Мажлисда қатнашмаган қирғиз депутатларининг маоши кесилади

Мажлисда депутатларнинг учдан икки қисми қатнашмаган. 24.kg сайти фотосурати

Қирғизистон парламенти Жогорку Кенеш депутатларининг маошлари мажлисларда иштирок этилмаганлик учун кесилади. Бу ҳақда спикер Нурланбек Шакиев 16 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради «Азаттик» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати).

«Келинглар, тартибни ўзимиздан бошлайлик. Узрли сабабсиз ишга келмайдиган депутатлар бор. Саккиз соатлик иш меъёрига риоя қилиняптими ёки йўқ, буни текширамиз. Агар депутатлар узрли сабабларсиз йиғилишларда қатнашмаса, Меҳнат кодексига мувофиқ унинг маошидан ушлаб қоламиз», — дея огоҳлантирди Шакиев.

Унга кўра, давоматни текшириш шу ҳафтадан бошланади.

Қирғизистонда кўп йиллардан буён депутатларнинг мажлисларга келмаслиги масаласи кўтарилиб келинмоқда. Хусусан, 2019 йили йиғилишларда ўртача 120 нафар депутатдан 40 нафари иштирок этгани, 2016 йилнинг 15 июндан 2020 йилнинг 1 апрелига қадар 131 нафар депутат ялпи мажлисларга 938 марта келмагани маълум қилинган. Масалан, 2022 йили Соғлиқни сақлаш вазирини кўриб чиқиш ва тасдиқлашда 90 депутатдан 30 нафари иштирок этган.

Шу билан бирга, «Жогорку Кенеш депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунга кўра, парламент аъзоси «ўзи аъзо бўлган Жогорку Кенеш, фракция, қўмита ва муваққат комиссия мажлисларида (узрли сабаблар бундан мустасно) кўрилган масалалар бўйича ҳозир бўлиши ва овоз беришда иштирок этиши керак. Депутатнинг бир сессия давомида узрли сабабларсиз 30 ва ундан ортиқ иш куни давомида парламент мажлисларига келмагани унинг муддатидан олдин озод этилишига сабаб бўлади.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, парламент спикери маоши 30 минг сўм (357 доллар), унинг ўринбосарлари 27 минг (321 доллар)ни ташкил қилади. Фракция етакчилари ва қўмита раҳбарлари учун 26 минг сўм (309 доллар), депутатлар учун эса 25 минг сўм (297 доллар) миқдорида маблағ белгиланган. Бундан ташқари, улар хизмат стажига ва синф даражасига қараб нафақа олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Шунингдек, ҳар бир депутатга техника ёқилғиси, мобил алоқа, канцелярия ва ҳоказолар учун бюджетдан 40 минг сўм (476 доллар) ажратилган. Сентябрь ойида депутатлар бу миқдорни 80 минг сўмга (952 доллар) оширишни таклиф қилишганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ