Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Султон Қобус номидаги Маданият ва фан олий маркази ҳамда Уммоннинг «Байт аз-Зубайр» музейи билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. Ҳужжатлар қўшма тадқиқотлар ўтказиш, кўргазмалар ташкил этиш ва мутахассислар алмашинувини кўзда тутади. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.
Келишувлар 4 ноябрь куни Масқатда Ўзбекистон ва Уммоннинг тарихий ҳамда маданий алоқаларига бағишланган халқаро симпозиумда имзоланди. Тадбирда 250 га яқин киши, жумладан, давлат идоралари, дипломатик корпус вакиллари, икки мамлакат олимлари ва маданият арбоблари иштирок этди.
Ўзбекистон делегациясига Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилик қилди.
Симпозиум доирасида кўргазма ташкил этилиб, унда замонавий Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмини қамраб олган Марказий Осиёнинг тарихий ҳудуди — Мовароуннаҳрнинг илмий ва маданий меросига бағишланган 150 дан ортиқ китоб нашрлари, миниатюралар, ҳайкаллар ва бошқа экспонатлар намойиш этилди.
Илмий сессия иштирокчилари қўлёзмаларни асраб-авайлаш ва ўрганиш, уларни рақамлаштириш ҳамда илмий истеъмолга киритиш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов икки мамлакатнинг қўлёзма мероси билан биргаликда ишлаш истиқболларини тақдим этди. Шунингдек, университетлар ва ислом таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Тадбир давомида Уммон вақфлар ва диний ишлар вазири Муҳаммад бин Саид бин Халфан ал-Маъмарийга Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нашри топширилди. Уммон илмий ва маданий муассасалари вакилларига Ислом цивилизацияси маркази томонидан чоп этилган китоблар туҳфа қилинди. Нашрларнинг бир қисми Уммон кутубхоналари ҳамда Миллий ҳужжатлар ва архивлар марказига тақдим этилди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон пойтахтида Ҳазрати Имом мажмуаси яқинида барпо этилган. Бино ўрта асрлар меъморий обидалари услубида қад кўтарган бўлиб, баландлиги 34 метрлик тўртта пештоқ ва 65 метрлик марказий гумбазга эга. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ҳамда экспозициялари Ўзбекистоннинг бутун тарихини — исломгача бўлган даврлардан то бугунги кунгача қамраб олган музей жойлашган. ИЦМ Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, шунингдек, бутун дунёдаги илмий-маърифий марказлар билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш ва уни замон руҳида англаш майдонига айланиши кўзда тутилган.



