Қирғизистонда барча вилоят ва туманлар тугатилиб, уларнинг ўрнига аймоқлар — округлар ташкил этилади. Бу ҳақда Давлат хизмати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ишлари бўйича давлат агентлиги директори Элчибек Жантаев маълум қилди, деб хабар беради Kaktus.media.
Ҳозирда Қирғизистон етти вилоятга бўлинган бўлиб, улар таркибида 40 та туман ва 34 та шаҳар мавжуд.
«Аймоқлар ташкил этилади — улар тумандан каттароқ, аммо вилоятдан кичикроқ бўлади. Қирғизистонда 40 та туман ўрнига 20 дан ортиқ аймоқ бўлади. Ҳар бир вилоятнинг ўз салоҳияти бор. Масалан, Иссиқкўл вилоятини жанубий ва шимолий қисмларга ажратиш мумкин. Жалолобод ва Ўш вилоятларида эса кичик туманлар ҳамда ривожланиш салоҳиятига эга туманлар бор. Шу тамойил асосида улар бирлаштирилади ва кейин аймоқларга бўлинади», — деди Жантаев.
Аймоқларга бўлиниш Қирғизистонда маъмурий-ҳудудий ислоҳотнинг иккинчи босқичига ўтилишини англатади. Биринчи босқич 2023 йилда бошланган эди. Унинг доирасида айрим туманларнинг чегаралари ўзгартирилди, бир қатор аҳоли пунктлари эса шаҳарлар таркибига киритилди.
2026 йил апрель ойида мамлакат президенти Садир Жапаров ислоҳотни эълон қилар экан, дастлаб тажриба тариқасида синов аймоғини ташкил этиш, янги тизимни бутун мамлакат бўйлаб жорий этишдан олдин уни амалда синаб кўриш ва такомиллаштириш режалари ҳақида маълум қилган эди.
«Бир, икки ёки уч йил давомида унинг қандай ишлашини кузатамиз: у мустақил бошқарила оладими, республика бюджетидан олинадиган дотациялардан чиқиб кета оладими ёки йўқми. Агар барчаси муваффақиятли ўтса, вилоят ва туманларни тугатиб, округлар тизимига ўтамиз», — деганди президент.



