Путин Россияда мигрантлар учун мослашув марказларини ташкил этиш таклифини маъқуллади

Ижтимоий мослашув маркази. krasnoyarsk.bezformata.com сайти фотосурати

Россия президенти Владимир Путин Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлик (МИФА) раҳбари Игорь Бариновнинг мигрантлар учун мослашув марказларини ташкил этиш таклифини қўллаб-қувватлади ва Россия Федерациясида хорижликларнинг ижтимоий изоляция қилинишининг олдини олишга чақирди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Путинга кўра, ижтимоийлашув бўйича ишлар муҳожирлар ватанида бошланиши керак.

«Ҳамкасбларимиз бунга рози, улар қўшилишга тайёр. Мен кўплаб ҳамкасбларим билан гаплашяпман, кўпчилик аллақачон бунга қўшилган, биз бу борада фаолроқ бўлишимиз керак. Ҳеч ким қарши эмас, ҳеч ким эътироз билдирмайди. Аксинча, Ўзбекистонда, Тожикистонда, Қирғизистонда — ҳаммаси чин кўнгилдан бу ишларни бажаришади. Биз у ерда фаолроқ бўлишимиз керак, зеро улар бундан манфаатдор. Улар яхши билишадики, одамлар ўз ватанларини тарк этиб, бизга келганларида мослашиши, маданиятимизни, тилимизни, Россия қонунчилигини билиши керак», — деди президент Баринов билан суҳбат чоғида.

Ўз навбатида, МИФА раҳбари мигрантларнинг ижтимоий изоляцияси олдини олиш бўйича янги чора-тадбирлар комплекси бўйича иш бошлангани ҳақида маълум қилди ҳамда жамоат ва диний ташкилотларни жалб қилган ҳолда мигрантларни ижтимоийлаштирув бўйича ишларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бариновга кўра, миграция жараёнлари баъзан айрим ҳудудларда этник-маданий ландшафтни шакллантиради ва мавжуд шароитни ўзгартиради.

«Анклавларнинг шаклланиши хавфи бор, этник жиноятлар кучаймоқда, меҳнат бозорининг айрим соҳалари жуда жиддий босим остида ва, албатта, мезбон ҳамжамият томонидан салбий муносабат мавжуд. Мигрантларнинг ижтимоий-маданий мослашуви бўйича ишларни кучайтириш жуда муҳим» -деб ҳисоблайди агентлик раҳбари.

Баринов «амалда, қоида тариқасида, энг самарали механизмлардан бири — мослашув марказларини яратиш эканлиги, ҳозирда бундай инфратузилма йўқ»лигини, деб тан олди. У бу йўналишдаги ишларни бир қанча пилот ҳудудларда бошлашни таклиф қилди.

Эслатиб ўтамиз, Россиядаги илк мигрантларни мослаштириш маркази Тамбовда 2013 йили очилган эди. Худди шундай марказлар Россиянинг бошқа бир қатор шаҳарларида, жумладан, Санкт-Петербург, Красноярск ва Тюменда ҳам фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг апрель-июнь ойлари орасида 3,12 миллион чет эл фуқароси Россияга ишлаш учун келган, ташрифдан мақсад сифатида иш кўрсатилган, бу охирги олти йилдаги рекорд кўрсаткичдир. Россияга келган меҳнат муҳожирлари сони бўйича Ўзбекистон (1,54 миллион), Тожикистон (900 минг) ва Қирғизистон (200 минг) етакчилик қилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ