Бишкекнинг Первомайский туман суди «75 имзо иши» деб номланган иш бўйича беш нафар судланувчини икки ойга ҳибсхонага юборди. Улар 10 апрелгача Қирғизистон пойтахтидаги тергов изоляторида сақланади, деб хабар беради 24.кг.
Ҳибсга олинганлар орасида:
▪️ Жамоат арбоби Бекболот Талгарбеков,
▪️ Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси ва собиқ Қишлоқ хўжалиги вазири Емилбек Узоқбоев,
▪️ Жогорку Кенешнинг (Қирғизистон парламенти) собиқ аъзоси Қурманбек Дийканбаев,
▪️ Собиқ Бош вазир ўринбосари ва собиқ парламент аъзоси Аали Карашев,
▪️ Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов.
Уларга қарши мамлакат Жиноят кодексининг 278-моддаси («Оммавий тартибсизликлар») 1-қисми бўйича иш қўзғатилди.
ℹ️ Президент ва парламент спикерига йўлланган мурожаат 9 февраль куни эълон қилинди. Унда дарҳол янги президентлик сайловларини ўтказишни бошлаш сўрови бўлган. Имзо чекканлар 2021 йилда янги Конституциянинг қабул қилиниши эски қоидалар асосида сайланган амалдаги президентнинг ваколат муддатига нисбатан ҳуқуқий ноаниқликни келтириб чиқарганини таъкидлашган. Уларнинг фикрича, муддатидан олдин сайловлар низолар ва ноаниқ талқинларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Президент Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, мурожаат айрим фуқароларнинг давлат бошқарув тузилмалари, хусусан, Жогоргу Кенеш ичида низо чиқаришга уриниши натижаси бўлган.
«Парламент аъзоларининг айрим гуруҳлари депутатларни чақириб, улардан: «Сен биз томондамисан ёки у томондамисан?» дея сўрай бошлаганлар. «Биз томон» киму, «бошқа томон» ким эканига қизиққан депутатларга погонни кўрсатиб, дейишган: «Биз томон — бу генерал [Камчибек Ташиев] томони, у томон — президент томони». Шундан сўнг, бўлиниш кўчадаги «оқсоқоллар»га ўтган. Улар муддатидан олдин сайловлар учун имзо тўплашни бошлаганлар, «бу масаласа энг юқори даражада келишиб олинган» ва Жогорку Кенеш яқин орада муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини эълон қилади, дея одамларни чалғита бошлаганлар», — деди президент.
10 феврал куни Жапаров Камчибек Ташиевни Бош вазир ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари лавозимидан озод қилди. У ўз қарорини «жамиятда, жумладан, давлат идоралари ўртасида бўлинишнинг олдини олиш ва аксинча, бирликни мустаҳкамлаш» истаги билан изоҳлади. МХДҚ раҳбарининг учала ўринбосари ҳам ўз лавозимидан айрилди ва махсус хизматнинг ўзида ҳам бир қатор ўзгаришлар юз берди.



