Ўзбекистонда жорий куз-қиш мавсумида 10 млн тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилмоқда

yuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида 10 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилмоқда. Мутасаддилар ушбу режани 18 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этишди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тегишли вазирликлар ва идоралар расмийларининг сўзларига кўра, бунинг учун «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти корхоналарининг моддий-техник базаси кучайтирилди, соҳада қўшимча ишлаб чиқарувчиларнинг фаолияти учун шароитлар яратилди.

2024-2025 йиллар куз-қиш мавсуми охирига келиб, қарийб 8,7 миллион тонна кўмир қазиб олингани ва иссиқлик электр станциялари, давлат сектори ташкилотлари ва хонадонларга етказиб берилгани таъкидланди.

Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, бошқа энергетика тармоқлари қатори кўмир саноатида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилмоқда, бу эса қувват ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқда. Буларнинг барчаси иситиш мавсумида фуқаролар, ижтимоий муассасалар ва иқтисодий тармоқларни узлуксиз энергия билан таъминлаш учун амалга оширилмоқда.

Президент мавсум давомида республика аҳолисини кафолатланган кўмир билан таъминлашни буюрди. Шунингдек, у корхоналарни модернизация қилиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш муҳимлигини таъкидлади. Мирзиёев бозор тамойиллари ва рақобатни ривожлантириш орқали ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш зарурлигини айтди.

«Тақдимотда уран йўналишидаги янги инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, геология-қидирув ишларининг кўламини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Октябрь ойи охирида Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов жорий куз-қиш даврида аҳоли ва бизнесга 10 миллион тонна маҳаллий кўмир ва 2 миллион тонна импорт қилинган кўмир етказиб бериш режалаштирилганини таъкидлаганди. Бундан ташқари, вазирлик бошлиғининг қўшимча қилишича, ушбу ёқилғининг 724 минг тоннаси омборларда захираланган.

Ўшанда вазир республика энергетика тизими аллақачон куз-қиш мавсумига ўтганини ва шу сабаб қуйи ташкилотларда 24/7 навбатчилик уюштирилганини айтганди. Бундан ташқари, фуқаролар сўровларини тезкор қабул қилувчи қисқа рақамли колл-марказлари ишламоқда: электр энергияси бўйича — 1154 ва газ таъминоти бўйича — 1104 рақамини териш лозим.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ