Ўзбекистонда венчур фонди ва рақамли валюта бўйича «оқ китоб»га эга финтех-хаб ташкил этилади

Silk Road Fin&Tech Forum. Ўзбекистон Марказий банки матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Марказий банки 2026–2030 йилларга мўлжалланган финтехни ривожлантириш миллий стратегиясини ишга туширди. Бу ҳақда 24 август куни Silk Road Finance & Technology Forum форумида Марказий банк раиси Тимур Ишметов маълум қилди. Бу ҳақда Spot.uz хабар берди.

Стратегия инновацион финтех-хаб ва ихтисослаштирилган венчур фондини ташкил этишни назарда тутади. Шунингдек, регулятор Марказий банк рақамли валютаси (CBDC) бўйича «оқ китоб» (white paper) эълон қилади ва уни тажриба тариқасида синовдан ўтказади.

Ишметовнинг таъкидлашича, финтех сектори жаҳон молия тизимининг муҳим қисмига айланган. Ўтган йили соҳага қарийб 500 миллиард доллар йўналтирилган ва у 22 фоизга ўсган. Бу анъанавий молиявий компанияларнинг ўсиш суръатларидан тўрт баравар юқори. Шу билан бирга, энг йирик финтех компанияларининг 75 фоизи аллақачон фойда келтирмоқда.

Марказий Осиё ҳозирча жаҳон финтех инвестицияларида кичик улушга эга — 2023 йилда минтақада венчур молиялаштириш ҳажми қарийб 320 миллион долларни ташкил этган. Бироқ Ишметов минтақанинг ёш аҳоли ва рақамлаштириш жараёнларининг жадал ўсиши туфайли катта салоҳиятга эга эканини таъкидлади.

Марказий банк раиси маълум қилишича, Ўзбекистонда тўловларнинг 57 фоизи аллақачон нақд пулсиз амалга оширилмоқда ва бу кўрсаткич ўсишда давом этмоқда. Иқтисодиётнинг ярмидан кўпроғини кичик ва ўрта бизнес ташкил этади, шунинг учун тадбиркорларнинг молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

2030 йилга қадар финтех соҳасига 1 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Ишметовнинг сўзларига кўра, ушбу мақсадга эришиш учун Марказий банк финтех соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи миллий стратегияни ишлаб чиқди ва унинг асосидаги норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамламоқда.

“У соҳани инновацияларга, мутаносиб тартибга солишга, замонавий молиявий инфратузилмага, иқтидорлар ва капиталга йўл очишга йўналтирилган ягона миллий тизим доирасида бирлаштиради ҳамда Ўзбекистонни Марказий Осиёда финтехнинг ўсиши учун дарвоза сифатида намоён этади”, — деди Ишметов.

Марказий банк раиси ривожланишнинг бешта асосий йўналишини белгилаб берди:

▪️ биринчиси — Bozor, яъни тадбиркорлар ва инновациялар учун шундай шароитлар яратишки, бунда дастурчилар ўз ечимларини бозорга тезроқ олиб чиқиб, илк мижозларини топа олсин.

▪️ иккинчиси — Silk Road corridor. Бу минтақавий молиявий боғлиқликни ривожлантириш демакдир: Марказий банк Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги тўлов алоқаларини кучайтириш ва чегаралар оша молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ниятида. Ишметовнинг сўзларига кўра, рақамли молия географик масофанинг аҳамиятини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.

▪️ учинчиси — Saroy, яъни замонавий молиявий инфратузилмани ривожлантириш. Ўзбекистонда аллақачон UzQR миллий QR-тизими фаолият юритмоқда, очиқ банкинг ва тўлов стандартлари учун API яратилмоқда.

▪️ тўртинчиси — Observatory — рақамли активлар ва пулнинг янги шаклларини ўрганиш. Марказий банк ҳозирча ушбу йўналишда тадқиқот босқичида турибди;

▪️ бешинчиси — Madrassa — кадрлар тайёрлаш. Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши қарийб 29 ёшни ташкил этади, шунинг учун инсон капиталига инвестиция киритиш зарур.

2030 йилга қадар Марказий банк финтех соҳасида 5000 нафар мутахассис тайёрлашни режалаштирмоқда. Биринчи гуруҳ 2026 йил охирига қадар Сингапур университетлари ва Global Finance & Technology Network (GFTN) билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дастур бўйича ўқишни бошлайди. Дастур академик тайёргарликни молиявий технологиялар соҳасидаги амалий кўникмалар билан уйғунлаштиради.

Инновацион хаб 2026 йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаб биринчи резидентларни қабул қилади. Хаб лойиҳаларни инкубация босқичидан бозорга чиқишга қадар қўллаб-қувватлайди.

Ишметов аёлларнинг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасидаги тараққиётни ҳам алоҳида таъкидлади: Ўзбекистонда банк ҳисоб рақамига эга аёллар улуши 39 фоиздан 61 фоизга ошган.

Форум доирасида регулятор Марказий банк рақамли валютаси (CBDC) бўйича «оқ китоб»ни эълон қилишни режалаштирмоқда. Ҳужжатда CBDCдан фойдаланиш сценарийлари, архитектура вариантлари ва унинг молия тизимига таъсири кўриб чиқилади.

«Олинган натижалар тажриба босқичини бошлаш учун фойдали бўлади. Унинг мақсади — энг мақбул ёндашувни синаб кўриш ва Ўзбекистонда инновациялар ҳамда рақамли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун рақамли валютани қўллаш имкониятларини баҳолаш», — дея хулоса қилди Ишметов.

Silk Road Fin&Tech Forum 24–27 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Форумнинг биринчи кунида 74 давлатдан делегациялар — молия ва финтех соҳасида фаолият юритувчи 6000 дан ортиқ мутахассис, компаниялар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар финтехдаги янги тенденциялар, инновацион ечимлар, рақамли молиявий хизматлар, молия секторига илғор технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ