Ўқитувчилар учун ипотека имтиёзлари берилади ва давлат хизматлари арзонлаштирилади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда олий малака тоифали ва 15 йиллик иш стажига эга ўқитувчилар учун дастлабки ипотека тўловининг 25 фоизи давлат томонидан қопланади. Мактаб ўқитувчилари учун давлат хизматлари нархи ҳам икки баробарга арзонлаштирилади. Бундай қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан маълум қилинди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари ўқитувчиларнинг ижтимоий шароитларини яхшилашга қаратилган яна бир қатор ташаббусларни белгилаб берди. Шу тариқа, келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг шартномаси суммасига 30 фоиз чегирма берилади.

Ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача (805 АҚШ доллари) имтиёзли кредит берилади.

Эндиликда фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади.

Бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади. Дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади.

Президент техникумларда меҳнат қилаётган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш мавзусига тўхталди. Жумладан, мактабдаги каби техникумларнинг ўқитувчи ва усталари учун касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади. Бу орқали техникум устозларига миллий сертификат учун ойлигининг 30 фоизи, халқаро сертификатга эса 50 фоизи миқдорида устама тўланади. Мирзиёев шу каби таълим муассасалари директорлари ва уларнинг ўринбосарлари ойликлари оширилишини ҳам маълум қилди. Бундан ташқари, техникумларда илмий даражалар ва илмий унвонлар учун бонуслар жорий этилади.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, тадбир давомида ўқитувчилар билан мулоқот бўлиб ўтди, унда республика барча ҳудудларидан видеоалоқа орқали 40 мингдан ортиқ ўқитувчи ва мураббийлар иштирок этди.

Республика раҳбари ўз нутқида сўнгги саккиз йилда иқтисодиёт икки баравар ўсганини, йил охиригача ялпи ички маҳсулот ҳажми 130 миллиард долларга етишини таъкидлади. Ушбу иқтисодий замин асосида таълим соҳасига ажратилган маблағ 6 баробарга ошиб, 378 триллион сўмга (30,4 миллиард доллар) етди.

Мирзиёев таълим сифатини ошириш, устоз ва мураббийларнинг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш ислоҳотларнинг энг устувор йўналиши бўлиб қолишини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ