Ўзбекистон ИИВ вафот этган маҳкумга нисбатан аввали қийноқлар қўлланилганини рад этди

Ўзбекистон ИИВ биноси . Repost.uz сайти фотосурати

Тошкентдаги «Сангород» (УЯ 64/18) деб номланган қамоқхона шифохонасида даволанган маҳкум Фаррух Хидиров ўзида мавжуд касаллик туфайли вафот этган. Мурда баданида тан жароҳатлари аниқланмаган, видеотасвирда кўринган қизаришлар мурда доғи бўлган, деб хабар беради Ўзбекисон Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати.

ИИВ мурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалган маҳкум танасига оид видеотасвирга жавобан берилди. Материалларни «Эзгулик» ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг раиси Абдураҳмон Ташанов чоп этган. Унинг фикрича, Навоий колониясида жазо муддатини ўтаётган Хидировни қийноққа солишган. Ҳуқуқ посбонининг қўшимча қилишича, маҳкум бундан бир неча кун олдин уйидагиларига қўнғироқ қилиб, турма маъмурияти ходимлари ундан пул талаб қилаётганларидан арз қилган. Шунингдек, Хидиров қариндошларига пул ўтказиш учун ҳисоб рақамини берган.

Орадан бир соат ўтиб Ташанов пости олиб ташланди, лекин унинг мурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди. Суратда жуда ориқ инсоннинг мурдаси акс этган ва унинг бутун бел қисмини қизил доғлар қоплаган. Айрим тармоқдан фойдаланувчилар маҳкум баданига қайноқ сув қуйилгани фаразини илгари сурганлар. Бу мавзудаги постларнинг бирида шарҳ берган бир инсон ўзини судмедэксперт эканини айтиб, ушбу қизаришлар мурда доғлари эканини ёзади.

ИИВ хабарида Хидиров 5 июнь куни саломатлиги ёмонлашуви натижасида касалхонага ётқизилгани айтилади. Унга «ўпка сили IV клиник босқичи (лимфа тугунлари тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологияли узоқ давом этувчи иситма, тана вазни келганга нисбатан 10% дан ортиқ камайиши, диарея» ташхиси қўйилган. Врачларнинг уринишларига қарамасдан, бемор 18 июнь куни вафот этган.

44 ёшли Хидиров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273м 5қ, 164м 2қ “а” банди билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган.

Кейинги пайтлар Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида қўлга олинган ва маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳолатлари ёритиладиган бўлди, ИИВ таркибида кадрларни тозалаш ишлари олиб борилди, бироқ экспертларнинг фикрича ушбу тизимда кенг кўламли ислоҳотларни ўтказиш лозим. Бундан ташқари, Жиноят кодексининг қийноқлар билан боғлиқ 235-моддасида «ноқонуний психологик ва жисмоний босим ўтказиш»га йўл қўйилмаслиги айтилади. Халқаро экспертлар «қонуний босимлар» ҳам бўларканда дея, ушбу иборани танқид остига олдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ