Футбол бўйича Туркманистон аёллар терма жамоаси 2024 йилги Олимпиада саралаш ўйинларида иштирок этишдан бош тортди

Туркманистон аёллар терма жамоаси. turkmenportal.com сайти фотосурати

Туркманистон аёллар терма жамоаси 2024 йили Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларининг саралаш босқичида иштирок этишдан бош тортди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.

Туркманистон терма жамоаси 2024 йилги Олимпиада ўйинларининг биринчи саралаш босқичида иштирок этиши режалаштирилган эди. 2 дан 11 апрелга қадар Бишкекда Туркманистондан ташқари Ҳиндистон ва Қирғизистон ўрин олган G гуруҳи ўйинлари марказлаштирилган форматда ўтказилиши керак эди. Гуруҳ ғолиби кейинги саралаш босқичига йўл олади.

Шу тариқа, Олимпиада йўлланмаси учун Қирғизистон ва Ҳиндистон терма жамоалари курашади ва улар иккита ўйин ўтказади – 4 ва 7 апрель кунлари.

Туркманистон терма жамоасининг рад этиш сабаблари айтилмаган. Туркманистон томони бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермаган.

Рад этиш тўғрисидаги қарор кутилмаганда бўлди, чунки январь ойи бошида Туркманистон ҳукумати ОАВда республика аёллар терма жамоаси бу йил баҳорда илк бор Олимпия ўйинлари саралаш турнирида иштирок этиши ҳақида хабар берилган эди. Терма жамоани 2023 йилнинг январь ойида бўладиган мусобақага тайёрлаш мақсадида терма жамоа бош мураббийи Комил Мингазов билан шартнома муддати ҳатто узайтирилганди.

Кейинроқ Мингазов Туркманистоннинг Orient газетасига берган интервьюсида футболчилар қитъа турнирларига ҳам, 2024 йилги Олимпия ўйинлари саралашига ҳам тайёргарлик кўраётганини тасдиқлади.

«Имкониятлар тенг. Гуруҳимизнинг фаворити Ҳиндистон, аммо гуруҳдан чиқиш учун курашамиз», — деганди мураббий қуръа натижаларини шарҳлар экан.

2022 йил июль ойида Туркманистон терма жамоаси Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) нинг Душанбе шаҳрида ўтказилган илк чемпионатида иштирок этиб, икки бор дуранг ўйнади. Ўша йилнинг август ойида туркманистонлик аёллар йил якунига кўра 187 жамоа орасида 137-ўринни эгаллаб, биринчи марта ФИФА рейтингига киришди.

Олимпиаданинг биринчи саралаш босқичида Марказий Осиёнинг қолган аёллар терма жамоалари иштирок этади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Иордания, Шарқий Тимор ва Бутан билан ўйнайдиган гуруҳдан жой олди. Тожикистонлик футболчилар Е гуруҳидан жой олди ва улар кейинги босқич учун Филиппин, Гонконг ва Покистон терма жамоалари билан куч синашади. Қозоғистон терма жамоаси 2023 йил 20 сентябрдан 5 декабргача бўлиб ўтадиган УEФА Миллатлар Лигаси орқали Олимпиадада иштирок этиш учун кураш олиб боради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ