Ўзбекистонда «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» мавзусидаги халқаро медиафорум ўз ишини якунлади. Форум якунлари бўйича хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорлик тўғрисида қарийб 20 та келишув ва меморандум имзоланди, деб хабар беради Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) матбуот хизмати.
Форум Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтди ва унда қарийб 50 мамлакатдан оммавий ахборот воситалари, илм-фан ва креатив индустриялар соҳасидаги 300 га яқин вакил иштирок этди. CNN ва Euronews форумнинг бош медиа ҳамкорлари бўлди. Тадбирларда, шунингдек, BBC Studios, TRT World, Oman TV, Report.az, The London Post ва бошқа хорижий ОАВ вакиллари қатнашди.
Форумнинг асосий натижаларидан бири халқаро ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини белгилаб олиш бўлди. Иштирокчилар томонидан қабул қилинган Декларацияда халқаро медиаальянс тузиш, «Цивилизациялар овози» халқаро медиа танловини таъсис этиш, журналистлар учун таълим дастурлари ва касбий алмашинувларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон тарихи ва маданий меросига бағишланган контентни ҳамкорликда ишлаб чиқариш таклиф этилди.
Ислом цивилизацияси маркази негизида «Ислом цивилизацияси овози» халқаро медиа клубини ташкил этиш таклиф қилинди.
Euronews бош директори ва таҳририят директори Клаус Штрунц халқаро медиафорумни Тошкентда ҳар йили ўтказишни таклиф қилди. CNN вакиллари эса Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти ва илмий меросига бағишланган материалларни халқаро аудиторияга тарғиб этиш истиқболлари борлигини маълум қилди.
ИЦМ маълумотларига кўра, хорижий медиа ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистон тарихи ва маданияти, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган 100 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган. Кейинги босқичда яна қарийб 50 та халқаро медиа лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Форумнинг алоҳида йўналишларидан бири ёш журналистларни тайёрлаш бўлди. ИЦМ ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети мамлакатнинг маданий меросини ўрганиш ва оммалаштириш бўйича қўшма дастурни йўлга қўймоқда. Энг муваффақиятли талабалар учун стипендиялар ва касбий амалиёт ўташ имконияти назарда тутилган.
Форум доирасида Тошкент ва Самарқанддаги олий таълим муассасаларида CNN, BBC Studios, TRT World, Report.az ва бошқа халқаро медиа тузилмалари ва ташкилотлари вакиллари иштирокида маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар ва тақдимотлар ўтказилди.
Самарқандда хорижий журналистлар, ОАВ раҳбарлари ва продюсерлар Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Халқаро ҳадисшунослик илмий-тадқиқот маркази, Имом ал-Бухорий номидаги инновацион музей ҳамда шаҳарнинг тарихий ёдгорликларини зиёрат қилди. Ташриф давомида журналистлар интервьюлар олди, репортажлар суратга олди ва телеканаллар, ахборот агентликлари, ҳужжатли фильмлар ҳамда рақамли платформалар учун материаллар тайёрлади.
Форум иштирокчилари Ўзбекистон президентига мурожаат ҳам йўллади. Унда медиа ва эксперт ҳамжамияти вакиллари Мирзиёев томонидан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурилган «Жаҳолатга қарши маърифат» тамойилининг долзарблигини таъкидлаб, диний тоқатсизлик, исломофобия ва турли стереотипларнинг тарқалишига қарши курашда ОАВнинг муҳим ролини қайд этди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



