Асқар Акаев: Мутахассислар «лола инқилоби»га 50 миллион долларгача пул сарфланганини қайд этишади

Асқар Акаев рафиқаси Майрам билан. rg.ru сайти фотосурати

Мутахассислар 2005 йилдаги «лола инқилоби» харажатларини 10 миллион доллардан 50 миллион долларгача баҳолашади, бу ҳақда Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев 80 йиллик юбилейи муносабати билан «Российская газета»га берган интервьюсида айтиб ўтди.

Акаевнинг сўзларига кўра, бу инқилоб АҚШ учун нисбатан арзон бўлган, бироқ буни Қирғизистон халқига нисбатан айтиб бўлмайди: мамлакат «деярли 15 йиллик беқарорлик ва тартибсизликни, шунингдек, иқтисодий турғунликни бошидан кечирди. Бу йилларни халқ ҳақли равишда «йўқотилган ўн йиллик» деб атайди»».

Акаевнинг таъкидлашича, «рангли инқилоблар» кўпинча номақбул раҳбарларни ағдариш учун ишлатилади. Унинг фикрича, у икки сабабга кўра Америка Давлат департаментининг нишонига айланган:

👉 2003 йили Қирғизистонда Россия ҳаво базасини ташкил этиш ташаббуси туфайли:

👉 2004 йили «Манас» аэропортида Америка разведка самолётини жойлаштиришдан бош тортгани сабабли.

Шундан сўнг, Акаевнинг қайд этишича, унга ва унинг оиласига қарши катта молиявий оқимлар билан қўллаб-қувватланган кенг кўламли ахборот кампанияси бошланган.

«Қўшма Штатлар муросасиз радикал мухолифатга республиканинг қонуний ҳокимиятига қарши кураши учун саховатли молиявий ёрдам кўрсатди. Қолаверса, АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Стивен Янг мухолифат кучларини «лола инқилоби» деб аталмиш воқеага тайёрланишини шахсан ва очиқчасига назорат қилган»,дея таъкидлайди Қирғизистоннинг биринчи президенти.

Акаевга кўра, мухолифат халқни ҳақиқий инқилобга кўтаришга қодир эмаслигини англагач, давлат тўнтаришини амалга ошириш учун жиноий унсурлар ва наркомафияга мурожаат қилган. Унинг иддао қилишича, 2005 йил 24 март воқеалари халқ инқилоби бўлмаган.

«Республика иқтисодиёти 2000-йиллари юксалиб, иқтисодий ўсишнинг ўртача суръати 6 фоизни ташкил этган бўлса, 2004 йили бу кўрсаткич 7 фоизга етди. 2005 йилнинг март ойига келиб Қирғизистон барқарор ва фаровон давлатга айланди, сиёсий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан муваффақиятли ислоҳ қилинди. Қирғизистоннинг халқаро нуфузи ҳам юқори бўлган, республикамиз бутун дунёда «Марказий Осиёда демократия ороли» деб аталган», – дея эслайди Акаев.

У «2005 йил 24 мартда Бакиев, Ўтунбаева ва Атамбаев бошчилигидаги бир гуруҳ фитначилар наркобаронларнинг жиноий кучларига, шунингдек, АҚШнинг молиявий ва ахборот кўмагига таяниб, давлат тўнтаришини амалга оширишган».

Ақаев ўша кунги президент сифатида сўнгги буйруғини эслайди: «Ҳеч қандай шароитда ҳам ўқ узилмасин!». Унинг фикрича, ўз фуқароларига қарши куч ишлатишни қабул қилиб бўлмасди. У анархия инқирози олдини олиш ва халққа янги раҳбар танлаш имкониятини бериш мақсадида ўз ихтиёри билан президентлик лавозимини тарк этган. Акаев президентлик муддатини муносиб якунлаб, ҳокимиятни қонуний йўл билан бошга шахсга ўтказа олмаганидан афсус билдирган.

ℹ️ Асқар Акаев 1944 йил 10 ноябрда туғилган. У мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб 15 йил давомида Қирғизистон президенти лавозимини эгаллаган. У 2005 йили «лола инқилоби» деб аталган воқеа натижасида ағдарилган. Акаев оила аъзолари билан Россияга қочиб кетган ва у ерда Ломоносов номидаги Москва давлат университетига ишга жойлашиб, илмий ва педагогик фаолият билан шуғуллана бошлаган.

Шу билан бирга, Ақаев ўз ватанида мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда шериклик ва масъулиятсизликда айбланган. 2021 йил августида Акаев Қирғизистонга келиб, тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган. 2023 йили унга нисбатан жиноий таъқиб даъво муддати ўтгани сабабли тугатилган.

2024 йил сентябрида Акаев Қирғизистон ҳукуматига 2010 йили муваққат ҳукумат қарори билан маҳрум бўлган собиқ президент мақомини қайтаришни сўраб мурожаат қилган. Республика парламенти унинг илтимосини рад этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати