Авлиёнинг карвонлари

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Бир кунда униб-ўсиб етилган торвуз ҳамда кучукка айланиб қолган болалар
Башир мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"



“Фарғона” Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларига ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очеркларини чоп этишда давом этади. Бугунги мақоламизда Ҳазрат Баширнинг кароматлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Самарқанддан Шаҳрисабзга олиб борадиган йўлда, Тахта-Қорача тоғ довонидан жануб тарафда Ўзбекистоннинг энг кўп эъзозланадиган қадамжоларидан бири – Ҳазрат Саид Аҳмад Баширнинг мақбараси жойлашган. Бу жойларнинг шавқатсиз чиройи ўзининг сирли шуҳрати билан кучайиб кетган. Мана бир неча асрлар бўлибдики, Қашқадарё дарёси бошланадиган ерда туғилиб, шу жойда бутун умр яшаган ҳамда мўъжизавий кароматларни кўрсатган афсонавий зоҳид ҳақидаги ривоят минглаб зиёратчиларни ўзига жалб этиб келмоқда.

Авлиёнинг исми – Башир. Башир – араб тилида башорат қилувчи, яъни “хурсанд қилувчи, ҳушхабар келтирувчи” маъносини беради. Халқ анъанасида бу исм форс-тожик услубида бешир ёки “сутсиз” маъносида таъвил қилинади. Ривоятга кўра, кексайиб ёши анчага бориб қолган Баширнинг ота-онаси тасаввуф устози Шамсиддин Кулолнинг дуосини олганидан кейинингина фарзанд кўриш бахтига муяссар бўлишган экан.

Ривоятда айтилишича, Саид Аҳмад отаси 90 ёшида, онаси эса 80 ёшли бўлганида туғилган эканлар. У дунёга келган фурсатдан бошлаб ўзининг ноёб қобилиятларга эга эканлигини намойиш эта бошлади. Ривоятга кўра, у чақалоқлигидан она сутини эммай, булоқ сувини истеъмол қилар эди. Шунинг учун ҳам сутсиз маъносини берувчи Бешир номи билан аталган бўлиши мумкин. Бундан ташқари у жуда эрта гапира бошлайди ва устоз кўрмаса ҳам мустақил равишда Қуръон ўқишни ўрганади.

Беш ёшлигида бўлажак авлиё ота-онасининг уйини тарк этиб, тоққа чиқиб кетди ва у ерда қирқ йил қолиб кетди ҳамда зоҳидона ҳаёт кечириб, умрини ибодатларда ўтказди. Ёввойи ҳайвонлардан хавфсирамай, тоғдаги ғорларда қишлади. Баҳорда, ёзда ва кузда тирикчилик учун мева-чева ва шифобаҳш гиёҳларни териб юрди. Ейишга овқат қолмаганда, ўша булоқнинг суви билан қорнини тўйғазиб юрди. Мукаммал зоҳидона ҳаёт уни ҳар қандай кундалик ғам-ташвишлардан эркин қилиб қўйди, аммо шу билан бирга, элатдошларининг тақдирига бефарқ қолмади. Ўз-ўзини англашга қаратилган қирқ йиллик риёзатдан кейин Ҳазрат Башир одамларнинг олдига қайтишга қарор қилди. Ягона мақсад – элатдошларига иймон ва эътиқодда устозлик қилиш ҳамда уларга ҳаёт ташвишларида кўмак бериш эди.

Муқаддас даргоҳ атрофидаги ландшафт. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Ривоятда айтилишича, Сайид Аҳмад Баширнинг уч юз олтмиш беш нафар йилнинг ҳар бир кунига тўғри келадиган шогирди бўлган. Мазкур шогирдларнинг ҳар бири валийлик даражасига етган. Ҳазрат Баширнинг ўзи 1368 йилда туғилиб, 96 ёшида вафот этган. Вафот этишидан бир йил олдин ўзига мақбара барпо этиладиган жойни кўрсатган. Ривоятга мувофиқ бу қуйидагича содир бўлган. Авлиё тоғ чўққисида шогирдлари ўртасида туриб, ҳассасини пастга ташлаб юборган ва ҳасса қаерда топилса, ўзини ўша ерда дафн этишга буюрган. Асо водий ўртасидаги ерга санчилиб, кўкара бошлади ва катта дарахтга айланди. Баширнинг шогирдларидан бири устозининг дахмаси пойдевори остида чуқур ғор ковлаган ва устозига тақлид қилиб, шу ерда қирқ йил умрини ибодатда ўтказган. Ушбу ғордан яқин кунларгача ҳам баъзи зиёратчилар ёз ва қишнинг чилласида ёлғизликда ибодат ўтказиш учун фойдаланиб келганлар. Қизиғи шундаки, бу ер ости ғорида ҳаво ҳарорати қишин-ёзин 18°С даражада сақланиб туради. Яна битта ажойиб хусусияти шундаки, бу ердаги ҳаво ҳеч қачон димиқиб қолмай, доимо алмашиб туради.

Башир мақбараси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Икки урғочи айиқ ва қирқ икки нафар бола

Ҳазрат Башир мақбарасининг атрофидаги муҳит бугунги кунда ҳам одамларни тинчлик ва хотиржамлик тўғрисидаги фикрларга, ёлғизликка ва фикр-хаёлларга жалб этади. Тахта-Қорача довонининг жанубидаги Туркистон тизмаларининг ёнбағирлари сочилиб ётган турли рангдаги ажабтовур қоялардан иборат. Ушбу қоялар минг йиллар давомида сув, шамол ва об-ҳаво ҳароратининг кескин ўзгаришлари таъсири остида жуда ғалати ва ажабтовур шаклларга эга бўлган – улар фантастик тош ҳайкалларга ўхшаб қолган. Бу ерда, шунингдек, ўнлаб чуқур ғорларни ҳамда кўплаб покиза минерал сувли булоқларни учратишингиз мумкин. Дарахтлари ўрмондаги каби қалин ўсаётган соя-салқин дарадаги авлиёнинг дахмаси ёнида Қашқадарёнинг дарёбошларидан бири саналган Қора Булоқдан шифобахш сув оқиб ётади. Ёввойи ёнғоқ дарахтлари билан дўлана кўчатлари улкан чинорлар билан ёнма-ён ўсади. Ўзбекистонда чинорлар узоқ умр кўргани учун аҳоли томонидан жуда қаттиқ эъзозланади. Авваллари ёши бир неча асрларга етган чинорлар Марказий Осиёдаги кўплаб воҳаларнинг кўрки бўлиб келган. Ҳозир эса афсуски бу минтақада чинорлар оз қолди. Қашқадарё дарёсининг юқориси ёввойи ҳолда ўсаётган қадимги чинорларни учратиш мумкин бўлиб қолган жойлардан саналади. Улар тоғ жилғаларининг қирғоқларида турибди, баҳорги сув тошқинлари туфайли очилиб қолган илдизлари ер остидан бўртиб чиққан ҳолда ётибди.

Адирлик тепасида авлиёнинг мақбараси жойлашган тоғ қишлоғида одамлар кам, бу ерда сукунат ва ҳаловатли қишлоқ турмуши ҳукм сурмоқда. Бу қишлоқдаги пахса деворли уйларининг томларида майса ўсади, ўчоқларда тезак ёқилади, бепоён боғларда эса анор кўчатлари мева беради. Йилнинг иссиқ мавсумида Ҳазрат Башир мақбарасига кунига икки юзтагача зиёратчи ташриф буюради. Кўп ҳолларда зиёратчилар оилавий бўлиб келадилар ва булоқ атрофидаги шийпонларда жойлашадилар.

Тоғ қишлоғидаги маҳаллий аҳоли. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Маҳаллий аҳоли Саид Баширни нафақат ҳурмат қилади, балки жуда ҳам яхши кўрадилар. Зиёратчилар авлиё кўрсатган мўъжиза ва кароматлари тўғрисида берилиб ҳикоя қиладилар, уларнинг кўпи халқ ривоятлари ва эртакларида учраб турадиган мўъжизаларга ўхшайди. Шунақа ҳикояларнинг бирида айтилишича, Ҳазрат Башир таркидунёчиликка юз тутган йиллари ўз туясини ва итларини тоғ довони орқали мустақил равишда, ўз эгаси бўлмаса ҳам Ургутдаги бозорга доривор гиёҳларни олиб боришга ўргатиб қўйган экан. Ҳаридорлар индамай зоҳидга керакли мол ва буюмларини юклаб, “карвонни” ортга жўнатар эдилар. Бошқа ривоятда ҳикоя қилинишича, авлиё ўзининг ҳузурига келаётган зиёратчиларнинг торвуз ейишни орзу қилаётганини сезиб қолади ва қишнинг ўртасида торвуз уруғини олиб бир кунда униб-ундиради, ўстиради ва етиштиради ва келган меҳмонларга тарвуз сўйиб тортиқ қилади.

Шу билан бирга, Баширнинг афсонавий ҳатти-ҳаракатлари орасида кишини даҳшатга соладиганлари ҳам бор. Мисол учун, кунлардан бир кун у тоғ ёнбағирларида саёҳат қилиб юрганида унга қароқчилик билан шуғулланаётган ўспиринлар тўдаси дуч келади. Мусофирдан тортиб олишга арзигулик бирор нарса йўқлигини тушунган бўлишларига қарамай, ёш безорилар уни таъқиб қилишдан тўхтамайдилар, калака қилиб, сўкинадилар. Аччиғи чиқиб қолган Башир уларга қараб: “Йўқолларинг, итлар!” – деб бақиради ва ўша заҳоти безорилар тўдаси бир гала дайди итларга айланиб қолиб, қўрққанларидан авлиёнинг олдидан қочиб кетадилар.

Сўнгги ривоятда афтидан Библиядаги пайғамбар Ал-Ясъонинг (Елисей) бошидан кечирганларига ўхшашлик томонларни кузатиш мумкин бўлади. Иерихонда болалар унинг орқасидан калака қилиб, “ялтирбош” деб масхара қилишганида, Ал-Ясъо безориларни лаънатлайди. Унинг лаънатидан сўнг ўрмондан икки урғочи айиқ чиқиб, қирқ икки нафар ёш болани тилка-пора қилади (4-чи Салтанат китоби, 2:23-24). Кўриб турганимиздек, Ҳазрат Башир ва ёш қароқчи болалар тўғрисидаги маҳаллий ривоят унчалик шавқатсиз эмас. Ҳар ҳолда, бу ҳикояда ҳеч ким ҳалок бўлмайди. Ҳолбуки, бу ҳикоя ҳаммага ибрат бўладиган дарс беради: авлиёнинг оддий сўзи ёш бола каби беақл, бекорчи оддий одамларнинг сўкиниши, истеҳзоли кинояларидан анча оғир келади. Балки айнан шунинг учун ҳам Башир мўъжизалари устидан, гарчи улар ҳозирги замон одамларига қанчалик эртакнамо кўринмасин, ҳеч ким иҳтеҳзо ва киноя қилишни хаёлига ҳам келтирмайди.

Қайд этиш жоиз, ўрта асрлардаги суфийлик тариқатларининг пир-устозлари ғайритабиий кароматларга танқидий муносабатда бўлишган. Улар ўз издошлари ва шогирдларини нафақат оддий кўзбўямачиликдан, балки ҳатто мўъжиза ва кароматларга берилиб кетишдан қайтаришган. Гап шундаки, бу каби ишларга ҳаддан зиёд қизиқиш ортидан тариқат йўлига кирган одам манманлик ва мағрурликка берилиб кетиши ҳамда ўз олдига қўйилган асосий мақсад – Аллоҳга муҳаббат ва у билан бирикиб кетиш бўйича ҳаракатларидан чалғитиб қўйиши мумкин. Шунга қарамай, нафақат суфийлар, балки ортодоксал Ислом уламолари ҳам авлиёлар Аллоҳнинг изни билан каромат қила олиш салоҳиятини истисно этмайдилар.

Авлиёларнинг нафақат ҳаётлик чоғида, балки ўлимидан сўнг ҳам каромат кўрсата олиш салоҳиятига ишонч халқ орасидаги авлиёларга сиғиниш эътиқодининг асосларидан бирини ташкил этади. Авлиё бу ерда гўё Аллоҳга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, кундалик эҳтиёжларини қондиришга ботина олмаётган оддий мусулмонлар ўртасидаги воситачи сифатида намоён бўлади. Бундай ёндашув Марказий Осиё халқларининг психологиясига тўлиқ мос келади. Зиёратчилар ҳамма жойда ҳам маҳаллий авлиёнинг ҳимоячиси, кичкина одамларнинг содда ва жўн муаммоларини ҳатто ўлимидан кейин ҳам шубҳасиз ҳал қила олиш салоҳиятига эга бўлган одам эканига ишонадилар, зеро авлиё ҳаётлик чоғида буюк ва ғаройиб ишларни содир этган.

Андрей Кудряшов фотосурати / «Фарғона"

Андрей Кудряшов

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ