Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги маълумотлар ва усулларни ошкор қилганлик, ўз жонига қасд қилишга даъват этувчи видео ва бошқа маҳсулотларни эълон қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, шунингдек, бундай маълумотлар тарқалишини чекловчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни жорий этиш вақти келганини маълум қилди. Назорат маҳкамаси раҳбари бундай ташаббусни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга оид конференцияда маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Йўлдошев ўз нутқида аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш самарадорлигини оширишга қаратилган яна бир қанча таклифларни санаб ўтди. Хусусан, васийлик ва ҳомийлик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлик учун жавобгарлик Жиноят кодексига киритилиши керак. Бош прокуратура раҳбарининг аниқлик киритишича, тегишли қонун лойиҳаси аллақачон тайёрланган, унда хорижий давлатлар тажрибаси инобатга олинган.
Мулозим фоҳишалик ва фоҳишахоналар ташкил этиш, жумладан, таълим муассасалари ҳудудида содир этилган жиноятлар учун жазони кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, Йўлдошев хотин-қизлар ва болаларга нисбатан содир этилган таҳдид ва зўравонлик билан боғлиқ ишларни тергов қилиш ва судда кўришда ягона амалиётни йўлга қўйиш кераклигини таъкидлади.
Бош прокурор Ўзбекистонда сўнгги 3,5 йил ичида вояга етмаганларга нисбатан 14 мингдан ортиқ жиноят содир этилган статистик маълумотларни келтирди. Биргина соғлиққа қарши жиноятлардан 1600 нафардан зиёд вояга етмаганлар жабрланган.
Йўлдошев бундай ҳодисаларга қарши кураш самарасиз эканидан шикоят қилди. Шу билан бирга, назорат органи раҳбари таъкидлашича, ҳар бир бундай жиноятга фавқулодда ҳолат сифатида қараш керак. У таълим муассасалари ҳудудида болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
ℹ️ ОАВда ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги нашрларни чеклаш амалиёти айрим мамлакатларда қўлланилади. Мисол учун, Россияда «Ахборот тўғрисида» ги қонун мавжуд бўлиб, унга кўра, оммавий ахборот воситаларида «ўз жонига қасд қилиш усуллари, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга чақириқлар» ҳақида маълумотлар тарқатиш тақиқланади.
2016 йили РФда оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи Роскомнадзор ушбу масала бўйича тавсияларни эълон қилди. Жумладан, агентлик сарлавҳаларда «суицид» сўзидан воз кечишни, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақидаги хабарларни биринчи саҳифага қўймасликни ва янгиликлар рўйхатида бундай ҳодиса ҳақида бир нечта хабарни жойлаштирмасликни тавсия қилди. Шу билан бирга, мутахассислар регулятор таклифлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2008 йили чоп этган тавсияларига жуда ўхшашлигини таъкидлаганлар.