Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Марказий Осиё мамлакатларига ташрифини бошлади

Дэвид О’Салливан Бишкекдаги брифингда. Kaktus.media сайти фотосурати

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан (David O'Sullivan) Қирғизистонга келди ва у ерда 28 март куни мамлакат раҳбарияти вакиллари билан учрашди. Брифингда у Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш бўйича саволлар туғилган Ўзбекистон, Қозоғистон ва яна бир қатор давлатларга ташриф буюришини маълум қилди.

«Биз Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватламайдиган давлатларнинг фикрини ҳурмат қиламиз. Аммо биз уларнинг санкцияларни четлаб ўтиш платформасига айланишини истамаган бўлардик», — деб тушунтирди О’Салливан Бишкекдаги брифингда.

«Вазифамиз санкцияларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашдан иборат. Савдо оқимларини таҳлил қилгач, биз илгари сезилмаган ўсишни қайд этяпмиз. Қирғизистон ҳам шундай давлатлардан бири. Аммо шуни таъкидлайманки, бу ягона давлат эмас. Мен БАА, Туркияга ташриф буюрдим. Қозоғистон, Ўзбекистон, Грузия ва Арманистонга бориш ниятидаман», — дея ЕИ вакили сўзларини келтиради 24.kg нашри.

О’Салливан айтишича, 2022 йил охирига келиб Европа Иттифоқидан Қирғизистонга товарлар экспорти 300 фоизга, баъзи позициялар учун — илғор технологиялар ва икки томонлама мақсадли маҳсулотлар — 700 фоизга ошган.

«Биз билмоқчимиз: талаб ва иштаҳангиз ортганми ёки товарлар Россияга экспорт қилиняптими? Агар иккинчиси бўлса, турган гап бу муаммоларни келтириб чиқаради»,

— дея О’Салливан Kaktus.media.

Махсус вакилнинг сўзларига кўра, ЕИ экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳарбий мақсадларда қўлланилишини, бутловчи қисмлар эса Россия қуролларида бўлишини истамайди.

«Россия Федерацияси орқали транзит ўтаётган кўплаб товарлар у ерда қолаётганидан хавотирдамиз. Биз бундай эмаслигини тасдиқлашни истаймиз. Биз аллақачон Россия орқали айрим товарлар транзитини тақиқлаб қўйганмиз ва рўйхатни кенгайтиришни истамаймиз. Биз ҳамкорлардан бундай бўлмаслигига сўз беришларини истаймиз», — деди О’Салливан.

Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи санкцияларга қўшилмаган давлатлар расмийлари билан алоқа каналларини йўлга қўйиши муҳим. Шу билан бирга, ЕИ ҳар бир давлатнинг ўзига хос иқтисодий ва сиёсий контексти борлигини тушунади.

«Биз буни ҳурмат қиламиз. Биламизки, Қирғизистон Россия билан кучли ва кенг савдо-иқтисодий алоқаларга эга. Биз уларга зарар етказмоқчи эмасмиз. Биз Европа Иттифоқи ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва яхшилаш устида ишлаяпмиз. Бу савдо оқимлари ва кўриладиган чоралар ҳақида аниқ маълумот олиш учун мулоқотни талаб қилади. Биз назорат қилувчи органлар салоҳиятини ошириш учун ёрдам беришга тайёрмиз. Улар санкцияларнинг характер ва моҳиятини яхшироқ тушунишлари керак. Биз кузда бу мақсадда алоҳида миссия юборишга тайёрмиз», — деб таъкидлади Дэвид О’Салливан.

Аввалроқ, март ойи ўрталарида The Economist журнали Россиянинг геосиёсий иттифоқчилари ҳисобланган мамлакатлар рейтингини тузган эди. Унда Қирғизистон учинчи (Беларус ва Арманистондан кейин), Қозоғистон ва Тожикистон тўртинчи, Ўзбекистон Никарагуа ва Ҳиндистон билан ўнинчи ўринни эгаллаган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ