Курдистон ишчилар партияси Туркияга қарши қуролли курашини тўхтатганини эълон қилди

РКК аъзолари. AHaber сайти фотосурати

Курдистон ишчилар партияси (РКК) ўз раҳбари Абдулла Ўжаланнинг қуролларни ташлаш чақириғига жавобан Туркияга қарши қуролли курашини тўхтатганини эълон қилди. Бу ҳақда AHaber телеканали хабар берди.

▫️ РКК қисқартмаси курд тилида Partiya Karkerên Kurdistan бўлиб, Курдистон Ишчилар партияси деб таржима қилинади. Туркчада Kürdistan İşçi Partisi. Бу ном 1978 йили Абдулла Ўжалан томонидан асос солинган ташкилотнинг асл марксистик-ленинистик йўналишини акс эттиради, бунда курд халқининг ҳуқуқлари ва турк давлатига қарши курашга урғу берилган.

Ўжалан 28 февраль куни Туркияга қарши 40 йилдан ортиқ давом этган қуролли курашни тўхтатишга ва таркилотни тарқатиб юборишга чақирди. 1 март куни унинг партиядошлари жавоб беришди.

«Биз, РКК ушбу мурожаат мазмунини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва унинг талабларига риоя қилишимиз ва амалга оширишимизни билдирамиз. Биз бугундан кучга кирган сулҳни эълон қиламиз», — дейилади кўплаб мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган партия ижроия қўмитаси баёнотида.

Шу билан бирга, РКК вакиллари ўт очишни тўхтатиш партияга ҳужум қилинган заҳотиёқ тугашини қайд этишган. Шунингдек, қуролсизланиш фақат Абдулла Ўжалан раҳбарлигида амалга оширилиши таъкидланган, шу муносабат билан Туркия ҳукуматининг уни озод қилишига умид билдирилган. Бундан ташқари, РКК ўз баёнотида ўзини-ўзи тарқатиб юбориши учун қурултой чақиришга тайёрлигини қўшимча қилган.

Туркия ҳукумати Туркия ва Ироқдаги камида 5000 жангари қуролларини ташлашини кутмоқда.

Туркия, Европа Иттифоқи ва АҚШ РККни тинч аҳолига уюштирган ҳужумлари туфайли террорчилик ташкилоти қаторига киритади. Ўжалан ва Туркия ҳукумати ўртасидаги музокаралар ўтган йили бошланган ва Туркия миллий етакчиси, Миллий ҳаракат партияси (МНР) раиси ва Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг иттифоқчиси Девлет Бахчели томонидан оммага ошкор қилинган эди.

Октябрь ойида Бахчели Ўжаланни РККни тарқатиб юборишни расман эълон қилиш учун парламентга чиқишни таклиф қилганди, бу эса уни «умид ҳуқуқи» тамойили асосида озод қилиш учун қонуний жараёнга йўл очиши мумкин эди. Бу таклиф МНР партиясининг курд муаммосидаги анъанавий қатъий позициясини ҳисобга олган ҳолда кутилмаган бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия тарғиботи қозоғистонликларга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида

  • Оға Хон жамғармаси Кобулдаги қадимий Боло-Ҳисор қалъасини археология паркига айлантирмоқда

  • Нима учун Пекин умумий чегарага эга бўла туриб, толиблар билан Марказий Осиё орқали савдо қилаётгани ҳақида

  • Нима учун хитойликлар спиртли ичимликларни кўллар билан ўлчаши ва Фарғона узуми империянинг таъм дидини абадий ўзгартириб юборгани ҳақида