Ўзбекистон ва Қирғизистон Самарқанддаги саргузаштлар ҳақида фильм суратга олишга келишиб олди

Меморандум имзоланиш маросими. Ташкилотчи фотосурати

Ўзбекистон ва Қирғизистон XIV Тошкент халқаро кинофестивалининг ишбилармонлик дастури доирасида ҳамкорлик меморандуми имзолади ва «Бир замонлар Самарқандда» саргузаштли фильмини ҳамкорликда суратга олишга келишиб олди.

Меморандумни Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдуҳолиқов ва Қирғизистон Маданият, туризм, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳузуридаги Кинематография департаменти директори Муктали Бектеналиев имзолади. Томонлар кинематография соҳасида самарали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Кинофестивалнинг бизнес дастури доирасида Россия компаниялари билан ҳамкорлик бўйича учта меморандум ҳам имзоланди. 15 сентябрь куни Ўзбекистон кино кунларида қатор давлатлар билан яна 30 та шартнома имзоланади.

«Ипак йўли дурдонаси» XIV Тошкент халқаро кинофестивали 13—18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Анжуманда дунёнинг 40 та давлатидан 500 дан ортиқ кинематографлар иштирок этади. Кинофестиваль доирасида 150 та бадиий, ҳужжатли ва қисқаметражли фильмлар намойиш этилади. Тадбирлар ва фильмлар намойишининг жадвали билан кинофестиваль ташкилотчисининг расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ