Олмаота шаҳрининг «Қайрат» жамоаси УЕФА Чемпионлар лигасининг учинчи саралаш босқичига йўл олди. Қозоғистон чемпиони Кипрнинг «Омония» клубига қарши жавоб учрашувида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди, сўнг пенальтилар сериясида ҳам устун келиб, 6:5 ҳисобида ғалаба қилди.
Учрашув 29 июль куни Олмаотада бўлиб ўтди. Кипрда ўтган биринчи ўйинда «Омония» 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Шу сабабли «Қайрат»нинг жавоб баҳсидаги ғалабасидан кейин умумий ҳисоб 1:1 бўлди.
26-дақиқада меҳмонлар камчиликда қолди: ҳужумчи Андроникос Какуллис тўғридан-тўғри қизил карточка олди. «Қайрат» бош мураббийи Рафаэль Уразбахтин кўп ўтмай майдонга Эдмилсонни туширди ва бразилиялик футболчи захирадан чиққанидан бир дақиқа ўтиб бош билан зарба бериб, ҳисобни очди.
Иккинчи бўлимда Яакко Оксанен Кипр клуби дарвозасига иккинчи голни урди, аммо гол офсайд сабаб бекор қилинди. Асосий вақт 1:0 ҳисобида якунланди, қўшимча икки 15 дақиқалик бўлимларда ҳам жамоалар гол ура олмади. 111-дақиқада «Омония» яна бир футболчисидан айрилди — Сену Кулибали майдондан четлатилди.
Ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. «Қайрат»нинг асосий қаҳрамони дарвозабон Темирлан Анарбеков бўлди — у икки зарбани қайтарди. Олмаоталиклар пенальтилар сериясида 6:5 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг кейинги босқичига йўл олди. Бу натижа «Қайрат»га кузги мавсумда Европа кубокларидан бирида иштирок этишни кафолатлади.
Чемпионлар лигасининг учинчи саралаш босқичида «Қайрат» Софиянинг «Левски» жамоасига қарши ўйнайди. Биринчи учрашув 4 август куни Болгарияда, жавоб баҳси эса 11 август куни Қозоғистонда бўлиб ўтади. Кутилишича, олмаоталиклар уй учрашувини «Туркистон Арена» стадионида ўтказади.
Агар «Қайрат» ғалаба қозонса, Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига йўл олади. Ушбу босқич ўйинлари 18–19 ва 25–26 август кунлари бўлиб ўтади. Ғолиб жамоа Чемпионлар лигасининг асосий босқичига чиқади, мағлуб бўлган жамоа эса тўғридан-тўғри Европа лигасининг асосий босқичида иштирок этади.
Агар Қозоғистон клуби «Левски»га мағлуб бўлса, Европа лигасининг плей-офф босқичига ўтади. У ердаги ғалаба жамоани Европа лигасининг асосий босқичига олиб чиқади, мағлубият эса Конференциялар лигасининг асосий босқичида иштирок этиш имконини беради.
Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичи учун қуръа ташлаш маросими 3 август куни бўлиб ўтади. Дастлабки маълумотларга кўра, «Левски» — «Қайрат» жуфтлиги ғолибининг эҳтимолий рақиблари қаторида Шотландиянинг «Селтик», Грециянинг АЕК клублари, шунингдек, «Динамо» Загреб — «Кауно Жалгирис», «Мьельбю» — «Слован» Братислава ва «Хапоэль» Беэр-Шева — «Црвена Звезда» жуфтликлари ғолиблари бор. Қуръа ташлашдан олдин УЕФА жамоаларни гуруҳларга ажратиш орқали ушбу рўйхатни қисқартириши мумкин.
Ўтган мавсумда «Қайрат» клуб тарихида илк бор Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига йўл олган эди. Жамоа бу натижага тўртта саралаш босқичининг барчасидан ўтиб эришган.



