Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари талон-торожлик иши бўйича саккиз йилга қамалди

Мубин Мирзаев. daryo.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев жуда йирик миқдордаги талон-торожлик жинояти бўйича 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари бўйича суди қарор чиқаргани ҳақида пойтахт судлари матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Собиқ амалдор Ўзбекистон Жиноят кодексининг қуйидаги учта моддаси бўйича айбдор деб топилди:

✅ 168-модда 4-қисми «а» банди — («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан жуда йирик миқдорда ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш»);

✅ 205-модда 2-қисми «а» банди — («Мансаб ваколатини жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда суиистеъмол қилиш»);

✅ 208-модда — («Ҳокимият ҳаракатсизлиги»).

Озодликдан маҳрум қилиш жазосидан ташқари, Мубин Мирзаевга уч йил муддатга муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ҳам тайинланди.

Солиқ қўмитасининг собиқ ходими билан бирга судланувчилар ўриндиғида яна саккиз нафар шахс бўлган. Улар орасида муқаддам жиноят содир этган шахслар ҳам бор.

Иш бўйича қолган барча айбланувчилар шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, сохта ҳужжатлар ва муҳрлар тайёрлаш ҳамда бошқа жиноятларни назарда тутувчи Жиноят кодекси моддалари бўйича айбдор деб топилди.

Айбланувчилар 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

Шунингдек, суд ҳукмда кўрсатилган моддий зарарни ундириш тўғрисида қарор чиқарди. Бироқ, қопланиши лозим бўлган зарар миқдорига аниқлик киритилмаган.

Тайинланган жазо муддатлари судланувчилар қамоққа олинган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Шунингдек, уларга ҳукм устидан юқори турувчи суд инстанцияларига шикоят қилиш тартиби тушунтирилгани Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабарида қайд этилган.

Жорий йил январь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев йирик компаниялардаги молиявий оқимларни назорат қилувчи солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини кескин танқид қилган эди. Шундан сўнг Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов лавозимидан озод этилгани эълон қилинганди.

Давлат раҳбари текширувлар давомида миллиардлаб сўмлик талон-торожлик ҳолатлари аниқланганини таъкидлаган. Хусусан, гап қўшилган қиймат солиғи суммасини сунъий равишда ошириш орқали бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳақида бормоқда. Айнан шу йўналиш учун масъул бўлгани сабабли Мирзаев ҳам лавозимидан озод этилган эди.