Тошкентда «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бағишланган почта маркалари серияси тақдим этилди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Серия кичик варақ шаклида чиқарилган 23 та почта маркасидан иборат. Улар билан бирга совғали ва сувенирли альбомлар, почта конверти ҳамда эсдалик штемпели тайёрланган.
Маркаларда Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад ал-Фарғоний, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа алломалар тасвирланган.
Бундан ташқари, маркаларда VII–XVI асрларга оид артефактлар ҳамда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларининг маданий мероси намуналари акс эттирилган. Кичик варақларда Ислом цивилизацияси марказининг логотипи жойлаштирилган.
Тақдимот доирасида маркаларни эсдалик штемпели билан сўндириш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов, Euronews бош директори ва бош муҳаррири Клаус Штрунц, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, CNN International минтақавий директори Имрон Аҳмад ва форумнинг бошқа иштирокчилари қатнашди.
Маълум қилинишича, маркалар Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлигининг буйруғи асосида 19 март куни муомалага киритилган.
«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорум 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилмоқда. Унинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳисобланади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



