Қирғизистонда уйдаги зўравонликка қарши курашни кучайтириш чора-тадбирлари доирасида уй зўравонлари манзилларини кузатиш учун уларга электрон браслет тақилади. Президент Садир Жапаров 16 октябрь куни «Қирғизистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги тегишли қонунни имзолади.
Ҳужжат мамлакат Жогорку Кенеши (парламент) томонидан 11 сентябрь куни қабул қилинган бўлиб, унинг мақсади — Қирғизистон томонидан аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш бўйича халқаро ва миллий мажбуриятларга, хусусан, БМТ декларацияси ва «Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенция қоидаларига риоя этилишини яхшилашдан иборат.
Қонун билан Жиноят кодекси ва «Оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритади. Асосий янгилик — бу оиладаги зўравонлик содир этган шахслар устидан электрон кузатувдан фойдаланиш. Суд шахсга GPS-браслетини уч ойгача тақиш буйруғини бериши мумкин.
Бундан ташқари, маиший зўравонлик қилган шахсларнинг ҳибсдаги муддати 7 кундан 14 кунга узайтирилди. Браслет тақмаслик ёки тузатиш дастуридан бўйин товлаганлик учун шахс худди шундай муддатга ҳибсга олиниши мумкин.
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 70-моддасидаги «Оиладаги зўравонлик»га «таъқиб қилиш» атамаси қўшилди. Эндиликда ички ишлар органларига оиладаги зўравонликка оид келиш тушган ҳар бир хабарнинг хавф даражасини баҳолаш ваколати берилади.
Аввалроқ Қирғизистон Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Алмазбек Зарилбек уулу маиший зўравонликка қарши чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасига изоҳ бераркан, амалдаги назорат чоралари етарли даражада самара бермаётганини таъкидлаган эди.
«Бугунги кунда ички ишлар идоралари томонидан оиладаги зўравонлик ҳолатларига тезкорлик билан муносабатда бўлмоқда ва жабрланганларга ҳимоя ордерларини бермоқда. Бироқ, уларнинг ижроси устидан назорат етарли даражада эмас. Шу боис, биз ушбу чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш учун электрон браслетлардан фойдаланишни таклиф қилдик», — деди Зарилбек уулу ўз чиқишларидан бирида.
Унинг сўзларига кўра, Адлия вазирлиги икки йилдан буён пробация тизими доирасида электрон браслетлардан муваффақиятли фойдаланмоқда, шунинг учун янги қонунни амалга ошириш учун зарур техник инфратузилма тайёр. Мобил операторлар томонидан қўллаб-қувватланадиган қурилмаларни мустақил равишда олиб ташлаш мумкин эмас. Улар тажовузкорнинг жабрланувчига яқинлашини чеклаш ва ҳаракатларини назорат қилиш имконини беради, уларга маълум бир ҳудудни тарк этишни тақиқлайди.
Расмий статистик маълумотларга кўра, 2024 йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакатда 5 мингга яқин вақтинчалик ҳимоя ордери берилган бўлса, дастлабки ўн ойда уларнинг сони 12 мингга етди. Ушбу ордерларнинг аксарияти аёлларга берилган, аммо эркаклар ва вояга этмаганлар ҳам уларни олган.
Алмазбек Зарилбек уулу, шунингдек, қайд этилаётган зўравонлик ҳолатларининг кўпайиши давлат органлари фаолияти яхшиланганидан далолат беришини таъкидлади, чунки илгари «бу ҳодисалар кўп ҳолларда ваколатли органлар эътиборидан четда қолган». Янги чора тегишли идораларга суд-ҳуқуқ чекловлари ижросини янада самарали назорат қилиш имконини бериши кутилмоқда, бу эса, вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, «ижобий самара беради ва аҳолининг ушбу масалани ҳал этишда давлат органларига бўлган ишончини оширади».