Туркия яшил иқтисодиёт лойиҳалари эвазига Қирғизистон ташқи қарзини кечирди

Ражаб Эрдўғон ва Садир Жапаров. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Туркия яшил иқтисодиёт лойиҳалари эвазига Қирғизистоннинг 62,3 миллион долларлик қарзини кечирди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров туркиялик ҳамкасби Ражаб Эрдўғон билан музокарадан сўнг маълум қилди, деб ёзади Tazabek.kg. 24.kg хабарига кўра, 58,9 миллион доллар ҳисобдан чиқарилган.

Эрдўғон 4 ноябрь куни Бишкекка давлат ташрифи, шунингдек, 6 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Туркий Давлатлар Ташкилотининг (ТДТ) ХI саммитида иштирок этиш учун келди. Эрдўғон келганининг эртасига Жапаров билан музокаралар ўтказди.

«Мен президент Эрдўғонга Қирғизистоннинг Туркия олдидаги ташқи қарзини кечиш тўғрисида қарор қабул қилгани учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман», — деди Жапаров музокаралар якунлари бўйича матбуот анжуманида.

Қирғизистон раҳбари бир неча бор бошқа давлатлар ва молия институтлари Қирғизистонда энергетика объектлари ва гидроэлектр станциялари қурилишида иштирок этиш эвазига республиканинг ташқи қарзини ҳисобдан чиқаришни таклиф қилган.

«Ташқи қарзни тўлаш учун ажратилган маблағ яшил ташаббусларни қўллаб-қувватлашга сарфланса яхши бўларди. Биз бу лойиҳаларни фақат донорлар ва ҳамкорлар молиялаши керак, демаяпмиз. Биз ҳам сармоя киритишга тайёрмиз», — деди Жапаров.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 2023 йил январь ойида турк депутатларига яшил иқтисодиётдаги лойиҳаларга қарзни алмаштириш ғоясини тақдим этганди. Шундан сўнг томонлар иқтисодиёт ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, Қирғизистон-Туркия тараққиёт жамғармасини тезроқ ташкил этиш бўйича келишиб олдилар.

👉 Эслатиб ўтамиз, бу Туркиянинг Қирғизистон қарзини биринчи марта кечираётгани йўқ. 2011 йили Анқара Қирғизистоннинг сўнгги 15 йил ичида тўпланиб қолган 51 миллион долларлик ташқи қарзидан воз кечганди.

ℹ️ Қирғизистон Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йил августига келиб мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 4,6 миллиард долларни ташкил қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати