Россия Афғонистонга савдони ривожлантириш учун Хайратон портида махсус иқтисодий зона ташкил этишни таклиф қилди

atlaspress.news сайти фотосурати

Россия Афғонистонга қўшма савдо-сотиқни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш мақсадида чегарадаги Хайратон портида махсус иқтисодий зона (МИЗ) ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Afghan Islamic Press (AIP) хабар берди.

Ташаббусни Россиянинг Кобулдаги элчиси Дмитрий Жирнов 27 август куни Афғонистон Давлат корхоналари бош дирекцияси раҳбари Аҳмад Жан Билол билан учрашувда илгари сурди. Россиялик дипломат музокараларни ташкил этгани учун Афғонистон томонига миннатдорлик билдириб, Хайратонда МИЗ ташкил этиш бўйича аниқ таклифни тақдим этди.

Элчининг таъкидлашича, зона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш, шунингдек, бошқа иқтисодий фаолият турларини амалга ошириш учун зарур инфратузилмани тақдим этиши мумкин.

Билол Афғонистон Россия билан турли иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни ижобий баҳолашини ва қўшма лойиҳаларни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди. У ўз идораси халқаро бозорларга янги ва қуритилган мевалар экспортини ошириш мақсадида тегишли давлат корхоналарининг фаолиятини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш устида фаол иш олиб бораётганини таъкидлади.

Афғонистон томони ҳам қатор ташаббусларни илгари сурди. Билол Афғонистонда «КамАЗ» автомобилларини таъмирлаш устахонасини ташкил этишда кўмак сўради, шунингдек, Россиядан нефть маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирди.

Жирнов Билолни мазкур масалалар бўйича Россия томони ҳар томонлама кўмак кўрсатишига ишонтирди. Учрашув иштирокчилари зонани ташкил этишнинг ҳуқуқий ва техник жиҳатларини ишлаб чиқиш учун экспертлар даражасидаги маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олди. Лойиҳани амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва инвестициялар ҳажми ҳақида маълум қилинмади. Кейинги жараён порт инфратузилмасидан фойдаланиш шартларини келишишга боғлиқ бўлади. Ҳозирда порт инфратузилмаси Афғонистон божхона хизмати ва хусусий логистика операторлари назоратида.

Россиянинг ушбу таклифи Афғонистон ҳукуматининг Хайратонга минтақавий инвестицияларни жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатлари фонида янгради. Аввалроқ, 2026 йил май ойи бошида Қорақалпоғистондан (Ўзбекистон таркибидаги суверен республика) келган делегация билан учрашувда Афғонистон Саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нурулдин Азизий Хайратон порти яқинидаги Торрахи ҳудудида МИЗ ташкил этиш учун 1000 жериб (қарийб 200 гектар) ер ажратилганини маълум қилган эди. Азизийнинг сўзларига кўра, Афғонистондаги инвестиция муҳити ўзбекистонлик тадбиркорлар учун «қулай» ҳисобланади. Қорақалпоғистон вакиллари билан учрашувда икки томонлама савдони кенгайтириш, Афғонистон пахтаси, кўмир ва меваларини экспорт қилиш, шунингдек, озиқ-овқат ва фармацевтика саноатидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Валюта танқислиги ва банк орқали пул ўтказмаларига қўйилган чекловларга дуч келаётган Афғонистон МИЗни инвестицияларни жалб қилиш ва янги иш ўринлари яратиш воситаси сифатида кўрмоқда. Россия эса бундай лойиҳалар орқали минтақадаги иқтисодий мавқеини мустаҳкамлаш ва Афғонистоннинг транзит салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Жанубий Осиё бозорларига чиқишни мақсад қилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ