Жаҳон банки Ўзбекистонга бошланғич мактаблар ислоҳоти учун 100 миллион доллар ажратади

uz24.uz сайти фотосурати

Жаҳон банки Ўзбекистондаги олти вилоятда бошланғич мактабларда таълим сифатини ошириш учун 100 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.

Молиялаштириш Жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт уюшмаси (МАР) томонидан тақдим этилади. Маблағлар “Мактаб таълимини иқтисодий ўсишга кўмаклашиш учун трансформация қилиш” (BILIM) дастурини амалга оширишга йўналтирилади. Шунингдек, дастур Халқаро таълимни молиялаштириш жамғармаси (IFFEd) томонидан 5 миллион доллар грант ҳам олади. Бу IFFEd ва Жаҳон банки ўртасидаги биринчи ҳамкорлик ҳолати ҳисобланади.

BILIM дастурининг умумий қиймати 378 миллион долларни ташкил қилади. Қолган 273 миллион доллар Ўзбекистон ҳукумати томонидан ажратилади. Дастурни амалга ошириш билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги шуғулланади.

BILIM дастури Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Навоий вилоятлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасидаги мактаблар ва ўқитувчилар тайёрлаш муассасаларини қамраб олади.

Ушбу ҳудудлар мамлакатдаги барча мактабларнинг тахминан 45 фоизини ташкил этади. Айнан шу жойларда болалар таълимида жиддий муаммолар ва мактаб инфратузилмасининг кескин етишмаслиги кузатилмоқда.

Танқислик аҳоли сонининг тез ўсиши ва ички миграция сабабли юзага келмоқда. 2026 йилда мактаб ўқувчилари сони 7,6 миллион нафардан ошиши кутилмоқда.

Ўсиб бораётган талабни қондириш учун ҳукумат ҳар йили тахминан 300 та янги мактаб қуриши зарур.

Ҳозирги кунда мамлакатда бошланғич мактабга қамраб олиш даражаси 99 фоиздан юқори. Бироқ, ўқиш ва математика бўйича таълим натижалари халқаро стандартларга кўра пастлигича қолмоқда. Ўқитиш методикаси ҳамда ўқитувчиларнинг касбий ривожланиш тизимини сезиларли даражада такомиллаштириш талаб этилади.

“Бошланғич мактаб ўқувчиларининг асосий кўникмаларини — ўқиш, математика ва ижтимоий-эмоционал кўникмаларни — мустаҳкамлаш инсон капитали ҳамда Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини янада кучайтириш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу кўникмалар болаларга келажакда янада мураккаб билим ва малакаларни эгаллашга ёрдам беради ҳамда тез ўзгариб бораётган меҳнат бозори талабларига тайёрлайди. Шунингдек, улар инновацияларга таянадиган иқтисодий ўсиш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади,” — дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Наджи Бенхасин.

Унинг таъкидлашича, Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан молиялаштирилаётган янги BILIM дастури ҳукуматга мактаб ўқувчиларининг базавий кўникмаларини ривожлантиришга инвестиция киритишда ёрдам беради.

Бенхасин қайд этишича, 2030 йилгача дастур учта асосий йўналишда сезиларли ютуқларга эришишни кўзда тутади:

▪️ бошланғич мактабнинг 50 минг нафар ўқитувчиси, мактаб раҳбарлари ва маъмурларининг салоҳиятини ошириш;

▪️ мактаблар қурилиши ва кенгайтирилиши ҳисобига 27 мингта янги ўқув ўрни яратиш;

▪️ ресурсларни янада самарали тақсимлаш учун таълимга оид маълумотларни йиғиш ва улардан фойдаланиш тизимини мустаҳкамлаш.

Ушбу чора-тадбирлар 1–4 синфларда таҳсил олаётган тахминан 2 миллион нафар болага фойда келтириши кутилмоқда. Натижада таълим сифати яхшиланиб, бу ўқувчиларнинг келажакда меҳнат бозорида иш билан таъминланиш имкониятлари кенгаяди.

  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор