Ҳиндистон-Ўзбекистон халқаро транспорт йўлаги Қозоғистонгача узайтирилди, деб хабар берди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.
Таркибида 12 та йигирма футлик контейнер бўлган поезд Ҳиндистоннинг Мундра портидан Қозоғистоннинг Сороковая станциясига Ҳиндистон-Эрон-Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон йўналишида ҳаракатланиб, 1 585 км денгиз орқали ва 4 300 км темир йўл орқали босиб ўтади.
Лойиҳа операторлари: «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ (Ўзбекистон темир йўл экспедитори), TULM ОАЖ (Туркманистон транспорт-логистика маркази) ва «Кедентранссервис» ОАЖ (Қозоғистон логистика терминаллари оператори).
Илгари ушбу йўналиш бўйлаб Ҳиндистондан Ўзбекистонга (Мундра – Сергели) 20 та йигирма футлик контейнер ташувлари муваффақиятли амалга оширилган. «Ўзтемирйўлконтейнер» АЖ бошқарув раиси М.К. Мирхамидовнинг таъкидлашича, компания Ҳиндистон – Марказий Осиё мультимодал йўналишида мунтазам контейнер поездларини йўлга қўйишни режалаштирган.
Ўз навбатида, «Казахстан темир жолы» матбуот хизмати Ҳиндистондан Қозоғистонга керамик плиткалардан иборат юк жўнатилганига аниқлик киритди. Етказиб бериш муддати Бандар Аббос (Эрон) портининг иш юкига қараб тахминан 25-30 кунни ташкил қилади. «Ташув «Шимол-Жануб» йўлагининг шарқий йўналиши бўйлаб контейнер ташиш хизматларини ривожлантириш доирасида амалга оширилмоқда. Бу йўлак етказиб бериш муддатларини, юкларни ташиш харажатларини сезиларли даражада қисқартириш ва мамлакатлар экспортчилари ва импортчилари имкониятларини кенгайтириш имконини беради», — дея таъкидлайди ташувчи.