Ўзбекистон Мудофаа вазири этиб Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг собиқ раҳбари тайинланди

Ботир Қудратхўжаев. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистоннинг янги Мудофаа вазири этиб генерал-майор Ботир Қудратхўжаев тайинланди. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев фармон имзолади, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мудофаа вазири лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Ҳолмуҳамедов бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод этилди. У 2024 йил ноябрь ойидан буён Мудофаа вазири лавозимини эгаллаб келаётган эди.

Ботир Қудратхўжаев 1975 йил 12 ноябрда туғилган. Тошкент давлат юридик институтини тамомлагач, прокуратура органларида ишлай бошлаган. Турли йилларда Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳри прокурори бўлиб ишлаган. 2017–2020 йилларда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига раҳбарлик қилган.

2022 йил ноябридан 2025 йил февралигача Бош прокурор ўринбосари — Ўзбекистон ҳарбий прокурори лавозимида фаолият юритган. Кейинчалик Фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланган ва бу лавозимда қарийб бир йил ишлаган. 2026 йил январь ойида Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ