Шошдан Тошкетга қадар

Ўзбекистоннинг муқаддас зиёратгоҳлари. Қонли Қуръон ва Аллоҳ олдида шафоат қилгувчи
Замонавий Ҳасти Имом майдонининг умумий кўриниши.. Андрей Кудряшов фотосурати, “Фарғона”

Биз “Фарғона” мухбири Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари ҳамда зиёрат удумларига бағишланган очеркларини чоп этишда давом этамиз. Бугунги мақоламизда ислом олими ва фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад Қаффол аш-Шоший ҳамда ҳалифа Усмон (р.а.) Қуръони ҳақида ҳикоя қилинади.

Хиёнаткор хитойлар

Тошкентнинг Эски Жўва майдони ва Чорсу ўртасидаги тарихий маркази бугунги кунда Эски шаҳар деб аталади. Айнан шу ерда бурунги замонларда даштнинг кўчманчи қабилалари чегарасида мусулмонлар тамаддунининг форпостига айланган манзилгоҳига асос солинган эди. Бу ердан энди Ислом қурол кучи билан эмас, балки даъват кучи ила тарқала бошланди. Буюк аллома ва фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад Қаффол аш-Шоший эса ушбу даъват биносининг устунларидан бирига айланди.

Ислом амири Қутайба ибн Муслимнинг қўшинлари Амударёдан шимол тарафга зафарли юришларини давом эта туриб, 715 йилда Мохэду исмли турк ҳокими бошқаруви остидаги зироатчилик воҳасига етиб келди. Араблар воҳанинг Салар дарёси соҳилида жойлашган пойтахти Шошни вайрон қилиб, ўт қўйдилар, бироқ ўлкани бутунлай бўйсундиришга ҳали анча вақт бор эди.

Шош ҳукмдорлари арабларга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилиб, айни пайтда ўзи истеълочилик юришларни амалга ошираётган қудратли Чин ҳақонлигига ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Бироқ хитойлар қабул қилиб бўлмайдиган шартларни қўйдилар, 749 йилда эса уларнинг лашкарбошиси Гао Сян-Чжи Шош ҳукмдорини алдов йўли билан қўлга олиб қатл этди. Чин лашкарбошисининг ушбу хиёнаткорлигидан кейин турк қабилаларининг оқсоқоллари мусулмонларга мойил бўлиб қолдилар. Араблар ва турклар бирлашиб, Талас водийсида хитой қўшинларини тор-мор этдилар. Ушбу мағлубият хитой армиясининг олға сари зафарли юришларига чек қўйди.

Ҳазрати Имом (Қаффол Шоший) мақбараси. XVI аср.. Андрей Кудряшов фотосурати, “Фарғона”

Вақти келиб араб ҳалифалиги Марказий Осиё узра ҳукмронлигини қўлдан чиқара бошлади, ушбу минтақада бирин-кетин қўзғолонлар кўтарила бошлади. Аввалига “ниқоб кийган пайғамбар” – малъун Муқанна бошчилигидаги “оқ кийимлилар” қўзғолони, кейинчалик эса Рофий ибн ал-Лайс қўзғолонини бостиришда Сомонийлар суллоласининг форсийзабон лашкарбошилари иштирок этдилар. Ҳалифа ал-Маъмун сомонийларни муносиб тақдирлади ва миннатдорчилик тариқасида ўлкани уларнинг бошқарувига топширди.

Араб ноибидан Шош вилоятини бошқарувига ёрлиқ олган сомонийлар амири Яҳё ибн Асад 819 йилда вилоятга янги пойтахт қурилиши учун жой танлайди. Бу қачонлардир Искандар Зулқарнайннинг дардларига шифо бўлган булоқлардан унча узоқ бўлмаган ясси тепаликда жойлашган эди. Жўвали (қўриқлаш минорали) қалъа ва жомеъ масжиди айнан шу ерда қурилди.

Тепалик бўсағасида, тўртта карвон йўллари кесишган чорраҳада бозор пайдо бўлди ва унинг атрофида савдогарлар, қассоблар ва ҳунармандларнинг маҳаллалари қад кўтара бошлади. Шу ерда қўҳна Шош тарихи тугаб, аввалига Мадина аш-Шош ёки Бинкет, бироқ икки юз йил ўтиб Тошкент дея атала бошланган янги шаҳар тарихи бошланади. Бугунги замонавий Тошкентда ўша даврдан деярли ҳеч нарса сақланиб қолмади, фақат эски номлар ҳамда қачонлардир тамаддуннинг ушбу ўчоғини руҳлантирган мусулмон алломалари ва дин раҳнамоларининг номлари билан боғлиқ муқаддас қадамжолар сақланиб қолди, холос. (Тошкентнинг ушбу даврига оид батафсил маълумотларни ҳамда Қаффол аш-Шоший мақбараси ҳамда ўрта асрларга оид ёдгорлик мажмуалари ҳақида М.И.Филановичнинг “Тошкентнинг қўҳна ва ўрта асрлар тарихи археологик манбаларда” (“Древняя и средневековая история Ташкента в археологических источниках” Ташкент: ИПТД «Узбекистан», 2010) китобида ўқишингиз мумкин ).

Буюк йўлбошчи

Ривоятларга кўра, Абу Бакр Муҳаммад Қаффол аш-Шоший Х аср бошларида Бинкетда ҳунармандлар оиласида таваллуд топган. Унинг ҳаётига оид тафсилотлар кўп эмас. Ривоятларга кўра, у болалигидан диний ва дунёвий илмларни олишга жидду-жаҳд билан киришган. Бироқ ота-онаси борасида қайғуриш мажбурияти туфайли узоқ вақтгача оилани тарк эта олмаган. Қирқ ёшга етганидан сўнг Боғдоддаги ҳалифа Маъмун даврида келиб чиқиши мавароуннаҳрлик олимлар: фалакиёт олими ал-Хоразмий ва математик ал-Фарғоний томонидан асос солинган Байтул-Ҳикмат академиясига ўқишга бора олган.

Замонавий Ҳасти Имом майдонининг умумий кўриниши.. Андрей Кудряшов фотосурати, “Фарғона”

Ҳар ҳолда Абу Бакр табиий фанлардан кўра исломий ҳуқуқнинг таркибий қисми бўлмиш исломий илоҳиёт фанига кўпроқ қизиқиб қолди. У аҳли суннати вал-жамоанинг тўртта йўналишларидан бири бўлган Имом Шофий мазҳабига амал қила бошлади. Тез орада у Қуръон ва Суннат йўналишида ижтиҳод қила бошлади. Қайд этиш жоиз, туркий халқлар орасида Имом Шофий эмас, балки Абу Ҳанифа мазҳабининг издошлари мутлақ кўпчиликни ташкил этади ва бу мазҳаб айни кунларда Ўзбекистонда кенг тарқалган. Шунга қарамай, Қаффол аш-Шошийнинг илоҳиётга оид асарлари турли мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистоннинг диний олий таълим муассасаларида ўрганилмоқда.

Вақт ўтиб Абу Бакр Боғдоддан Бинкетга қайтиб келади. Ўша даврдаги дин риёзиётчиларининг анъаналарига мувофиқ, у шаҳар четига, кўчалар дашт ва далаларга олиб чиқадиган ҳудудга бориб жойлашди. Бироқ сўфийлардан фарқли ўлароқ, аллома ўзини тарки дунёчиликка урмади. Ёшлигидаги каби у ибодат, риёзиёт ва илмий изланишларни уйғунликда олиб борди. Бинкат аҳолиси уни ўзига устоз ва маслаҳатчи деб била бошлади, негаки бу инсон ўз даврнинг энг етук ва нуфузли аллома фақиҳларидан бири эди. Замондошлари уни Қаффол деб атай бошладилар, негаки у қулфсозлик ҳунарини мукаммал равишда эгаллаганди. Бу ном нафақат эгаллаган ҳунари билан боғлиқлигини англатар, балки Тангри Таъало олдида шафоат қилиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкинлигига ишора қилувчи бир рамз бўлиб қолганди. Буларнинг ҳаммаси унинг ҳаётлик чоғида бўлган, авлодлари эса Абу Бакрга мўъминларнинг буюк йўлбошчиси – Ҳазрат Имом деган номни бердилар.

Замонавий Ҳасти Имом майдонининг умумий кўриниши.. Андрей Кудряшов фотосурати, “Фарғона”

Мусулмончилик анъаналарида Абу Бакр Қаффол аш-Шошийнинг асосий хизмати туркий элатларни ҳамда Шош атрофида ҳақонлик давридан бери истиқомат қилиб келаётган ва аста-секин шимолий даштлардан воҳага кириб келаётган кўчманчи қабилаларига Исломни таништириш ва динга жалб қилишдан иборат деб саналади. Даъватчилар ундан руҳий озуқа олиб чўлу-даштларнинг энг узоқ ҳудудларига етиб бориб, туркий қабилалар оқсоқолларини иймонга келтиришга эришдилар ва бу билан бутун минтақа тарихида зиммаларига қўйилган улкан вазифани адо этдилар.

Туркийларнинг қарлуқ, чиғил, ёғма ва бошқа кўчманчи қабилаларини бирлаштирган Қорахонийлар сулоласининг ҳукмдорлари Х аср ўрталарида ўз ихтиёрлари билан Исломга кирдилар ҳамда тез орада жануби-ғарбга қараб зафарли юришларини бошладилар.

Ҳорун Буғрахон Қорахоний 992 йилда Шош вилоятини истило қилди ва шундан кейин вилоятнинг пойтахти туркий тарзда Тошкент деб атала бошланди. Афтидан бу ном тош билан шош ўртасидаги ўхшашликдан келиб чиқиб аталганга ўхшайди, негаки шаҳарда нафақат тошдан, балки пишиқ ғиштдан ҳам қурилган бирорта бино ёки иншоот деярли бўлмаганди. Шунинг учун ҳам 976 йилда вафот этган Қаффол аш-Шошийнинг илк мақбараси сақланиб қолмаган. Шу билан бирга, вақт иккинчи мақбарани ҳам аямади. Бироқ кейинги асрлар давомида зилзила ва урушлар, босқинчилик ҳужумлари ва ғалаёнлар ҳамда ҳокиму-ҳукмдорларнинг тўхтовсиз алмашувига қарамай, алломанинг қабрига зиёратчиларнинг қадамлари тўхтамади. Зиёратчилар учун меҳмонхона сифатида жиҳозланган хонақосифат мақбара XVI асрда, Шайбонийхонлар сулоласи даврида барпо этилган бўлиб, шу кунларгача аввалги кўринишда сақланиб қолган.

Қилич кўтарган қотиллар

2007-2010 йилларда Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан Абу Бакр Муҳаммад Қаффол аш-Шоший мақбараси тубдан реставрация қилинди. Шу вақтнинг ўзида тарихий-маданий марказга айлантирилган Ҳазрат (Ҳасти) Имом меъморий мажмуаси майдонида тўлиқ ҳолатда кенг кўламли реконструкция ишлари бошлаб юборилди. Бундан ташқари, шу ернинг ўзида, майдонда жойлашган ҳамда Шайбонийлар томонидан XVI асрда қурилган Бароқхон ва Мўйи муборак мадрасалари реставрация қилинди.

Бароқхон мадрасаси (1531-1532).. Андрей Кудряшов фотосурати, “Фарғона”

Ривоятларга кўра, Мўйи муборак мадрасасида мусулмонлар учун муқаддас бўлган пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошларидаги соч толалари ҳамда ҳалифа Усмон Қуръони сақланади. Ислом таълимотига кўра, Қуръон Рамазон ойининг 27 куни осмоннинг энг қуйи қабатига нозил қилинган ҳамда фаришта Жабройил алайҳисалом орқали 23 йил давомида пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали етказиб берилган. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида Қуръоннинг китоб кўриниши бўлмаган, бунга мусулмонлар муҳтож ҳам эмасдилар, негаки диний таълимот ва Қуръон ҳукмларини бевосита пайғамбарнинг ўзларидан олса бўларди. Лекин хулафои рошидин давридаёқ мусулмонлар жамоаси ўртасида ихтилофлар бошланди. Бундан ташқари пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим олган ва унинг мавъизаларини хотирасида сақлаб юрган саҳобаларнинг сони жиҳодлар туфайли кескин равишда камайиб кетиши билан аҳвол ўзгара бошлади.

650 йилда хулафои рошидинларнинг учинчилари Усмон ибн Аффон розиаллоҳу анҳу пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котиблари бўлмиш Зайд ибн Собитга Қуръон оятлари ёзилган барча лавҳаларни тўплаб, ягона китоб шаклига келтириш бўйича топшириқ бердилар. Унинг яна тўрт нафар ёрдамчилари ҳам бир вақтнинг ўзида худди шунақа иш билан шуғулланиб, Қуръон матнининг тўртта версиясини туздилар. Шундан сўнг матнлар синчковлик билан текширувдан ўтказилиб, солиштирилди ҳамда уларни умумлаштириб битта китоб ҳолатига келтирилиб, қонунлаштирилди. Ундан бир неча нусхалар кўчирилди, қолган вариантлар ва қоралама нусхалар ёқиб юборилди.

Зиёратчилар учун қўйилган эҳсон қутиси. . Андрей Кудряшов фотосурати, “Фарғона”

Кейинчалик маълум бўлишича, Қуръоннинг каноник матнини тузиш ишлари жуда ўз вақтида амалга оширилган экан. 656 йилда зиёратчилар ниқоби остида Мадинага келиб тўпланган исёнчилар Усмоннинг қароргоҳига бостириб кириб, ҳалифани қилич билан чопдилар. Ривоятларга кўра, Усмон розиаллоҳу анҳу ўлими олдидан Қуръонни ўқиб ўтирган, унинг қонлари мусҳафнинг саҳифаларига тўкилган. Ўша пайтдан бошлаб Усмон Қуръони муқаддас ёдгорликка айланиб, кейинги ҳалифалар қароргоҳларида – аввал Мадинада ва кейинчалик Дамашқ ва Боғдодда сақлана бошлаган. Кейинчалик ҳалифалик ичида пайдо бўлган турли диний оқимлар ва секта вакилларининг котиблари муқаддас китобнинг баъзи жойларини нотўғри ёзиб қўйганлар ёки ҳалифанинг ғаразли ниятлари билан ўзгартириб қўйилган (мисол учун, шиалар) деган даъволар билан инкор этишлари мумкин эди, бироқ, Усмон Қуръони борасида ҳеч ким ўз шубҳа-гумонларини кўтариб чиқишга ботина олмасди.

Жаҳонгашта китоб

Мўғул илхони Хулагу 1258 йилда Боғдодни забт этиб, ҳалифа ал-Мўътасимни барча яқинлари ва қариндошлари билан қатл этди. Бирмунча вақт давомида Усмон Қуръонининг тақдири номаълум бўлиб қолди. Аммо XV асрда қотиб қолган қон изли Қуръон Самарқандда пайдо бўлиб қолди. Ривоятларга кўра, соҳибқирон Темурнинг ўзи турк султони Боязидга қарши зафарона юришидан сўнг Қуръонни Самарқандга олиб келган. Қайтишда у Ироқнинг Басра шаҳрида тўхтаб ўтганди. Аввалига Қуръон амир Темурнинг набираси султон Мирзо Улуғбекнинг саройида сақланган, кейин эса келиб чиқиши тошкентлик бўлган тавассуф шайхи Хўжа Аҳрор Шошийнинг масжидида пайдо бўлиб қолган.

1868 йилда Самарқанд Россия империяси қўшинлари томонидан забт этилган бўлиб, Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига киритилган. Зарафшон округининг бошлиғи генерал-майор Абрамов нодир қўлёзма ҳақида билиб қолиб, уни масжиддан тортиб олди ва эвазига товон пули сифатида мутаваллига 100 олтин рубл берди. Шундан сўнг Усмон Қуръони Тошкентга, генерал-губернатор Константин фон Кауфманга жўнатилган. У ҳам ўз навбатида бир йил ўтиб китобни Санкт-Петербургдаги Императорлик халқ кутубхонасига совға қилади. Ўшанда россиялик олимлар муқаддас китобнинг асл нусха эканлиги борасида шубҳа билдиргандилар, бироқ тез орада улар китоб чиндан ҳам ҳозирги Ироқ ҳудудида, VII ёки VIII асрларда яратилган бўлиши мумкин, деган хулосага келдилар.

1917 йил декабрда Петроград миллий округининг мусулмонлар қурултойи Миллий ишлар бўйича Халқ комиссарлигига мурожаат қилиб, муқаддас китобни мусулмонларга қайтариб беришни сўради. Беш кун ўтиб Маориф ишлари бўйича халқ комиссари А.В. Луначарскийнинг “Зудлик билан бериб юборилсин!” деган резолюцияси олинди. Шундан сўнг Усмон Қуръони Уфа шаҳрида жойлашган Бутунроссия мусулмонлар кенгашига топширилди. Кейинчалик, 1924 йилда китоб Тошкентга кўчиб ўтди, ундан кейин эса Самарқанддаги Хўжа Аҳрор масжидига ўтказилди. 1941 йилда муқаддас китоб Тошкентдаги Тарих музейига топширилди. Ўзбекистон давлати мустақилликка эришганидан кейин 90-чи йиллар бошида президент Ислом Каримов Қуръонни тантанали равишда Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг раҳбари – муфтийга топширди.

Муфтийнинг қароргоҳи айни пайтда Ҳасти Имом майдонидаги реставрация қилинган бинода жойлашган. Шўролар даврида бу ерда Ўрта Осиё мусулмонларининг диний идораси жойлашган эди. 2007 йилда реконструция пайтида майдонга кираверишда икки минорали “Ҳазрат Имом” янги жомеъ масжиди қурилди ҳамда бутун майдон орқали оқиб ўтаётган Калкоуз канали пишиқ ғишт билан зийнатланди.

Реконструкция билан шуғулланган меъморларнинг таъкидлашича, янги масжид диний мажмуанинг инобатли тарихий қиёфасини бузиб қўймаслиги учун “XVI аср меъморчилиги қонуниятларига мувофиқ” лойиҳаланган ва қурилган. Лекин ҳар қандай кўчада юрган оми одам ҳам Тошкентда беш аср муқаддам бунақанги баланд минораларнинг мавжуд бўлиши мумкин эмаслигини тушунади. Гап шундаки, Ўзбекистон пойтахти юқори сейсмик фаол ҳудудда жойлашган. Деярли ҳар юз йилликда бу ерда магнитудаси Рихтер шкаласи бўйича 8,5 баллга тенг зилзилалар содир бўлиб туради. Бунақанги кучли ер силкинишлари мустаҳкамлиги етарли бўлмаган бино ва иншоотларга жиддий шикаст етказиши ва ҳатто бутунлай вайрон қилиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам ўтган асрларда меъморлар бу ҳудудда 10 метрдан баланд бўлган иморатларни барпо этишмаган. Янги “Ҳасти Имом” масжидининг 25 метрдан баланд бўлган минораларини сейсмик фаол зонада фақат янги, замонавий материаллар ва технологияларга таяниб қуриш мумкин бўлиб қолди.

Қайд этиш жоиз, кўпчилик диндорлар Ҳасти Имом майдонига асосан Рамазон ва Қурбонлик ҳайитлари куни келадилар. Йилнинг қолган пайтида майдондан асосан сайлгоҳ ҳамда чет эллик туристлар учун экскурсиявий ҳудуд сифатида фойдаланилади. Гарчи Абу Бакр Муҳаммад Қаффол аш-Шошийнинг нуфузи ҳамон юқори қолаётгани, унинг мақбараси ёнида афсонавий муқаддас буюмлар сақланаётганига қарамай, айни пайтда бу ерда зиёратчилар деярли кўринмай қолди, ҳолбуки 2007 йилги реконструкцияга қадар улар бу ерга бот-бот келиб туришарди.

Ортодоксал эътиқод билан давлат идеологиясининг бирикиб кетиши ортидан қадамжоларнинг муқаддаслик даражаси тушиб кетади, дея таъкидлаш ниятидан йироқмиз, лекин халқ орасидаги муқаддас қадамжоларга зиёрат удуми кўпроқ қишлоқ ерларида тарқалган бўлиб, иқтидордаги дунёвий ҳокимият органларига яқин жойлар ва урбанистик муҳит билан унчалик уйғунлашмаслиги борасида тахмин қилишимиз мумкин, холос.