Чаёнларнинг қувилиши

Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, ўн тўртинчи очерк. Пешағор ғори ва мўъжизавий булоқ
Пешағор ғорига олиб борувчи пиллапоя. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Биз Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очерклар туркумини чоп этишда давом этамиз. Бизнинг бугунги материалимизда Бошпешағор ғори ҳақида ҳикоя қилинади.

Пешағор — Жиззах вилоятининг жанубида, Молгузар тоғ тизмасининг баланд қоялари орасида жойлашган Ўзбекистон ёввойи табиатининг манзарали бир бурчаги. Дарага кираверишда шифобахш сув чиқаётган булоқ ёнида шу ерларда XIV асрнинг ўрталарида яшаган Нақшбандия тариқатининг шайхи Мавлано Муҳаммад Пешағорийнинг мозори жойлашган.

Ривоятлар тоғ этакларидаги қурғоқчил даштларида булоқнинг пайдо бўлишини авлиёнинг каромати ва Тангри Таъало томонидан яратилган мўъжиза билан боғлайдилар. Айнан худди шу каромат туфайли Мавлоно Муҳаммад ўзига берилган кўплаб номлардан бирини олган: Сероб – форс тилида сувнинг мўллигини англатади. Афсоналар гранит қоялардаги чуқур ғорлардан бирини авлиёнинг номи билан боғлайди Археологлар унинг қаърида эрамиздан IV аср олдинги даврга оид қадимги маданият қолдиқлари – сопол парчалари, уй-рўзғор предметлари, суяклар, қояларга битилган расмлар ва ёзувлар борлигини аниқладилар.

Пешағор қадамжосининг кўриниши. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Бошпешағор ғори минтақадаги энг йирик ғорлардан бири саналади. Унинг марказий зали энига 10 метр ва узунлиги 250 метрдан ошади. Унга ерости йўлакларининг бутун бир бошли лабиринти туташиб кетган, хавфсизлик нуқтаи назаридан ХХ аср ўрталарида уларга чўян панжаралар ўрнатиб қўйилган. Маҳаллий аҳоли авваллари ер ости лабиринти орқали Жиззах ва Самарқанд йўлининг ўртасида, Молгузар ва Нурота тоғларини ажратиб турувчи машҳур қояли ўтиш жойи — Темурланг дарвозасигача етиб бориш мумкин бўлган, деб ишонадилар. Ривоятларга кўра, Мавлано Муҳаммад бу ерда ёлғиз ўзи қолишни ихтиёр қилганида, унинг қироатлари ва дуоларини ҳатто Маккадан туриб эшитиш мумкин бўлган экан. Ҳозирги кунда ҳам Сероб Пешағорийнинг мозори ва ғори жуда кўп мусулмон зиёратчиларини ўзига жалб этмоқда.

Бундан 15 йил муқаддам Пешағор дарасидаги ғорга кириш учун тошлоқ тик қиялик бўйлаб қийналиб кўтарилишга тўғри келарди. Аммо имом Раҳмонқул Жўраев раҳбарлиги остидаги мусулмонлар жамоаси ғорга олиб борувчи 133 поғонали бетон пиллапоя қурдилар. Энди Малгузор тоғидаги ғор қаърига ҳатто ёши улуғ аёллар ва гўдаклар ҳам ҳеч қийналмай кира оладиган бўлдилар. Имом Раҳмонқул Жўраевнинг айтиб беришича, пиллапоя қурилаётган пайтда қурувчилар кутилмаган тўсиққа дуч келдилар – қурилиш майдончасини қўққисдан чаёнлар босиб кетди. Ўшанда авлиёни васийла қилиб, Оллоҳдан газзандаларни даф этишни сўраб дуо-илтижолар қилинди ва шундан сўнг чаёнлар йўқ бўлиб кетди. Шу билан қурилиш ишлари муваффақиятли ниҳоясига етди.

Айни пайтда зиёратчилар Пешағор дарасига катта-катта гуруҳ бўлиб келяптилар ва бунинг учун ҳар қандай транспорт воситаларидан – от-уловдан тортиб, мотоцикл, такси ва ҳатто юк машиналаридан фойдаланмоқдалар. Замондошларимиз бўлган зиёратчиларнинг фикрига кўра, бундай саёҳатлар зиёрат ортидан савоб орттириш (авлиёнинг мозорга бориб дуо-фотиҳа қилиш) билан бирга дам олиш кунларини кўнгилҳушликда ўтказишга имкон беради.

Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона"

Андрей Кудряшов