Хорижда яшаётган наманганлик йигит ўз юртида завод қурмоқчи

Changan юк машиналари . Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Бирлашган Араб Амирликларида ўн йилдан бери яшаб келаётган наманганлик ишбилармон Жобирхон Ҳомидов ўз юртида хитойликларнинг Changan брендидаги юк машиналарини ишлаб чиқарувчи завод қурилиши учун $800 минг сармоя қиритишга тайёр эканини маълум қилди. Лойиҳанинг умумий қиймати $5,8 млн бўлиб, ундан $2 млн – хориж сармоялари, $3 млн – банк кредитлари ташкил этади. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлигининг матбуот хизмати хабар қилади.

Завод «Наманган» эркин иқтисодий зонасида жойлашади. Namangan Сhangan Motors МЧЖ томонидан лойиҳанинг биринчи босқичида йилига 1800 та 1—1,5 тонна юк кўтарадиган 4 хил русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилади ва 120 киши иш билан таъминланади. Кейинги 3 йил давомида маҳаллийлаштиришни 50 фоизгача етказиш ва маҳсулотнинг учдан бир қисмини БАА ҳамда Марказий Осиё давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.

Тадбиркорнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг ўзида йилига 20 мингтагача шундай русумдаги автомобилларга эҳтиёж мавжуд. Яқин ва узоқ хориж бозорлари инобатга олинадиган бўлса, ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш имкониятларини чамалаш мумкин бўлади.

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ўз навбатида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотига ҳозирнинг ўзида эҳтиёж борлигини таъкидлайди. «Келгусида бу ерда эҳтиёт қисмлар тайёрланадиган бошқа корхоналар ҳам пайдо бўлиши ва яхлит мажмуа юзага келиши айни муддао бўлади», — дейди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.

Хитойликларнинг Changan Automobile Group автомобиль концерни Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш тажрибасига эга. 2018 йили ушбу концерн иштирокида Фарғона вилоятида электромобиллар ишлаб чиқарувчи заводни барпо этиш режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Режага кўра, биринчи босқичда инвестиция миқдори $15-20 млн ташкил этади ва йилига мингта машина ишлаб чиқариш учун 100-150 ишчи ўрни яратилади. Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса ўзбек корхоналари жалб этилган ҳолда ишчи ўринлари кўпайтирилади. Бироқ, лойиҳани амалга ошириш муддатлари тўғрисида ҳозиргача бирорта маълумот берилмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ҳақиқий Остап Бендер лейтенант Шмидтнинг ўғли бўлмаган. У Ўзбекистон Марказий ижроя қўмитасининг раиси бўлган

  • Жаҳон оммавий ахборот воситалари – Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ

  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Орзуларни ушатувчи беш булоқ, ва куч-қувват бағишловчи чинорлар