Қозоғистон судлари россиялик Мовлаев ва Емельяновага бошпана беришдан бош тортиш қарорини ўз кучида қолдирди

Юлия Емельянова ва Мансур Мовлаев. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Қозоғистон апелляция судлари россиялик Мансур Мовлаев ва Юлия Емельяновага бошпана беришдан бош тортиш қарори устидан киритилган аризаларни қондирмади. Бу ҳақда уларни ҳимоя қилаётган олмаоталик адвокат Мурат Адам Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги ўз саҳифасида маълум қилди.

«Судларимизнинг фаолияти мени энди ҳайратда қолдириши қийин, чунки ҳуқуқий нуқтаи назардан ҳайратга соладиган суд қарорлари чиқарилаётганига кўплаб мисоллари мавжуд. Бироқ, Мансур Мовлаев ва Юлия Емельянова мисолида бу шунчаки уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг расман суд томонидан рад этилиши эмас, балки Қозоғистон томонидан ратификация қилинган халқаро ҳуқуқ нормалари ҳам эътиборга олинмаганидан даракдир», — деган у.

Адвокатнинг сўзларига кўра, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиларининг Мансур Мовлаев ва Юлия Емельянова ишлари бўйича Қозоғистонга юборган махсус мурожаатлари ва хабарлари ҳам эътиборсиз қолган.

«Бундан битта хулосага келиш мумкин: халқаро ҳуқуқ, афсуски, Қозоғистонда ишламайди», — деб таъкидлайди Мурат Адам.

Мовлаев Рамзан Қодиров режимига қарши бўлган «Адат» мухолифат ҳаракати аъзоси. Россияда у товламачилик ва экстремизмда айбланмоқда. 2020 йили Мовлаев гиёҳванд моддалар савдоси айбловлари билан уч йилга озодликдан маҳрум қилинган, бу айбловларни у уйдирма деб ҳисоблайди. Озод қилинганидан сўнг, ҳимоя томонига кўра, у ўғирлаб кетилган ва махфий ҳибсхонада сақланган ва у ердан қочишга муваффақ бўлган. Фаолнинг ўзи таъқибларни Чеченистондаги одам ўғирлашларга оид чиқишлари билан боғлиқлигини айтади.

Қочиб кетгандан сўнг, Мовлаев Олмаотага ўрнашади ва у ерда спорт мураббийи бўлиб ишлайди. 2025 йил май ойида у Россия илтимосига биноан ҳибсга олинган, аммо тез орада бошпана изловчи мақомини олган ва бу уни вақтинча экстрадициядан ҳимоя қилган. 2025 йил декабрь ойида Қозоғистон расмийлари унинг сиёсий бошпана сўраб берган аризасини рад этишган ва 2026 йил январь ойида Қозоғистон Бош прокуратураси уни Россияга экстрадиция қилишга рухсат берган.

2026 йил февраль ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Мовлаевнинг экстрадициясини тўхтатиб туришни талаб қилган. Ҳозирда у ҳибсда; 8 май куни Олмаота тергов суди унинг экстрадиция қилиш муддатини узайтирди.

Емельянова — Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг Санкт-Петербург штабининг собиқ ходими. Россияда унга қарши 2021 йили ўғирлик бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов маълумотларига кўра, фаол гўёки Санкт-Петербургда такси ҳайдовчиси телефонини ўғирлаган. Емельянова ўз айбини рад этган ва иш сохталаштирилган деб даъво қилган. Иш судга етиб боргач, фаол мамлакатни тарк этган.

Ўтган йил 31 августида у Олмаота аэропортида ҳибсга олинган. Емельянова Қозоғистон орқали транзит бўйича Грузиядан Вьетнамга учиб кетаётган бўлган. Мухолифат фаоли Россия томонидан давлатлараро қидирув рўйхатига киритилгани учун ҳибсга олинган.

11 февраль куни Қозоғистон уни Россияга экстрадиция қилиш ниятини маълум қилди. Ўша ойда Ғарбий Қозоғистон вилоят маъмурий суди россиялик аёлнинг сиёсий бошпана сўраб берган аризасини рад етди. Май ойида, инсон ҳуқуқлари фаолларининг сўзларига кўра, у иккинчи бор яна рад жавобини олган. Емельянова ҳозирда Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ