Жаҳон банки (ЖБ) Ижрочи директорлар кенгаши Самарқанд вилоятида тиббий-санитария ёрдами сифатини ошириш лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистон ҳукуматига 100 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Маблағлар Халқаро тараққиёт ассоциацияси йўналиши бўйича ажратилмоқда, дейилади молия институтининг пресс-релизида.
Гап 2028 йилнинг декабрига қадар якунланиши кўзда тутилган «Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш натижаларини тизимли яхшилаш» (SHIFO-1) дастури ҳақида бормоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 525 млн долларни ташкил этади, молиялаштиришнинг асосий қисмини — 425 млн долларини Марказий Осиё республикаси ҳукумати ўз зиммасига олади.
Дастур доирасида тиббиёт ходимларининг малака ошириш курсларидан ўтиши ҳисобига юқорироқ иш ҳақи тўланадиган 28 800 та қўшимча иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
«Минг-минглаб шифокорлар ҳамда ҳамшираларни тайёрлаш, шунингдек, тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини модернизация қилиш орқали ушбу дастур хизмат кўрсатиш сифатини оширади ва фуқароларнинг тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради», — дея таъкидлади Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳасин.
ЖБ қўшимча қилишича, мамлакат аҳолисининг кўпайиши туфайли юқумли бўлмаган касалликлар, айниқса юрак-қон томир хасталиклари соғлиқни сақлаш тизимига тобора катта юклама келтириб чиқармоқда. Шу билан бирга, республика ҳукумати айнан бирламчи тиббий-санитария ёрдамини миллий устувор вазифалардан бири сифатида белгилади. Бундан ташқари, Миллий саломатлик пакти доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тизимини қайта кўриб чиқиш, соҳанинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва уни молиялаштиришни ислоҳ қилишга қарор қилинган.
SHIFO-1 дастури қарийб 4,3 млн киши истиқомат қиладиган алоҳида ҳудудда тегишли ислоҳотларни ўтказишни назарда тутади. Хусусан, 400 дан зиёд оилавий поликлиникани модернизация қилишга инвестиция йўналтириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, 6400 дан ортиқ тиббиёт ходимини, жумладан 1250 нафар умумий амалиёт шифокори ва 5000 нафар ҳамширани тайёрлаш ҳамда сертификатлаш мўлжалланмоқда. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида банд бўлган ходимларнинг 80 фоизи аёллар экани қайд этилади. Уларни ўқитиш лойиҳанинг асосий устувор йўналишларидан биридир.
Шунингдек, дастур доирасида беморларнинг электрон реестри ва бирламчи тиббий-санитария бўғинида аҳоли саломатлигини бошқариш сифатини оширишга қаратилган воситаларни интеграция қилиш орқали D-MED рақамли соғлиқни сақлаш платформаси кенгайтирилади.
Натижада янгиликлар Самарқанд вилоятида яшовчи 330 минг нафар фуқарони юрак-қон томир касалликлари хавфини аниқлаш учун скринингдан ўтказиш ҳамда 250 минг беморнинг даволаниш жараёнини кузатиб бориш имконини беради.



