Мирзиёев еттита миллий дастур ва ЯИМни 300 миллиард долларга етказиш мақсадини эълон қилди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда яқин йилларда амалга ошириладиган еттита миллий дастурни ишга туширилишини эълон қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Президент ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ «Инсон қадри учун» ғояси устувор йўналиш сифатида белгиланганини таъкидлади. У «пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам берилди.

Қайд этилишича, ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон «Иқтисодий эркинлик индекси»да 80 поғона юқорилаган, хорижий инвестицияларнинг йиллик оқими эса 2–3 миллиард доллардан 40–50 миллиард долларгача ошган.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, мамлакат жорий йилнинг ўзида 2030 йилга қадар амалга оширилиши белгиланган вазифани — ЯИМ ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсадини бажарди. 2030 йилга қадар бу кўрсаткични 300 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда.

« Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик », — деди президент. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 2026 йилда 4 фоизга туширилди.

«Келгуси ўн йиллик биз учун миллий тараққиёт даври бўлади. Биз бу даврни халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги туфайли ўзимиз яратамиз. Шу мақсадда яқин йилларда мамлакатимизда инсон қадр-қимматини янада юксалтиришга хизмат қиладиган еттита миллий дастурни амалга оширамиз», — деди президент.

Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади. Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқилади. Мамлакатдаги барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан қамраб олинади, техникумларда халқаро таълим стандартлари жорий этилади, юқори даромадли касбларга бир миллион кишини ўқитиш режалаштирилмоқда. Ўзбекистоннинг камида 10 та университети дунёнинг ТОП мингталигига киритилади.

Иккинчи дастур соғлиқни сақлаш соҳасига бағишланган. Яқин беш йил ичида ушбу соҳага давлат харажатлари ЯИМнинг 5 фоизига етказилади, давлат тиббий суғуртаси эса барча хонадонларни қамраб олади.

Учинчи дастур иқтисодиётни юқори технологиялар моделига ўтказишни назарда тутади. Келгуси ўн йилда мамлакатга 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш ва аҳоли жон бошига ЯИМни 10 минг долларга етказиш режалаштирилмоқда.

Тўртинчи дастур экологияга қаратилган. Экин майдонларида сув тежовчи технологиялар билан қамровни 100 фоизга етказиш, туман ва шаҳар марказларининг кўкаламзорлаштириш даражасини эса 30 фоизга чиқариш мақсад қилинган.

Бешинчи дастур суд тизими ва қонун устуворлигига бағишланган бўлиб, кибержиноятчилик, яширин иқтисодиёт ҳамда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини камситишга қарши кураш чораларини кучайтиришни қамраб олади. Ҳуқуқий тарбия мактабдан бошланади.

Олтинчи дастур маҳаллаларни ривожлантиришга бағишланган. Туман бюджетлари ва инфратузилма лойиҳалари маҳаллаларнинг буюртмалари асосида шакллантирилади.

Еттинчи дастур Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик мамлакати сифатидаги халқаро нуфузини оширишга қаратилган. Мамлакатда 130 дан ортиқ миллат ва 16 та диний конфессия вакиллари истиқомат қилади.

Президент Ўзбекистон Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларини кенгайтиргани, МДҲ давлатлари, Европа Иттифоқи, АҚШ ва араб-мусулмон дунёси мамлакатлари билан алоқаларини мустаҳкамлаганини таъкидлади. Республика билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди. 2027–2029 йилларда Ўзбекистон 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирувчи Қўшилмаслик ҳаракатига биринчи марта раислик қилади.