Номзодлар ваъдалари

Муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этувчи номзодлар сайловчиларга нималарни ваъда бергани тўғрисида
АНДРЕЙ КУДРЯШОВ ФОТОСУРАТИ / «ФАРҒОНА»

Келаётган якшанба, 9 июл куни Ўзбекистонда муддатидан илгари президентлик сайлови бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, овоз беришга конституциявий ислоҳот сабаб бўлди, зеро унга кўра энди республика раҳбари беш йилга эмас, етти йилга, бундан ташқари, кетма-кет икки мартадан кўп бўлмаган муддатга сайланади. Бироқ, Асосий қонунга киритилган ўзгартиришлар амалдаги раҳбарнинг аввалги барча муддатларини «ноллаштиради», шунинг учун Шавкат Мирзиёев де-юре биринчи марта, де-факто эса учинчи марта сайловда иштирок этмоқда. Кутилганидек, барча номзодлар юқори лавозимда фаолият йўналишларини белгилаб берувчи ўз дастурларини тақдим этдилар. Келинг, ўзбек сиёсатчилари сайловчиларга нималар ваъда бераётгани ва уларнинг сайловолди чиқишлари қанчалик ранг-баранг эканини бир кўрайлик.

Борлиқ яшил рангга чўмган

Келинг, тартиб билан, яъни биринчи бўлиб президентликка номзод бўлган сиёсатчидан бошлайлик. Ўзбекистонда ўз-ўзини номзод қилиб кўрсатиш механизми мавжуд эмаслиги сабаб, давлат раҳбари лавозимига номзодлар қайсидир партия томонидан илгари сурилиши керак. Бу гал «яшиллар» бошқаларга қараганда тезроқ ҳаракат қилишди. Очиғини айтганда, уларнинг етакчиси Абдушукур Ҳамзаев ўзига хос ғоялардан йироқ сайловолди дастурини тақдим этди. Бироқ, илгарилаб шуни айтамизки, рақобатчилардан фарқли ўлароқ, унинг «донгдор» еи бор.

Бу ташаббусларнинг барчаси «тақиқлаш» сўзи билан боғлиқ. Масалан, Ҳамзаев «2030 йили 2009 йилдан кейин туғилганларга ёшидан қатъий назар сигарет сотишни тақиқлашни» ваъда қилмоқда. Республикада 21 ёшгача бўлган фуқароларга тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланганли инобатга олинса, 2030 йилдан бошлаб Экологик партия ҳокимиятга келса, умуман ҳаммага сигарет сотишни тақиқлайди. Нега сиёсий технологлар «сигарет сотишни буткул тақиқлаш» деган сўздан воз кечиб, ортиқча сўзлар билан аҳолини чалғитишга қарор қилгани сирлигича қолмоқда. Чекаётган электоратни қўрқитмоқчи бўлишмаган кўринади.

Албатта, «яшиллар» ҳавони ифлослантирувчи машиналарни четлаб ўтишмаган. Шу муносабат билан Ҳамзаев бир вақтнинг ўзида иккита глобал ташаббусни таклиф қилади. Биринчидан, 2030 йилдан бошлаб ички ёнув двигателли (ИЁД) автомобилларни сотиш ва импорт қилишни тақиқлаш. Бу ғоя ўзбек ноу-хауси эмас, айтмоқчи, бундай қоида Европа Иттифоқи мамлакатларида аллақачон маъқулланган. Тўғри, улар ИЁД автомобилларидан фақат 2035 йилдан воз кечишади, масалан, электромобиллар кўринишидаги муқобил учун ҳамма жойда махсус автомобилларни зарядлаш станцияларини ўрнатиш ва бошқа инфратузилмани яратиш учун вақт керак бўлишини тушунишади. Аммо Ўзбекистонда сайлов пойгасининг қизғин палласида улар етти йилдан кейин нафақат аҳолини фақат экологик тоза транспортдан фойдаланишга ўргатишни, балки ўнлаб йиллар давомида бир хил моделларни ишлаб чиқарадиган маҳаллий автосаноатни ҳам бутунлай қайта профиллаш зарурлигини ҳисобга олишмаган.

Ва охиргиси ҳам яна тақиқ билан боғлиқ. Ҳамзаев жума кунини автомобиллардан ҳоли куни қилиш тарафдори. Шу муносабат билан ҳафтада бир кун Ўзбекистон шаҳарлари марказларида автомобилларда ҳаракатланиш тақиқланади. Албатта, бу атроф-муҳитга ижобий таъсир қилади, бироқ иқтисодиёт ва одамлар асабига салбий таъсир қилади. Шундай бўлса-да, жума иш куни ва айтайлик, уч миллионли Тошкентда иш билан пойтахтнинг бир чеккасидан бошқасига ўтиш қийин кечади.

Умуман олганда, Экологик партия турган гап, «яшил» ғояларни илгари суради. Номзод дастуридаги деярли барча нарсалар шу куйда кўзга чалинади:

✅ иқтисодиёт: «яшил» энергетика ва технологияларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида пестицидлардан воз кечиш бўйича «Яшил Ўзбекистон-2030» дастури;

✅ экологик хавфсизлик: «яшил» зоналар, қайта тикланувчи энергия манбаларини (ҚЭМ) ривожлантириш, пластик идишлардан воз кечиш;

✅ ижтимоий сиёсат: аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, ҳаво мусаффолигини муҳофаза қилишни кучайтириш, тупроқларнинг шўрланишига қарши курашиш;

✅ ташқи сиёсат: Марказий Осиё мамлакатлари билан табиий ресурслардан биргаликда фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш.

Мактаб ўқувчилари ва ҳиссадорлар ҳуқуқлари учун

Халқ демократик партияси (ХДП) иккинчи бўлиб ўз номзодини илгари сурди. Сиёсий бирлашма раиси Улуғбек Иноятовнинг сайловда иштирок этиши мантиқан тўғри. У катта сиёсатга кеча келмаган, унинг резюмесида Ўзбекистон Президентининг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси (Ислом Каримов давридаёқ), республика Халқ таълими вазири каби лавозимлар ҳам бор. Дарвоқе, Шавкат Мирзиёев 2018 йили Иноятовни «ташаббускорлик йўқлиги, мактаблардаги коррупция ва эски қарашлари учун ишдан бўшатган эди.

Таълим – ижтимоий сиёсатнинг бир бўлаги, шунинг учун ҳам бу жиҳат ЎзХДП етакчиси дастурида катта ўрин тутади….ва Президентликка номзоднинг асосий мақсадини шакллантириши ажабланарли эмас. Бу шундай янграйди: «мамлакатда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва демократия мезонларига жавоб берадиган демократик ижтимоий давлатни шаклланиш лозим».

Бундай бошланишдан кейин сиёсатчининг бошқа ваъдалари ҳам соддароқ бўлади деган умидлар пайдо бўлади. Ички ҳиссиёт инсонни алдамайди. Ижтимоий соҳанинг у ёки бу қисмига бағишланган деярли ҳар бир бўлимда «кўрсатиб қўйиш учун» иборалар кўзга ташланади. Масалан, бундай ташаббуслар мавжуд:

➡️ пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг уларни олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун етарлилигини таъминлаш;

➡️ пенсионерлар турмуш даражасини кўтариш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

➡️ аҳоли пунктлари қурилишида иштирок этаётган аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш кафолатлари тизимини яратиш мақсадида «Кўп қаватли уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектлари қурилишида ҳиссадорлик тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;

➡️ бирламчи ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш, мамлакатда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, профилактика ишларини кучайтириш;

➡️ болалар боғчалари ва мактабларда болалар хавфсизлиги ва саломатлигини, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини таъминлаш;

➡️ стипендиялар миқдорини талабаларнинг муваффақияти ва инновацион фаолиятдаги иштирокига қараб белгилаш;

➡️ ички бозорни арзон озиқ-овқат ва ижтимоий аҳамиятга эга товарлар билан тўлдириш, ушбу товар ва хизматлар нархларининг кескин ошишига йўл қўймаслик;

➡️ иқтидорли ёшларга сиёсий партиялар тизимида ишлаш имкониятини яратиш.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бундай таклифлар «лайк» ёки «бу таълимот эътирозли эмас» тарзида шарҳ ёзишга ундаётгандек туюлади.

Бироқ, Иноятов дастурида бир-икки баҳсли фикрлар ҳам бор эди. Шуни унутмайликки, бу номзод собиқ таълим вазири, шунинг учун ҳам бу соҳага жиддий шўнғиб кетган. Хусусан, у мактаб ўқувчилари учун жамоат транспортида табақалаштирилган йўл ҳақини жорий этишни таклиф қилади. Ачинарлиси, собиқ амалдор режанинг тафсилотларини ошкор этмайди: яъни бошланғич синф ўқувчилари учун арзонроқ, юқори синф ўқувчилари учун қимматроқ, ҳатто бошланғич синфлар учун ҳам бепул бўлиши мумкин. Тушунарсиз. Лекин Иноятов бюжетни қийнамай таълим муассасаларига қандай қилиб молиявий ёрдам беришни ўйлаб топган. У «мактаб солиғи» деб аталувчи солиқни жорий этишни таклиф қилади — бу болалар боғчалари ва мактабларни ривожлантириш учун жисмоний шахслар ва тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғининг амалдаги ставкаларининг 1 фоизини йўналтиришни англатади.

Албатта, бу ерда чекишни тақиқлаш ёки бензинли двигателли машиналардан воз кечиш каби ташаббусларнинг сояси ҳам кўринмайди.

Кўпроқ судялар ва адвокатлар бўлсин

Президентликка «Адолат» социал-демократик партиясидан Робахон Маҳмудова номзоди кўрсатилган. Номзоднинг сайловолди дастурини мазмун-моҳияти рақобатчиларникидан ҳам соддароқ шакллантирилган – демократик, ҳуқуқий, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонликни таъминлайдиган адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш лозим.

Маҳмудова яна бешта тамойилда «адолатли Ўзбекистон»да умуминсоний фаровонликни таъминлаш учун нималар барпо этилиши лозимлигини тушунтириб беради. Мана унинг фикрлар жамланмаси:

✔️ жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун шароит яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш;

✔️ Ўзбекистонни кучли ижтимоий давлат сифатида аҳолининг кескин табақаланишига йўл қўйилмаган, турмуш даражаси юқори ривожланган давлатлар қаторига киритиш;

✔️ «демократиянинг жонли тимсоли» бўлмиш вакиллик демократияси институтининг роли ва аҳамиятини кучайтириш;

✔️ мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш;

✔️ тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар тотувлиги, миллатлараро ва конфессиялараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, мутаносиб ва ​​конструктив ташқи сиёсат юритиш.

Ушбу постулатлар номзодлар орасидаги ягона хоним ваъдаларида ўта оригинал ва аҳамиятга морлик нарсаларни топиш осон бўлмаслигига шама қилади. Ва яна олдиндан кутилган умидлар тасдиқланди. «Адолат» вакили нафақат кўп йиллик судялик тажрибасига эга бўлган юрист, балки Олий суд раиси ўринбосари эканини инобатга олиб, ўзининг она тизимига эътибор қаратади. Айтганча, Ўзбекистонда судялар сиёсат билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслиги сабаб Маҳмудованинг сайловдаги иштироки туфайли Олий суддаги ваколатлари вақтинча тўхтатилган.

Шу боис давлат раҳбари лавозимига даъвогар оила, меҳнат, интеллектуал низолар ва вояга етмаганлар ишлари бўйича ихтисослаштирилган корпусларни шакллантириш орқали судялар сонини кўпайтиришни таклиф қилади. Шу билан бирга, у судяларнинг халқ депутатлари кенгашлари олдида ҳисобот бериш амалиётидан воз кечиш ва судяларнинг жараёнлардаги ролини камайтириш учун адвокатлар ваколатларини кенгайтириш ташаббусини илгари суради. Бир сўз билан айтганда, тизимда кўпроқ яхши ва бошқа турдаги ишчилар бўлсин.

Бошқа тутуриқсиз шиорлар ортида яна бир қизиқарли, аммо жуда баҳсли ғоя топилди. Маҳмудованинг дастурида «Биз тиббиётни тижоратсизлаштириш тарафдоримиз» дейилади. Ислоҳот бир қатор сўзда тушунтирилган — нодавлат ташкилотларни тижоратдан нотижорат ташкилотларга ўтказиш лозим. Яъни, ҳукумат хусусий клиникаларни фуқароларга бепул хизмат кўрсатишга мажбур қиладими? Харажатларни қоплашга умид қилмасдан, қимматбаҳо асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда тестлар, инновацион муолажалар қўлланиладими? Ахир, ҳеч кимга сир эмаски, давлат муассасаларида дори-дармон, асбоб-ускуналар билан боғлиқ вазият анча абгор. Шунинг учун одамлар хизматлар сифати учун пул тўлайдилар. Бу ерда бўлса бир ўк билан ҳаммаси тенглаштирилади ёки бекор қилинади. Умуман олганда, бу ғоя тушунтиришларни талаб қилади, гарчи уларсиз ҳам ғояни утопия деб таснифлаш мумкин.

Ислоҳотлар давом этмоқда

Ва ниҳоят, сайловолди пойгасининг фаворити – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан кўрсатилган ва «Миллий тикланиш» партияси томонидан қўллаб-қувватланган республиканинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев номзоди.

Сиёсатчи ўз дастурида, кутилганидек, бошланган ислоҳотларни давом эттиришга урғу берди. Бу ерда, дарвоқе, рақобатчилар орасида мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига жадал кириши, тиббий суғурта тизимини жорий этиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва бошқа оқилона ваъдалар бор. Мирзиёев плебисцитларнинг тажрибали иштирокчиси сифатида ўз фикрларини бешта мақсадда ифода этган:

👉 ҳар бир инсон ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун энг қулай шароитларни яратиш;

👉 одамларнинг ҳаётдан рози бўлиши учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш;

👉 сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

👉 қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматида давлат бошқарувини ташкил этиш лозим;

👉 Янги Ўзбекистон, хавфсиз ва тинч давлатдир.

Мирзиёев дастурининг афзаллиги шундаки, у кўплаб ташаббусларини аниқ рақамлар билан қўллаб-қувватлайди. Масалан, нафақат янги мактаблар қуриш, балки қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрни яратиш керак. Ёки аҳоли жон бошига ялпи ички қўшимча маҳсулотнинг ўсишига эришиш эмас, балки ҳозирги 2000 доллардан 4000 долларгача ўсишни таъминлаш лозим. Экспорт, қайта тикланадиган энергия қуввати ва бошқа масалалар – Оролбўйидаги ўрмонлар майдонигача ҳам худди шундай.

Амалдаги президент мамлакат бўйлаб сафарлари доирасида «аниқ зарбалар берди». Хуллас, у Қорақалпоғистонда фақат маҳаллий тадбиркорлар учун солиқ кескин камайтирилиши, Ўзбекистон таркибига кирувчи республика учун алоҳида ривожланиш жамғармаси ташкил этилиши, қўшимча равишда Қорақалпоғистонда кўп бўлган чекка қишлоқлар болалари учун мактаб автобуслари ишга туширилишини эълон қилди. Ёки яна бир мисол – Фарғона водийсида сайловчилар билан учрашувда Қўқон бозорида ёнғин содир бўлганидан бери Мирзиёев шахсан ўзи савдо расталари бир ой ичида тикланади, деб ваъда берди. Номзод Тошкент аҳолиси учун пойтахтга жуда зарур бўлган етти йиллик ободонлаштириш режасини тақдим этди.

Мирзиёев «барчага яхшилик» доирасида «мажбурий меҳнат» ва қул меҳнатининг узоқ муддатли рамзи – пахтадан бутунлай воз кечиш мумкинлигини маълум қилди. Президентнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида «оқ олтин» ролини туризм эгаллаши мумкин, айниқса бу хизматлар экспорти 2030-йилга бориб 5 миллиард долларгача ошса. Шунда маҳаллий аҳоли чет элликларга хизмат кўрсатишдан даромад олади, кўп меҳнат талаб қиладиган пахта теримини абадий унутиш мумкин.

Сайлов кампаниясида барча воситалар яхши, шунинг учун амалдаги президент кичик дастаклардан ҳам фойдаланса ажаб эмас. Гап шундаки, у одатда уч кун нишонланадиган ва бу йил чоршанба кунига тўғри келган Қурбон Ҳайити байрами муносабати билан аҳолига кичик таътил уюштирди. Биринчи марта расмийлар иш кунини бошқа кунга қўчириш билан шуғулланмадилар, июль ойининг охирги ҳафтаси икки иш куни ва беш кун дам олишдан иборат бўлди – бу эса ялло қилувчиларнинг айни орзуси. Мирзиёев эса бундай қадами билан маълум фоиз қўшимча овоз ҳам олса ажабмас.

«Осойишда» ва «суст»

Ўзбекистонда сайловолди ташвиқоти номзодларнинг дастурлари каби силлиқ ва хотиржам ўтмоқда. «Фарғона»нинг Тошкентдаги мухбири Андрей Кудряшов «реклама»нинг бир қанча турларини гапириб берди.

Биринчидан, рус ва ўзбек тилларида катта оқ матнли тўқ бинафша рангли варақалар плебисцит санасини эслатади. Бундай «ташвиқот» шаҳарда кенг тарқалган: уларни турар-жойларда, дўкон ва дорихоналарнинг деразаларида, супермаркет ва кафеларга кираверишда учратиш мумкин. Қоидага кўра, яқин жойда президентликка даъвогарларнинг қисқача таржимаи ҳоли ёзилган варақалар жойлаштирилади.

Иккинчидан, пойтахт марказида ўрнатилган рақамли реклама панелларида номзодларнинг видеолавҳаларини кўриш мумкин. Тўғри, агар апрель ойидаги референдум арафасида (Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича овоз бериш эди– «Фарғона» изоҳи) бу усул кенг кўламда қўлланилган бўлса, ҳозирда ҳаммаси бошқача – экранларга бир неча сония давом этадиган статик видеолар юкланмоқда. Улар тижорат рекламалар кўрсатувининг тахминан 10 фоизини эгаллайди ва ҳар ярим соатда бир марта кўзга ташланади. Кўпинча бундай акциялар элементлари Тошкент метрополитенидаги led-панелларда акс эттирилади.

Учинчидан, сайлов иштирокчилари тасвири туширилган йирик билбордлар ҳам ўрнатилган. Бундай баннерлар Тошкентни Фарғона водийси билан боғлайдиган Ўзбекистоннинг асосий А-380 магистрал йўли бўйлаб, шунингдек, пойтахтдан Самарқанд ва Бухорога олиб борувчи йўналишларда шаҳардан чиқиб кетаётган автойўловчиларни ўзига «ром» этади.

Мухбиримиз кузатувларини ЕХҲТ миссияси экспертлари томонидан тайёрланган сайлов кампанияси ҳақидаги дастлабки ҳисоботни тасдиқлайди. Халқаро ташкилот таҳлилчиларининг фикрига кўра, жараён low-key-осойишта кетмоқда, чунки амалдаги президентнинг курси ва сиёсатига ҳеч бир томон очиқ қаршилик қилолмайди. Ҳужжатнинг норасмий рус тилидаги версиясида эса ўзбек тилидаги материалдан фарқли ўлароқ, low-key сўзи «суст» дея таржима қилинган. Гўёки овоз бериш натижалари олдиндан маълум бўлгандай. Лекин бу, албатта, бундай эмас.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда ҳарбий марш бўлиб ўтди

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди