Алмазбек Атамбаев Садир Жапаровга мухолифат ва ОАВга босим ўтказмасликни маслаҳат берди

Алмазбека Атамбаевнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси фотосурати

Қирғизистонда 7 апрель куни нишонланадиган Апрель инқилобининг 13 йиллиги муносабати билан мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев амалдаги давлат раҳбари Садир Жапаровни мухолифат, оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорларни таъқиб қилмасликка чақирди.

«Давлат раҳбарига битта маслаҳат шуки, унга турли хил ўйлаб топилган фитналар ҳақида хабар бериб, йўқ жойдан жиноий ишларни тўқиб чиқараётганларга ишонмасин. Айниқса, бу ишлар оммавий ахборот воситаларига, журналистларга, блогерларга ва маҳаллий бизнесга қарши йўналтирилган бўлса. Шуни унутмаслик керакки, мухолифат ҳар қандай демократик давлатда тараққиётнинг ажралмас элементи ҳисобланади.

Мен қилган хатоларни такрорламаслик лозим. Бу президент ва бутун мамлакатга фақат соя солади», — деб ёзган Атамбаев Қирғизистон халқига мурожаатида.

Собиқ президент 2010 йил апрель воқеаларини эслар экан, «намойишчиларнинг ўққа тутилганига қарамай, оддий одамлар тик туриб, сиёсатчилар ва журналистларни ўлдириш, жамиятда қўрқув уйғотиш орқали одамларни бошқаришига йўл қўймасликларини, ҳукумат тепасидасида ўғриларга тоқат қилмаслигини дунёга кўрсатиб қўйгани»ни таъкидлади.

2011 йил декабридан 2017 йил ноябригача энг юқори лавозимни эгаллаган Атамбаев ўз фаолияти давомида эришган ютуқларини санаб ўтди:

👉 аҳоли турмуш даражаси, айниқса, қишлоқларда юксалгани;

👉 миллий иқтисодиётни яхшилаш, энергия қувватларини ошириш, газ таъминоти яхшилангани;

👉 янги йўллар ва мактаблар фаол таъмирлангани ва қурилгани;

👉 биометрикдан фойдаланган ҳолда янги сайлов жараёни тизимини яратилгани;

👉 қатор мафкуравий дастурларни амалга оширилгани.

«Айнан мана ўша йилларда Қирғизистон 1916 йилдаги миллий фожиа қурбонлари олдидаги хотира қарзини илк бор давлат даражасида тўлаган, нуфусли Халқаро кўчманчилар ўйинларининг ташаббускори ва ташкилотчиси бўлди», — дея эслайди Атамбаев. Ва у «2018 йилдан бошлаб ўша пайтдаги ҳокимият Апрель инқилоби ютуқларини қўлдан чиқара бошлаганидан» афсусда эканлигини билдирган.

«Мен президент атрофидаги баъзи одамлар Бакиев режимининг тикланишини, ўтмишга қайтишни истаётганларини кўрдим. Ўшанда Садир Жапаров уларни қўллаб-қувватламаганидан хурсандман. Умид қиламанки, у ҳаммасини ўзи ҳал қилади», — деб ёзган Атамбаев. Унинг қўшимча қилишича, амалдаги президентга ўз муддатини тинчгина якунлаш имкониятини бериш тўғри бўлади.

Атамбаев Қирғизистонда муваффақиятли давлат бошқаруви халқнинг ихтиёрий бирлиги шароитидагина мумкинлигига ишонч билдирди, бунинг йўли демократия, ҳокимият ва фуқаролик жамияти, сиёсий партиялар ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг яқин ҳамкорлиги орқали ўтади.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 6-7 апрель кунлари Қирғизистонда Қурманбек Бакиев ҳокимиятининг ағдарилишига олиб келган воқеалар содир бўлганди. Бишкекдаги қуролли тўқнашувларда 80 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 1500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бакиев мамлакатни тарк этган, ҳокимият Роза Отунбаева бошчилигидаги Муваққат ҳукуматга ўтган, Атамбаев унинг биринчи ўринбосари эбўлган. 2011 йилги сайловларда Атамбаев Қирғизистон президенти этиб сайланган. Кейинчалик у Конституцияда белгиланган муддат тугагандан сўнг ўз лавозимини ихтиёрий, тинч ва тириклигида тарк этган Марказий Осиёдаги биринчи давлат раҳбарига айланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ