Ўзбекистонда 2026/27 ўқув йилидан бошлаб мактаб ўқувчиларини қобилиятига қараб касб-ҳунар ёки олий таълим муассасаларига йўналтириш учун Ягона давлат имтиҳонлари (ЯДИ) тизими жорий этилади. ЯДИни 9 ва 11 синф битирувчилари топширадилар. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди, дея хабар беради унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.
Республика раҳбарининг сўзларига кўра, янги тизим 400 мингга яқин 9-синф ўқувчиларининг техникумларга ўқишга киришига имкон беради. Қолаверса, келажакда олий ўқув юртларига ўқишга кириш имкониятига эга бўлиш учун мактабда ўқишни давом эттирмоқчи бўлган ёшлар охирги синфларда ихтисослик фанларини чуқур ўрганиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай ҳолда, ҳамма нарса ўқувчининг ўзи танловига боғлиқ бўлади.
Бундан ташқари, имтиҳон натижаларига кўра техникум талабаси бўлган 9-синф битирувчилари, агар хоҳласалар, бир йилдан сўнг мактабга қайтишлари мумкин. Қоида тескари йўналишда ҳам ишлайди, яъни 10-синфни тугатгандан сўнг умумтаълим мактабида ўқиш ҳақидаги фикрини ўзгартирганлар касб-ҳунар таълими муассасасига ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга бўлади. Фақат улар Ягона давлат имтиҳонидан муваффақиятли ўтган бўлишлари керак.
Шу билан бирга, Бундан ташқари, бу йил 11-синфни битириб, олийгоҳга кира олмаган 200 минг ёшлар ҳам техникумларда 3-6 ойлик қисқа муддатли дастурлар асосида касбга ўқитилади.
Президент таъкидлашича, бу ташаббуслардан кўзланган мақсад — ҳар бир болани касб-ҳунар орқали даромадли, барча оилалар рўзғорини бут қилишдир.
Шунингдек, ўсмирлар қўлга киритган хорижий тиллар ва бошқа фанлар бўйича халқаро сертификатлар мактабларда ўтказиладиган якуний имтиҳонларда тан олиниши таъкидланди.
Мирзиёев касб-ҳунар таълими мавзусини давом эттирар экан, 2026 йил ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш йили бўлишини таъкидлади. Бу борада 100 та техникум Германия, Швейцария, Хитой, Жанубий Корея ва Буюк Британиянинг таълим ташкилотлари билан энг илғор ўқув дастурларини жорий этган ҳолда ҳамкорликни йўлга қўяди.
Жорий ўқув йилидан Англиянинг Pearson компанияси билан ҳудудлардаги 14 та техникумда BTEC халқаро дастури бошланди. Бу орқали ёшлар халқаро стандартлар асосида туризм, IT, тиббиёт, қурилиш, логистика, электротехника, энергетика, машинасозлик, биотехнология, креатив иқтисодиёт каби йўналишларда талаб юқори касбларни эгаллайди.
Умуман олганда, Президент таъкидлашича, Ўзбекистонни минтақавий таълим ва илм-фан хабига айлантириш вазифаси турибди. Бунинг учун жаҳон рейтингининг 1000 талигига кирган маҳаллий университетлар сонини 4 тадан 10 тага ошириш керак. Бундан ташқари, чет элдаги ТОП-100 таликка кирган олийгоҳларнинг филиалларини очиш лозим. Шунингдек, чет эллик талабалар сонини 5 баробарга кўпайтириш, таълим экспортини 200 миллион долларга етказиш мақсадлари турибди.