Қирғизистонга олиб кетувчи рейслар билан боғлиқ фирибгарликлар учун фуқароликдан айрилиш мумкинлиги тўғрисида огоҳлантириш берилди

Elchi.ru сайти фотосурати

Россиядаги Қирғизистон элчихонаси республика фуқароларини чартер рейслар билан ватанга жўнатиш давомида фирибгарлик ва коррупция ҳолатларини текширадиган махсус комиссиясини тузди, дея хабар берилади Қирғизистоннинг Россиядаги элчисига қарашли расмий блогда. Қонунбузарлар Россия Федерациясига киритилишига тақиқлар қўйиш ёки Россия фуқаролигидан маҳрум этиш билан жазоланишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилдилар.

Таркибига Қирғизистон ИИВ, Миграция хизмати вакиллари ҳамда хавфсизлик масалалари бўйича масъул бўлган элчихона ходимлари киритилган комиссия диаспораларга ажратилган квоталардан фойдаланган ҳолда одамларни ватанига жўнаб кетаётган йўловчилар рўйхатига киритишда воситачилик учун пора олаётган қирғиз диаспораси фаолларининг қилмишларини текшириш билан шуғулланадиган бўлди.

Одамларни чартер рейслар билан ватанига жўнаб кетаётган йўловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги ёлғон ваъдалар билан алдаётган фирибгарларнинг фаолияти билан комиссия шуғулланади. Шунақа фирибгарлардан бири ўзини элчихона ходимининг қариндоши ёки таниши дея таништириб, уч нафар қирғизистонликлардан алдов йўли билан 54 минг рубль (785 АҚШ доллари) пулини олиб қўйган.

Элчи Алибек Жекшенқулов “ўзгалар ҳисобига бойлик орттириш мақсадида Россиядаги ватандошларининг оғир қийинчиликда қолганидан қабиҳона ва ғайриинсоний тарзда фойдаланиб қолишлари юзасидан аниқланган барча ҳолатлар бўйича текширув ўтказишга ваъда берди.

Элчи қирғизистонликларни алдаётган Россия фуқароларига нисбатан “Россия Федерацияси Жиноят кодексининг фуқароликдан маҳрум этиш билан боғлиқ моддалари бўйича жавобгарликка тортиш”га ҳаракат қилишини ваъда қилди. Қирғизистон фуқароларига эса “Россия Федерацияси ҳудудига киришига тақиқ, депортация ва Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш”га оид моддалар қўлланиши мумкинлигини билдирди.

Комиссияга Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг Россиядаги вакили, милиция полковниги Нурлан Жанбев раис этиб тайинланди.

Россияда коронавирус пандемияси туфайли ўқишга ёки ишлагани келган жуда кўп қирғизистонликлар қолиб кетди, уларни чегаралар ёпилганидан кейин бир ой ўтиб чартер рейслар билан олиб чиқиш бошланди. 26 май куни Москвадан Қирғизистонга 319 кишини ватанига қайтариб келган рейс ташкил этилди. 7 июнь куни Москвадан коронавирус инфекцияси ва чегараларнинг ёпилгани боис олдинроқ ватанига қайта олмаган 402 нафар Қирғизистон фуқаролари Бишкекка жўнатилди.

Қирғизистонга қайтарилишини сўраб мурожаат қилган ва йўловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг сони етти мингдан ошиб кетди. Бундан ташқари, тўрт минг қирғизистонлик талабалар ватанига қайтиш имкониятини кутиб ўтиришибди.

Олиб чиқиш рейсларини ташкил этишда фирибгарлик ҳолатларининг юзаге келаётгани ҳақида Марказий Осиёнинг бошқа республикалари дипломатлари ҳам огоҳлантиришмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ