Ўзбекистоннинг биринчи Мудофаа вазири Рустам Аҳмедов вафот этди

Рустам Аҳмедов. gov.uz сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг биринчи Мудофаа вазири, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Аҳмедов вафот этди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги маълум қилди. Ушбу хабар ёзилаётган пайтда Тошкентда собиқ ҳарбий қўмондоннинг дафн маросими бўлиб ўтаётган эди.

Рустам Аҳмедов 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида туғилган. 1965 йили Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини, 1985 йили Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясини тамомлаган. 1986 йилдан 1991 йилгача Тошкент вилояти фуқаролик мудофааси командирининг ўринбосари – штаб бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

Рустам Аҳмедов мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Мудофаа вазири сифатида тарихга кирди. У бу лавозимни 1992—1997 йилларда эгаллаган. Бунгача 1991—1992 йиллари бир вақтнинг ўзида Мудофаа вазири ҳамда Республика Миллий гвардияси қўмондони лавозимларида ишлаган.

Мудофаа вазирлиги раҳбари лавозимини тарк этгач, Аҳмедов 1997 йил сентябридан 1998 йил сентябрига қадар бир йил давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқарган ва шундан сўнг нафақага чиққан. У 2018-2020 йиллари Мудофаа вазири маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ