Октябрь ойи охирида Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман суди ноодатий ишни кўриб чиқди. Бу воқеага алоқадор шахс ижтимоий тармоқларда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевни ҳақоратлаган йигит эди. Йигитнинг давлат раҳбари шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилган аниқ сўзлари ҳеч қачон оммавий ахборот воситаларида қалқиб чиқмаган, аммо охир-оқибат у икки йилу олти ой қамоқ жазосига ҳукм қилинган. «Фарғона» Ўзбекистонда авваллари ҳам судлар томонидан республика раҳбарига нисбатан сўкиниш ёки бошқа ҳақоратомуз сўзлар учун қамоқ жазоси берилганми ёки йўқми, деган саволга жавоб излаш учун медиа маконини кезиб кўрди.
Ғўрлик қилган, тушунмаган
Каттақўрғон суди 26 октабрь куни ҳукм чиқарган, бироқ ўзбек матбуоти суд жараёни ҳақидаги маълумотларни фақат икки ҳафтадан кейин чоп қила бошлаган. Кўринишидан, жиноий таъқибга сабаб бўлган ва аллақачон ўчирилган изоҳни ҳеч ким топа олмаслиги учун бўлса керак.
Иш материалларига кўра, 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси исми шарифининг бош ҳарфлари И.Д. бўлган ҳамда dilshod_oke9377 аккаунти билан Instagram'да (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) Мирзиёев номига ҳақоратомуз сўзларни ёзган. У буни President family («Президент оиласи») сарлавҳали видео остидаги изоҳларда қилган. Ўшанда йигит бошқа давлатда – Россияда бўлиб, у ерда бир муддат муҳожир мақомида яшаган. Балки каттақўрғонлик ватанидан узоқлик уни қандайдир ҳимоя қилишига ишонгандир, лекин адашган эди. Дўстларининг маслаҳати билан республика раҳбари шаъни ва қадр-қимматига доғ туширувчи изоҳни дарров ўчириб ташлагани фойда бермаган. Интернет шундай нарсаки, унда яшириниш осон эмас: кимдир уни ҳар доим ўз дискига сақлайди, саҳифанинг скриншотини олади, ўчирилган шарҳларни қайта тиклай олади ва ҳоказо.
Умуман олганда, йигитнинг омади чопмади – ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари президентни ҳақорат қилиш фактини аниқлаб, тегишли жиноий иш қўзғатишган. Бундан хабар топган Ўзбекистон фуқароси ўз ихтиёри билан она юртига қайтиб келади ва шу заҳоти судлов маҳкамасида ўзини кўради. И.Д. айбига иқрор бўлиб, «ёшлиги ва тушунмагани туфайли» шундай қилганини айтиб, ўзини оқлайди. Аслида, маҳкумнинг сўзларига кўра, у ҳеч қачон ҳозирги ҳукумат сиёсатига қарши чиқмаган.
Суд тавбани инобатга олиб, И.Д. давлат раҳбарини, жумладан интернетда ҳақорат қилганлик учун жазони назарда тутувчи Жиноят кодексининг 158-моддаси («Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз») 3-қисми билан икки ярим йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Дарвоқе, Каттақўрғон фуқароси кўпи билан беш йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин эди. Бундан ташқари, унинг Instagram аккаунтини блокировка қилишга қарор қилинган, шу маънода мамлакат Рақамли технологиялар вазирлиги суддан тегишли техник топшириқ олган.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва ахборот ресурслари шарҳловчилари ушбу маълумотга турлича муносабат билдиришди. Кимдир суд қарори тўғри деб ёзган — мамлакат раҳбарига нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатишдан фойда йўқ. Бошқалар, расмийлар биринчи марта жарима билан ҳам чекланишса бўларди, деб ёзишган. «Жиноят ва жазо номутаносиблигини» таъкидлаганлар ҳам бўлди: президентни ҳақорат қилган йигит, масалан, бир йил давомида меҳрибонлик уйи раҳбарининг ташаббуси билан вояга етмаган ўқувчиларни зўрлаган (иш кўриб чиқилгач, уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси уч йиллик колония билан алмаштирилган. – «Фарғона» изоҳи) хоразмлик собиқ амалдорлар билан деярли бир хил миқдорда жазо олган.
Маст ва ақлдан озган ҳолатда
Дарвоқе, давлатнинг биринчи шахсини ҳақорат қилиш ҳолатлари кўпинча ҳақиқий қамоқ муддати билан тугамайди. Президентга тажовуз қилиш моддаси бўйича ўнга яқин ишни ўрганган “Gazeta.uz” журналистларига кўра,
аксарият ҳолларда айбланувчилар озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.
И.Д.гa нисбатан чиқарилган ҳукм, нашрнинг қайд этишича, кўп ойлар ичида биринчи марта шундай оғир ҳукмдир.
Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда Ўзбекистон матбуотида республиканинг собиқ ёки амалдаги раҳбарларига нисбатан ҳақорат ёки туҳмат қилганликга доир бир-иккита шов-шувли ҳолатлар кузатилган.
Ўтган йил февраль ойида ҳуқуқ фаоллари Хоразм вилояти Хазорасп туман суди маҳаллий блогер Собиржон Бобониёзовни уч йилга озодликдан маҳрум қилган қарори ҳақида хабар берганди. Тергов маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқароси ҳақоратли сўзлар билан Ислом Каримовнинг ҳам, Шавкат Мирзиёевнинг ҳам обрўсига путур етказувчи видеони ёзиб олган. На адвокатлар, на оммавий ахборот воситалари аниқ ҳақоратларни келтиришмаган, бироқ ишда иштирок этган шахснинг айби суд-лингвистик экспертиза ўтказган мутахассислар томонидан исботлангани маълум. Бобониёзов маст ҳолда ҳукмдорларни ҳақорат қилувчи видеоларни ёзиб олганини тан олган. Суд ҳукм чиқараётганда ушбу ҳолатни оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисоблаган.
Яна бир эпизод 2021 йил апрель санасида бўлган. Ўшанда Жиззах вилояти прокуратураси маҳаллий аҳоли вакили Валижон Калоновга нисбатан президентни ҳақорат қилиш бўйича иш очган. Қайд этилишича, ушбу блогер ижтимоий тармоқлардаги танқидий постлари билан танилган, бироқ қайсидир вақт у ҳаддан ошиб кетган.
«Айбланувчи ўз чиқишларида Президент раҳнамолигида амалга оширилган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка нотўғри талқин қилган, уни ҳақоратлаган, давлат раҳбари шаънини камситувчи ва обрўсизлантирувчи маълумотларни тарқатган», — дейилади вилоят назорат маҳкамаси хабарида.
Ишга бошқа экспертиза – суд-тиббий экспертиза аралашмаганида, ушбу фуқаро қамоққа тушиши аниқ эди. Оқ халатдаги мутахассислар Калоновни «руҳий носоғлом» деб тан олишган. Натижада у Самарқанд шаҳридаги 1-сонли руҳий касалликлар шифохонасига мажбурий даволанишга ётқизилган.
Умуман олганда, Ўзбекистонда ҳар қандай шахсни ҳақорат қилиш қонун билан жазоланади. Бундан ташқари, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам, Жиноят кодексида ҳам шунга ўхшаш моддалар мавжуд: ҳуқуқбузар биринчи марта «маъмурий жавобгарликка тортилади», такрорланган тақдирда — жиноий жавобгарликка тортилади. Бироқ, бундай ҳаракатлар учун қамоқ жазоси белгиланмаган. Яъни, ҳатто оғирлаштирувчи ҳолатларда ҳам, масалан, жабрланувчини ўз хизмат вазифаларини бажараётганда ҳақорат қилган бўлсангиз ёки илгари туҳмат учун судланган бўлсангиз, сиз барибир қамоқ жазосини олмайсиз. Бу ҳолатда максимал жарималар тўплами қуйидагича:
👉 600 та базавий ҳисоблаш миқдорида жарима – 198 миллион сўм (16 минг доллардан ортиқ);
👉 уч йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари;
👉 бир йилгача эркинликни чеклаш жазоси.
Президентни сўкиш — бу бошқа масала. Гарчи бир неча йил олдин, ҳатто бу ерда ҳам оддий одамлар учун ҳамма нарса унчалик қўрқинчли эмас эди, чунки жазо фақат матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларида ифодаланган ҳақорат ёки туҳмат учун берилган. Телевидение ёки газеталарда давлат раҳбарини қоралашга ҳеч ким журъат эта олмаслигини инобатга олиб, бундай ҳолатлар нолга туширилган. Бироқ 2021 йил 31 мартдан бошлаб Республика Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилиб, оммавий ахборот воситаларига интернет постлари қўшилди.
Ҳозирда Жиноят кодексининг 158-моддаси учинчи қисми, унга кўра сўкинувчи фойдаланувчиларга нисбатан судлов ҳукми қуйидагича кўринади: «Матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида Ўзбекистон Республикаси Президентини оммавий ҳақорат қилиш ёки туҳмат қилиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».
Қўшниларда-чи?
Амалдагими ёки Ислом Каримовдек марҳум президентни сўкиш учун жазо Ўзбекистонга тегишли деб ўйласангиз, адашасиз. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Европа давлатларида ҳам давлат раҳбарларини ҳақорат қилган одамлар жиноий жавобгарликка тортиладилар. Узоққа бормай, минтақадаги қўшни республикаларнинг қонунчилигига мурожаат қиламиз.
Туркманистонда бу модда «Президентга тажовуз қилиш» (Жиноят кодексининг 176-моддаси) деб аталади ва энг юқори жазо Ўзбекистондагидек – беш йилгача қамоқ жазоси ҳисобланади. Бироқ, мамлакатда Интернетни тартибга солувчи қонунга қизиқ бир факт ёзилган. Ушбу низомнинг 30-моддасида фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлган бир қатор бандлар санаб ўтилган. Жумладан, конституциявий тузумни ўзгартиришга чақириқлар, уруш тарғиботи, турли нафрат уйғотиш ва порнография каби мазмундаги материаллар рўйхатга давлат раҳбарига нисбатан ҳақорат ва туҳматлар киритилган.
Тожикистон Жиноят кодексига кўра, интернетда ёки оммавий ахборот воситаларида республика раҳбарига нисбатан ҳақоратда айбдор бўлганлар икки йилдан беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бундан ташқари, иккита бутун модда мавжуд: 137 ва 137 (1). Фарқи шундаки, улардан бири (қавс ичида 1 билан) «Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – миллат пешвоси» унвонига эга бўлган аниқ шахсга бағишланган. Бу, албатта, Эмомали Раҳмон. Яна бири мамлакат президентини омма олдида ҳақорат қилганлик учун жазони назарда тутади. Аммо ҳозирча бу модда «бўш» турибди, чунки мустақил Тожикистон тарихида юқорида қайд этилган шахсдан бошқа ҳукмдор бўлмаган.
Шунга ўхшаш амалиёт Қозоғистонда ҳам мавжуд эди. Бу ерда ҳам яқин вақтгача оддийгина мамлакат президентларига, жумладан биргина Нурсултон Назарбоевга — Элбасига бағишланган алоҳида моддалар мавжуд эди. Аммо, биласизки, республиканинг амалдаги раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев конституциявий ислоҳот ташаббускори бўлиб, унинг бандларидан бири Асосий қонундан ўзидан олдинги президент номи ва унвонини олиб ташлаш бўлди. «Деназарбоевизация» жараёни Жиноят кодексига ҳам таъсир кўрсатди – Элбасини омма олдида ҳақорат қилиш бўйича 373-модда жорий йилнинг июль ойида кодексдан йўқолди. Бундай жиноятлар энди фақат 375-сонли «Қозоғистон Республикаси Президентининг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш ва унинг фаолиятига тўсқинлик қилиш» номли «клон» бандига тўғри келади. Интернетда мамлакат раҳбарини сўкиш учун уч йилгача «унчалик узоқ бўлмаган жойларга» равона бўлиш мумкин.
Бу рўйхатда Қирғизистон алоҳида ўринда туради. Бу давлатнинг Жиноят кодексида мамлакат раҳбарига нисбатан ҳақорат ёки туҳмат учун алоҳида жазо белгиланмаган. Умуман олганда, қидирув тизимига кўра, «Президент» сўзи ҳужжатда уч марта учрайди: сайловчиларга пора бериш ва афв этиш тўғрисидаги моддаларда, шунингдек, энг қуйида «Президент» янги таҳрирни маъқуллаган давлат раҳбари сифатида. Бунинг сабаби, Марказий Осиёдаги қўшнилари билан солиштирганда, Қирғизистонда президентларнинг мисли кўрилмаган даражада тез-тез ўзгариб туриши бўлса керак, гарчи бу давлат тўнтаришлари ва инқилоблар орқали амалга оширилган бўлсаям.
Ва ниҳоят, битта ҳолат: Ўзбекистон ва бошқа давлатлар Жиноят кодексида «ҳақорат» ва «танқид» ўртасидаги фарқлар аниқ кўрсатилмаган. Шу ўринда мансабдор шахсларга, суд-ҳуқуқ тизимига ақл-идрок тилагинг келади, улар ҳеч бўлмаганда ўзлари учун бу масалага ойдинлик киритишлари лозим. Зеро, «партия сиёсати» ни танқид қилиш, ҳатто баъзида сўкинишга тақалса ҳам, инсоннинг ўз фикрига эга бўлиш ҳуқуқини бузмаслиги ва танқидчини айбдор курсисига ўтқазишга сабаб бўлмаслиги лозим.
-
11 Октябрь11.10Тўсиқларни енгиб ўтиш ва кадрларни сақлаб қолиш керакАлишер Никимбаев — футзал бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатидаги ташкилий муаммолар, андижонлик мухлислар ва Ўзбекистонда спортни ривожлантириш ҳақида
-
08 Октябрь08.10ФотоНон шаҳриТошкентда нонлар фестивали бўлиб ўтди
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
27 Сентябрь27.09«Футболчилар ўйинини ўйнайверсин, футболни эса бошқалар бошқаради» — бундай тезиснинг яшашга ҳаққи йўқАлишер Аминов — Тошкентда бўлиб ўтган FIFPro Бош ассамблеяси ва Ўзбекистонда спортни бошқариш тизимининг ҳуқуқий асослари ҳақида
-
18 Сентябрь18.09Эрмитаж ва WOSCU — ҳамкорлик натижалариЎзбекистон маданий мероси Эрмитажни қанчалар ҳайратга солгани ҳақида. Павел Лурье маърузаси
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида