Қозоғистонда сунъий интеллектдан фойдаланиш чекланади

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистонда инсон аралашувини истисно қилувчи сунъий интеллект тизимлари тақиқланади. 3 март куни парламент қуйи палатаси мажлисида тақдим этилган «Сунъий интеллект тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва унга киритилган қўшимчаларда шу ҳақда сўз юритилади, деб ёзади Vlast.kz.

Қонунда Қозоғистон ҳудудида инсон аралашувисиз қарорлар қабул қиладиган тизимларни яратиш ва жорий этиш тақиқланади, бу эса «назорат қилиб бўлмас оқибатлар эҳтимолини камайтиради». Бундан ташқари, ҳужжат сунъий интеллект эгалари ва ишлаб чиқувчиларидан фойдаланувчиларни сунъий интеллект билан ўзаро алоқада экани ҳақида огоҳлантириши, шунингдек, унинг ишлаш тамойилларини тушунтириш бериши талаб этилади.

Ўзгартиришларга кўра, республикадаги сунъий интеллект тизимлари хавф даражасига кўра таснифланади. «Кам хавфли тизим бугунги кунда регуляторлар учун алоҳида қизиқиш уйғотмайди, у бозорда ривожланади. Юқори ва ўрта рискли тизимлар эса қонун лойиҳаси билан тартибга солинади ва бундай механизмлар киритилган. Булар инсон ҳаёти ва соғлиғи, давлат бошқаруви ва қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ бўлган тизимлардир», — дея тушунтирди парламент депутати Екатерина Смишляева.

Ўзгартиришларнинг яна бир тўплами шахсий маълумотларни ҳимоя қилишни кучайтириш ва манипуляция олдини олиш билан боғлиқ. Хусусан, одамларни ижтимоий, биометрик ва хулқ-атвор хусусиятларига кўра баҳолаш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича қатъий чекловлар, шунингдек, инсон хатти-ҳаракатларини бошқаришга қодир бўлган сунъий интеллектни яратиш ва ундан фойдаланишни тақиқлаш жорий этилади.

Ниҳоят, ҳужжат сунъий интеллект миллий платформасини яратиш учун норматив-ҳуқуқий базани ҳозирлайди. Бунинг зарурлиги республикада кўп йиллардан буён муҳокама қилинмоқда. 2023 йили Президент Қосим-Жомарт Тўқаев бу ишнинг муваффақияти «Қозоғистоннинг келажаги ва унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни билан боғлиқ» эканини айтиб, мазкур соҳани шахсан ўзи назорат қилишга ваъда берган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ