юсупов дзюдо бўйича Ўзбекистон бисотига яна иккита бронза медаль олиб келди. Полвонлар ҳам хурсанд қилишди. Ўзбек фуқаролигини олган россиялик Разамбек Жамалов олтин медаль, Ғуломжон Абдуллаев бронза медалига сазовор бўлди.
Таэквондочи Улуғбек Рашитов икки карра Олимпиада чемпиони бўлди. Светлана Осипова ушбу йўналишда Ўзбекистонга кумуш олиб келди. Олимпиаданинг сўнгги кунида оғир атлетикачи Акбар Жўраев навбатдаги кумуш медални қўлга киритди.
Олимпиадада илк бор Ўзбекистон жамоавий спорт турларида иштирок этди. Тимур Кападзе бошчилигидаги футбол жамоаси турнирга йўл олди, аммо плей-оффга чиқа олмади. Ўзбекистон терма жамоаси Испания ва Миср терма жамоаларига тенг курашда имкониятни бой бериб, сўнгги турда Доминикан Республикаси билан дуранг ўйнади.
Ўзбекистон фуқаролигига ўтган эшкак эшувчи Анна Пракатен ва замонавий бешкурашчи Алисэ Фахрутдинова мусобақа финалига чиқишди, аммо якунда улар мос равишда 11 ва 15-ўринларни эгаллашди, бу умуман ёмон эмас, айниқса Фахрутдинованинг сўнгги Олимпиадада олган 30 ўрин ҳисобга олинса. Велосипедчи Ольга Забелинская ўзини яхши кўрсатолмади, синовда 23-ўринни, индивидуал пойгада эса 70-ўринни эгаллади. Жароҳати туфайли тўққизинчи Олимпия ўйинларига бора олмаган буюк гимнастикачи Оксана Чусовитинанининг ўрни билинди.
Ўзбекистон Олимпиада медаллари рейтингида постсовет ҳудудидаги барча мамлакатларни ортда қолдириб, рекорд даражадаги 13-ўринни эгаллади. Бу Марказий Осиё республикалари тарихидаги энг яхши натижадир.
Ўзбекистон ҳукумати олтин медаль соҳибларини 200 минг доллар, кумуш медаль соҳибларини 150 минг, бронза медаль соҳибларини 100 минг доллар мукофот пули билан тақдирлайди.
Омадсизлик давом этмоқда
Қозоғистонлик спортчилар ўзларини бор-йўғи еттита медаль билан чеклашди, буни муваффақият деб аташ қийин, бу рақам бир марта — 2000 йили Сиднейда қайд этилганди, аммо ўшанда учта олтин ва тўртта кумушга эга бўлишганди. Энди эса қозоғистонликлар битта олтин ва учта кумуш ва битта бронзани қўлга киритишди, холос. Бироқ, бу натижа Токиодаги сўнгги Олимпиададагидан яхшироқ бўлди, зеро ўшанда саккизта бронза медали қўлга киритилиб, медаллар рейтингида антирекорд ўрнатилганди: ўшанда 83-ўрин, бу гал 43-ўрин.
Отиш бўйича аралаш жуфтлик баҳсларида Александра Ле ва Ислом Сатпаевнинг бронза медалидан бошлашимиз керак. Бу нафақат Қозоғистон, балки бутун Олимпиадада қўлга киритилган биринчи медалдир.
Ушбу мукофот туфайли Қозоғистон бир муддат Олимпия ўйинларида медаллар жамғариш бўйича пешқадамлик қилолди.
Айтганча, бу қозоғистонлик спортчиларнинг 1996 йилдан буён ўқ отиш бўйича қўлга киритган биринчи Олимпиада медали эди.
Ягона олтин медални дзюдочи Елдос Сметов қўлга киритди, у олтинга узоқ вақт, аммо қатъият билан етиб келди. У 2016 йили кумуш, 2020 йили бронза медалини қўлга киритганди. Сметов қозоғистонлик спортчи Олига Рипакованинг ютуғини такрорлади ва учта Олимпиадада тўлиқ мукофотлар тўплами билан уч карра Олимпиада совриндори бўлди. Дзюдо бўйича Гусман Қирғизбаев бронза медалига сазовор бўлди.
Одатда қозоғистонлик спортчилар боксда яхши ҳосил йиғишарди. Бу сафар, Токиодаги каби, фақат иккита медаль қўлга киритилди — ва яна олтинсиз. Кумуш мукофотини жуда қийин жангда украиналик Александр Хижнякга ютқазиб қўйган жаҳон чемпиони Нурбек Оралбай қўлга киритди. Нозим Қизайбай бронза медалини қўлга киритди.
Қозоғистонликлар ҳам яхши натижа кўрсата оладиган курашда Демеу Жадраев кумуш медални қўлга киритди. Наримон Қурбонов спорт гимнастикаси бўйича Қозоғистон тарихидаги илк кумуш медални қўлга киритди.
Шубҳасиз, медаллар сони билан боғлиқ вазиятни оғир атлетикачилар яхшилашлари мумкин эди, аммо улар қозоқ спортини қайта-қайта ларзага келтирган яна бир допинг можароси туфайли боролмадилар. Шундай қилиб, Қозоғистон 2000 йилги Олимпиададан кейин тарихда иккинчи марта оғир атлетика бўйича медалсиз қолди. Токиода қозоғистонликлар иккита медални қўлга киритган Карате Париж Олимпиадаси дастуридан чиқарилди. Тўрт йил ичида Қозоғистонда сузиш бўйича янги Баландинлар, велосипедда Винокуровлар, енгил атлетикада Рипаковлар пайдо бўлмади. Умуман олганда, омадсизлик юз берди.
Қозоғистон расмийлари ваъда қилган Марказий Осиёдаги энг йирик олтин медаль учун мукофот – 250 минг доллар ҳам ёрдам беролмади. Кумуш мукофот соҳиблари 150 минг доллар, бронза совриндорлари эса 75 минг доллар олади.
Кумуш ҳам олтин ўрнида
Ўтган Олимпиада Қирғизистон учун тарихдаги энг муваффақиятли тадбирлардан бири бўлди. Қирғизистонлик спортчилар биринчи марта бирданига олтита совринни қўлга киритишга муваффақ бўлишди ва улар орасида икки карра Олимпиада совриндорлари пайдо бўлди. Бундан ташқари, Қирғизистон Олимпиада ўйинларида қўлга киритилган спортчилар/медаллар сони бўйича энг яхши ўринлардан бирига айланди: 16 нафар олимпиячидан 6 нафари (38%) ватанига мукофот билан қайтди. Қирғизистонликларнинг уддасидан чиқа олмаган ягона нарса тарихдаги илк олтинни қўлга киритиш бўлди.
Кураш қирғизистонликларнинг асосий севимли машғулоти бўлиб қолмоқда. Одатдагидек айнан шу спорт турида энг кўп медаллар қўлга киритилади. Меерим Жуманазарова сўнгги Олимпиадада бронза медалини қўлга киритганди. Афсуски, фақат бронза сайёрамизнинг энг кучли курашчиларидан бири Ойсулув Тинибековага насиб этди, у ҳам икки карра Олимпиада совриндори бўлди, лекин унинг ўзи олтинни умид қилган бўлса, ажабмас. Юнон-рум кураши бўйича Қирғизистон терма жамоасига яна учта бронза медалини Ақжол Маҳмудов келтирди, медаль унинг учун иккинчи эди, Жоломан Шаршенбеков ва Узур Жузупбеков.
Биринчи марта боксда медаль қўлга киритилди. Ва бирданига кумуш. Уни Мунарбек Сейитбек уулу жамоаси коллекциясига олиб келди. Айтганча, бу воқеа фильм учун ҳақиқий сюжет бўла олади. Сейитбек уулу Парижга лицензия муддати тугаган мураббийи Беганас Султонбаевсиз келган. Натижада ўзбекистонлик мураббий Акмал Хасанов танаффус вақтида Мунарбек билан ўзбек тилида гаплашган боксчининг иккинчи секунданти бўлди. Унинг раҳбарлигида Мунарбек учта ғалабага эришиб, финалга чиқолди. Бу вақтда Султонбаев ўзи оиласи билан яшайдиган ётоқхонадаги телевизор қаршисида шогирдини олқишлаб, хурсанд бўлиб йиғларди. Финалда эса Сейитбек уулу ўзбекистонлик Абдумалик Халоқов билан тўқнаш келди, Акмал Хасанов эса қарши томонда эди. Натижада қирғизистонлик сўнгги жангда мағлуб бўлди, бироқ ҳақиқий қаҳрамон сифатида юртига қайтади.
Эслатиб ўтамиз, оддий қирғизистонликлар бу воқеани диққат билан кузатишди. Улар ҳатто мураббийга Парижга чипта сотиб олишга тайёр эди, аммо бунинг энди аҳамияти йўқ эди, чунки лицензиясиз мураббий Олимпия қишлоғига киритилмасди. Ҳозир эса одамлар мамлакат расмийларига Олимпиада кумуш медали совриндори мураббийи Султонбаевга оддийгина уй олиб бериш илтимоси билан мурожаат қилишмоқда.
Сузувчи Денис Петрашовни алоҳида таъкидлаш жоиз, унинг учун ушбу Олимпиада ўз фаолиятидаги учинчиси эди. Денис биринчи марта ярим финалга чиқди ва у ерда 14-ўринни эгаллади. Қирғиз фуқаролигига ўтган россиялик Сардана Трофимова аёллар ўртасидаги марафонда 14-ўринни эгаллади ва бир вақтнинг ўзида миллий рекорд ўрнатди.
Олимпиада якунларига кўра, Қирғизистон расмийлари медал совриндорларининг мукофот пулларини оширишга қарор қилишди. Шу тариқа, кумуш медал соҳиблари 10 миллион сўм (117 минг доллар), бронза медал соҳиблари 7 миллион (82 минг доллар) мукофот олади. Аслини олганда, кумуш олтинга, бронза кумушга тенглаштирилди.
Бронза бўйича рекорд
Тожикистонлик спортчилар биринчи марта Олимпия ўйинларида бирданига учта медални қўлга киритишди. Гарчи учала мукофот бронза бўлсаям, аммо рекорд рекорддир. Бу, айниқса, Токиодаги сўнгги Олимпиада ўйинларидан қуқруқ қўл билан қайтишган тожикистонликлар учун жуда муҳим эди.
Бу соврин эркаклар ўртасидаги боксда биринчи марта қўлга киритилди. Давлат Болтаев бор кучини синаб кўрди ва ярим финалга чиқди ва ўзбекистонлик бўлажак чемпион Лазизбек Мулложоновга имкониятни бой берди. Яна иккита медаль дзюдо бўйича қўлга киритилди: Сомон Мамадбеков ва Темур Раҳимов мухлисларни хурсанд қилишди. Аммо Осиёнинг энг кучли дзюдочиларидан бири Комроншоҳ Устопириён ўзини кўрсатолмади, шунингдек яна бир собиқ Осиё чемпиони Беҳруз Хўжазода ҳам. Виктор Рассадиннинг медаль учун ажойиб имкониятлари бор эди, аммо кичик финалда Албания вакили, албан фуқаролигин олган россиялик Чермен Валиевга имкониятни бой берди.
Бронза медали соҳиблари Тожикистон расмийларидан 19 минг доллар олади ва уларга Душанбе шаҳридан бир хонали квартира ваъда қилинган. Кумуш учун икки хонали квартира ва 24 минг доллар, олтин учун — 28 минг доллар ва уч хонали хонадон ваъда қилинган.
Бўм-бўш
Туркманистонликлар Парижда бирорта медални қўлга кирита олмаган минтақадаги ягона терма жамоа бўлдт. Умуман олганда, жамоа бисотида фақат битта медаль бор эди — Полина Гуреванинг Токиодаги сўнгги Олимпиадада қўлга киритган кумуш медали. Қолаверса, Туркманистонни Олимпиадада бор-йўғи олти нафар спортчи ҳимоя қилган, бу нафақат Марказий Осиё, балки мамлакатнинг ўзида ҳам рекорд даражадаги паст кўрсаткич эди. Ҳатто 1996 йили Риодаги Олимпиадада Туркманистондан етти нафар спортчи қатнашганди, Токиода эса тўққизтаси.
Муайян умидлар дзюдочилар билан боғлиқ эди: аҳир Сердар Раҳимов «Катта дубулға» туркумидаги Гран-прининг амалдаги ғолиби, Майса Пардаева эса Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори. Бироқ, улар 1/16 финалга чиқишга муваффақ бўлишолди, Раҳимов ҳам, Пардаева ҳам бразилиялик рақибларига имкониятни бой беришганди.
Олимпиаданинг сўнгги кунида Давранбек Хасанаевнинг оғир атлетика бўйича медаль учун курашиш имконияти бор эди, аммо у якунда 10-ўринни эгаллади. Балки бу йўналишда бошқа спортчиларнинг камлиги Туркманистон оғир атлетика федерациясига допинг муаммолари туфайли яқинда қўйилган санкциялар билан боғлиқ бўлгандир?
Туркманистонлик спортчиларнинг спортдаги муваффақиятсизликлари у ёки бу тарзда мураккаб комплекс муаммолардан ташкил топган. Туркманистон расмийлари буни тушунадими ёки йўқми, номаълум, бироқ мамлакат президенти Сердар Бурдимуҳамедов Олимпиададаги муваффақиятсизлик учун Спорт вазирига қаттиқ танбеҳ берди.
Туркманистонлик спортчиларни пул мукофотлари билан рағбатлантиришга келсак, уларнинг миқдори, ҳар доимгидек, номаълум. Айтишларича, ўтмишдаги ягона Олимпиада совриндори Гуревага 50 минг доллар, Ашхободда уч хонали квартира ва премиум машина совға қилинган.
11 август куни Парижда Олимпия ўйинларининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Бироқ, спорт байрами давом этади. 28 август куни Паралимпия ўйинлари бошланади, унда Марказий Осиёдан ҳам спортчилар иштирок этишади.
Александр Троицкий
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди
-
22 Октябрь22.10Сургундаги воизТаъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?