6 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг мусодара қилинган активларидан 182 миллион долларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича келишув имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон ҳукумати ва Швейцария Федерал кенгаши ўртасида «Мусодара қилинган автивларни тақсимлаш» тўғрисидаги битимни республика Адлия вазири Акбар Тошқулов ва Швейцария элчиси Константин Оболенский имзолади.
«Битим доирасида тахминан 182 млн доллар миқдоридаги маблағлар Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган. Мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йили Швейцария Бош прокуратураси томонидан Г.Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иш юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган эди», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.
Маблағлар БМТ қошида ташкил этилган Uzbekistan Vision 2030 кўп томонлама траст фонди орқали қайтарилади. Томонлар 2022 йил августида ушбу қайтариш усули бўйича келишиб олишган. Мазкур фондга тушган маблағларни қашшоқлик ва очарчиликка барҳам бериш, сифатли таълим, гендер тенглиги, тоза сув ва санитария, муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш ва бошқа масалаларни ўз ичига олган Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш учун фойдаланишга қарор қилинган.
👉 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Ўзбекистон биринчи президенти тўнғич қизининг хориждаги жиноий активларининг умумий миқдори қарийб 1,3 миллиард долларни ташкил этишини маълум қилганди.
2020 йил май ойида Франция Каримованинг 10 миллион долларлик активларини Ўзбекистонга қайтарди, ўша йилнинг сентябрида Швейцария Ўзбекистон билан 131 миллион долларни қайтариш бўйича битим имзолади, 2022 йил февралида Франция яна 10 миллион долларни қайтарди.
2023 йил сентябрида Каримовадан мусодара қилинган 43,5 миллион доллар БМТнинг Ўзбекистонда оналар ва янги туғилган чақалоқлар ўлимини камайтириш дастурини қўллаб-қувватлашга сарфланиши хабар қилинган эди.
Адлия вазирлиги биринчи келишувни ҳисобга олган ҳолда Швейцария жами 313 миллион долларни қайтариб беришини қайд этди.
![](https://uz.fergana.agency/siteapi/media/images/7173e1a4-b720-4455-ade7-c21143d1d93c.jpeg?width=742)
ℹ️ Гулнора Каримова ва унга алоқадор компанияларнинг жиноий фаолияти юзасидан тергов ишлари Европада 2012 йили бошланган эди. Каримова Ўзбекистон бозорига кириш учун телекоммуникация компанияларидан (TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС) катта миқдордаги пулларни ноқонуний олганликда, кейин эса бу маблағларни хорижда, асосан Швейцарияда ювишда айбланган. 2018 йили Швейцария Каримованинг 555 миллион доллардан ортиқ маблағини мусодара қилганди.
Ўзбекистонда 2013 йилдан буён Каримовага нисбатан давлат маблағларини ўғирлаш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва жиноий ҳамжамият ташкил этиш бўйича бир неча жиноий иш очилган. У бир қанча жазо, жумладан 13 йиллик қамоқ жазосини олган ва Тошкент яқинидаги аёллар қамоқхонасига юборилган.