Қирғизистонда қарийб 40 йил давомида биноларнинг сейсмик чидамлилиги синовдан ўтказилмаган. Бу ҳақда Сейсмик чидамли қурилишлар бўйича халқаро экспертлар уюшмаси президенти Улуғбек Бегалиев маълум қилди, деб ёзади 24.kg.
Бегалиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистонда сейсмик чидамликни текшириш учун ишлатиладиган учта тебраниш машинаси мавжуд.
«Улар бинонинг юқори қисмида ўрнатилади. Улар аниқ натижалар беради. Совет даврида синовлар Фрунзеда ўтказилган. Аммо қарийб 40 йил давомида бу ишлар амалга оширилмаган. Нега улар тўхтаган? Ўйлайманки, агар оптималлаштириш, ислоҳотлар пайтида бирон бир тузилмани олиб ташласанса, унинг функцияларини кимгадир ўтказиш керак бўлади», — дейди сейсмолог.
Бегалиев тушунтирганидек, авваллари мамлакатда намунавий лойиҳа мавжуд бўлган — илмий-тадқиқот институтлари биноларнинг сейсмик чидамлилигини ўрганиб, синов натижаларига кўра лойиҳалаш учун рухсатнома беришган. Ҳозир эса Қирғизистонда, унинг сўзларига кўра, «қурилиш лоббиси» мавжуд.
«Улар Жогорку Кенешда (парламентда) ҳам ўтиришади. Бизда қурилиш лоббиси жудаям улкан. Икки ҚНвҚ (қурилиш номалари ва қоидалари) тўрт йилдан бери параллел равишда ишлайди. Эскисига кўра, 8 балл, иккинчисига кўра — 9 балл бўлган зоналарда қуриш қулай. Мени ташвишга соладиган яна бир нарса — бу ҳам бўлса каркас бинолари. Агар илгари нормативда 7-9 қават деб ёзилган бўлса, бугунги кунда улар 12-14 қават қилиб қуриляпти. Агар бундай бинолар янги стандартлар жорий этилишидан олдин қурилмаган бўлса, унда уларни текшириш керак. Бугунги кунда қурилиш стандартлари хориждан тайёр ҳолда олиб келинган лойиҳаларга мослаштирилмоқда», – деди Бегалиев.
Миллий фанлар академияси президенти, Қирғизистон Сейсмология институти лаборатория мудири Канатбек Абдраҳматовнинг сўзларига кўра, республика иккита йирик тектоник плиталар туташган жойда жойлашган ва бу ерда зилзилалар мунтазам равишда содир бўлиб туради – ўртача йилига 12 мингга яқин. Уларнинг аксарияти фақат қурилмалар ёрдамида қайд этилади. Аммо ҳар йили тахминан 10-15 та ҳодиса 4-5 баллга эга бўлади.
Қирғизистонда 6 февралдаги Туркия ва Сурияда содир бўлган ва камида 40 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган 7,8 магнитудали зилзилалардан сўнг сейсмик хавф масаласи жонланиб қолди.