Қирғизистон президенти Садир Жапаров Таълим ва фан вазирлиги, шунингдек, Интеллектуал мулк ва инновациялар давлат агентлиги негизида иккита мустақил идора: Таълим вазирлиги ва Фан, олий таълим ва инновациялар вазирлиги ташкил этишга оид фармонни имзолади. Бу ҳақда республика раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Таълим вазирлиги мактабгача, бошланғич, асосий, ўрта ва бошланғич касб-ҳунар таълимига масъулдир. Бошқа идора илмий, илмий-техникавий ва инновацион фаолият, олий таълим, интеллектуал мулк каби соҳаларга оид масалаларни назорат қилади.
Бундан ташқари, давлат раҳбарининг фармони билан Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Миллий аттестация комиссияси янги ташкил этилган Фан, олий таълим ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясига айлантирилди.
Қайд этилишича, ислоҳотлар фан ва таълим соҳасида давлат бошқарувининг яхлит ва натижага йўналтирилган тизимини шакллантириш, шунингдек, ушбу соҳадаги бошқарув самарадорлигини ошириш, ёш олимларнинг илмий-тадқиқот ва инновацион ишларда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида амалга оширилган.
Жапаров янги идоралар бошлиқларини тайинлаган. Шундай қилиб, Дўғдурқул Кендирбаева Республика Таълим вазирлини, Бактияр Ўрозов эса Фан, олий таълим ва инновациялар вазирлигини бошқаради. Иккала амалдор ҳам ўз лавозимларида вақтинчалик ижро этувчи мақомида хизмат қилади ва уларнинг номзодлари мамлакат парламенти томонидан тасдиқланиши керак.
«АКИpress» нашри ёзишича, вазирликни икки тузилмага бўлиш амалиёти янгилик эмас. Мисол учун, 2018 йили Россия Таълим вазирлиги Маориф вазирлиги ва Фан ва олий таълим вазирлигига айлантирилган. 2022 йили Қозоғистонда ҳам худди шундай ислоҳот амалга оширилган.