Қирғизистон номидан ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган Россия чемпиони қувончидан йиғлаб юборди

Сардана Трофимова. ysia.ru сайти фотосурати

Марафон бўйича беш карра Россия чемпиони, енгил атлетика бўйича халқаро спорт устаси Сардана Трофимова Қирғизистон терма жамоаси сафида ўйнашга расмий рухсат олди. Бу ҳақда Халқаро енгил атлетика федерациясига асосланиб, АКИпресс хабар берди.

Федерация қарорига кўра, Трофимова 2022 йил 22 ноябрдан Қирғизистонни халқаро майдонда ҳимоя қилиш имкониятини қўлга киритди. Ариза карантинсиз маъқулланди, чунки спортчи Бутунроссия енгил атлетика федерацияси (АРАФ) вакили эмас, 2015 йилдан бери допинг можароси туфайли халқаро мусобақалардан четлаштирилган, аммо 2019 йилдан нейтрал спортчи сифатида турнирларда қатнашаётган эди.

«Йиғлаб ўтирибман,чунки мен буни узоқ кутгандим. Мен мураббийимга айтдим. Энди стартни танлаб, машқларни бошлаймиз. Мотивациялар кўп, — дейди Трофимова.

Трофимова 2018 йилдан буён Қирғизистонда яшаб, машғулотлар олиб боради, 2022 йил май ойида республика фуқаролигини олган, июль ойида эса спорт бўйича фуқаролиги ўзгарганини маълум қилган. Бундай қарорга асосий сабаб сифатида 34 ёшли спортчи халқаро турнирларда қатнаша олмаслиги, кетма-кет иккита Олимпиадани ўтказиб юборгани ва Россиядаги ноаниқ истиқболларни таъкидлайди. Спортчи янги жамоа сафига киритилса, 2024 йилги Париж Олимпиадасига боришни режалаштирмоқда.

Собиқ боксчи, РФ Давлат Думаси депутати Николай Валуев россиялик спортчиларнинг «ҳозирги пайтда» фуқаролигини ўзгартиришини «хиёнат» деб атади.

Якутиялик Сардана Трофимова сўнгги йиллардаги энг кучли россиялик марафончи ҳисобланади. У марафонда беш марта чемпионлик ва икки марта Россия кубогини қўлга киритган. Уч марта Москва марафонида ғолиб чиққан.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ