Москва вилоятининг Шчёлково шаҳрида янги туғилган чақалоқни сотиш бўйича келишув тузгани учун Қирғизистон, Туркманистон ва Россия фуқаролари қўлга олинди. Бу ҳақда Turkmen.News нашри ИИВнинг Москва вилояти бўйича бош бошқармаси матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, туркманистонлик 31 ёшли аёл ҳомиладорликнинг кеч босқичида қирғизистонлик эр-хотин билан бўлажак фарзандини сотишга келишиб олади. Болани бериш схемасида хусусий клиникалардан бирининг акушер-гинекологи бўлган россиялик аёл ҳам иштирок этади.
Потенциал фарзанд асраб олувчилар узоқ текширилиши ва бунга кўплаб ҳужжатлар талаб этилиши сабаб, Россияда фақат ушбу мамлакат фуқароларигина фарзанд асраб олиши мумкин. Шундай қилиб, эр-хотин бола туғилгандан сўнг дарҳол уларни фарзанднинг ота-онаси сифатида рўйхатдан ўтказиши керак бўлган одамни топишга қарор қилишади. Мигрантлар хусусий клиникалардан бирининг акушер-гинекологига мурожаат қилишади. Шифокор аёл паспортини олиб, туғаётган ҳомиладор аёлга беради. Натижада янги туғилган чақалоқ Туркманистон фуқаросига эмас, балки тақдим этилган паспорт эгаси номига рўйхатга олинади.
Мазкур схемани ташкил этгани учун 25 йиллик тажрибага эга доя қирғизистонликлардан 150 минг рубль (1500 доллар) олган. Боланинг онаси 10 минг рубль (100 доллар) ва 2300 рубллик қишки этик олган.
Полиция мазкур воқеа ҳақида акушер-гинеколог ҳамкасбларидан бирининг хабаридан билиб қолган. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари барча гумонланувчиларни ҳибсга олган. Уларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 127.1-моддаси («Одам савдоси») бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ушбу модда бўйича ҳар бир шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Чақалоқ ҳозирча касалхонада.