Қирғизистон Давлат солиқ хизмати (ДCХ) тикувчилик соҳасидаги корхоналар ва маркетплейслар орқали товар сотувчи тадбиркорларни ягона солиқ тўлашдан вақтинча озод қилишни таклиф қилди. Ноллик ставка 1 августдан 2026 йил охиригача жорий этилиши режалаштирилмоқда, деб хабар беради Economist.kg нашри.
Бу ташаббус ҳақида ДCХ раиси ўринбосари Кубаничбек Исабеков тадбиркорлар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.
Ҳозирда тикувчилик корхоналари учун ягона солиқ ставкаси тушумнинг 0,25 фоизини, электрон савдо майдончалари орқали ишловчи сотувчилар учун эса 2 фоизни ташкил қилади. Таклифга кўра, ҳар икки ставка ҳам нолга туширилади.
Вазирнинг сўзларига кўра, солиқ имтиёзи маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва Қирғизистон бизнесининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши керак. Шунингдек, ҳукумат ноллик ставка халқаро маркетплейсларда ишлайдиган хорижий тадбиркорларни мамлакатга жалб қилишга ёрдам беради, деб ҳисобламоқда.
Бу чоралар Қирғизистонлик сотувчилар Россиянинг Электросталь ва Котовск шаҳарларидаги Wildberries логистика марказларида содир бўлган ёнғинлардан кейин кўрган зарарлари фонида муҳокама қилинмоқда. Ушбу омборларда, жумладан, Қирғизистон тикувчилик корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сақланган. Етказилган зарар миқдори ҳозирча ҳисоблаб чиқилмоқда.
Давлат солиқ хизмати маълумотларига кўра, Wildberries ва бошқа маркетплейслар орқали Қирғизистонда рўйхатдан ўтган тахминан 30 мингта тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Идора вазиятни йил охиригача кузатиб боради, шундан сўнг соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча қарорлар қабул қилиниши мумкин.
18 июльга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари Москва вилоятининг Электросталь шаҳри ва Тамбов вилоятининг Котовск шаҳридаги Wildberries логистика марказларига ҳужум қилди. Котовскда етти киши ҳалок бўлди, 24 киши жароҳат олди. Электростальда бир ходим вафот этди, яна 50 дан ортиқ киши жабрланди. Баҳо беришларга кўра, дрон ҳужуми маркетплейснинг барча логистика қувватларининг тахминан 7 фоизини ишдан чиқарган. Жабрланганлар орасида Қирғизистон фуқаролари ҳам бор. Ҳалок бўлганлардан бири Тожикистон фуқароси бўлган.
Wildberries омборларига ҳужумлар давом этмоқда.
☝️ Украина Президенти Владимир Зеленский омборлар дронлар ишлаб чиқариш учун санкция остидаги бутловчи қисмларни етказиб беришда фойдаланилганини айтди. Wildberries компанияси эса бу маълумотни рад этмоқда.
Компания эвакуация вақтида алоқаси узилган ходимларнинг яқинлари учун ишонч телефони очди — ходимларнинг бир қисми кийиниш хоналарида ёниб кетган телефон ва ҳужжатларсиз қолган, деб хабар беради «Коммерсантъ».
Компания раҳбари Татьяна Ким ҳалок бўлганлар оилаларига 2 миллион рублдан, оғир жароҳат олганларга эса 1 миллион рублдан тўлов қилишни ваъда қилди. Шунингдек, товарлари ёнғинда нобуд бўлган сотувчиларга компенсация тўлаш масаласини ишлаб чиқишини билдирди. «Ведомости» келтирган бозор иштирокчилари баҳосига кўра, умумий зарар ўнлаб миллиард рублга етиши мумкин.



