Шомуродов ЖЧ–2026 нинг энг яхши голи учун ўтказилган овоз беришда Мбаппе ва Мессини ортда қолдирди

Элдор Шомуродов. report.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг голи 2026 йилги жаҳон чемпионатининг энг яхши голини аниқлаш бўйича мухлислар овоз беришида иккинчи ўринни эгаллади. Танловда ўзбекистонлик ҳужумчи, жумладан, Лионель Месси, Килиан Мбаппе ва Жуд Беллингемни ортда қолдирди.

Шомуродов гуруҳ босқичида Конго Демократик Республикаси терма жамоасига қарши учрашувда гол урди. Ўйиннинг 10-дақиқасида у тўпни майдоннинг ён чизиғи яқинида қабул қилиб, ўткир бурчакдан дарвозабон устидан ошириб зарба берди. Шу тариқа Ўзбекистон ҳисобда олдинга чиқди, аммо иккинчи бўлимда учта гол ўтказиб юбориб, 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Аввалроқ Шомуродовнинг ушбу голи жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг энг яхши голи деб топилган эди. Ўшанда ўтказилган овоз беришда у барча овозларнинг 36 фоизини қўлга киритганди.

Якуний танлов ғолиби Аргентина терма жамоаси дарвозасига гол урган Кабо-Верде терма жамоаси футболчиси Сидни Лопеш Кабрал бўлди. Учинчи ўринни эса Гаити терма жамоаси ҳужумчиси Вильсон Изидор эгаллади.

Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилда ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг финал босқичида иштирок этди. Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа Колумбияга 1:3, Португалияга 0:5 ва Конго Демократик Республикасига 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Натижада терма жамоа бирорта ҳам очко тўплай олмай, К гуруҳида охирги ўринни эгаллади.

Жаҳон чемпионатлари тарихида Ўзбекистон терма жамоасининг илк голини Колумбияга қарши баҳсда Аббосбек Файзуллаев киритган эди. Шомуродов эса мазкур турнирда миллий жамоанинг иккинчи голига муаллифлик қилди.

31 ёшли Шомуродов Ўзбекистон терма жамоаси сардори ва унинг бутун тарихидаги энг яхши тўпурари ҳисобланади. У миллий жамоа сафида 95 та ўйинда майдонга тушиб, 45 та гол урган. 2023 йил июнь ойида у Максим Шацкихга тегишли аввалги рекордни янгилаган.

Ҳужумчи клуб фаолиятини Ўзбекистоннинг «Машъал» ва «Бунёдкор» жамоаларида бошлаган. 2017 йили Россиянинг «Ростов» клубига ўтган, уч йилдан кейин эса Италияга йўл олиб, у ерда «Женоа», «Рома», «Специя» ва «Кальяри» жамоалари шарафини ҳимоя қилган.

Шомуродов «Рома» билан биргаликда УЕФА Конференциялар лигасининг илк мавсуми ғолибига айланган. У Рим клуби сафида жами 85 та учрашувда иштирок этиб, 13 та гол урган.

2025 йил ёзида ҳужумчи «Рома»дан Туркиянинг «Истанбул Башакшеҳир» клубига ўтди. 2025/26 йилги мавсумда у 22 та гол уриб, «Трабзонспор» ҳужумчиси Пол Онуачу билан бирга Туркия чемпионатининг энг яхши тўпурари унвонини бўлишиб олди.

Шартномада кўзда тутилган шартлар бажарилганидан сўнг, «Башакшеҳир» Элдор Шомуродовнинг трансфер ҳуқуқини «Рома»дан тўлиқ сотиб олди. 2026 йил июль ойида Туркия клуби Шомуродов билан икки йиллик тўлиқ шартнома кучга кирганини расман эълон қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ