Душанбеда уч нафар пенсионер 40 килограмм афюн билан қўлга тушди

Кўкнорипоя . Wikipedia.org сайти фотосурати

Душанбе полицияси деярли 40 килограмм афюн ва икки мингдан зиёд метилендиоксиметамфетамина (“экстази”) таблеткаларини мусодара қилди. Бу ҳақда Душанбе ИИВ бошқармасининг видеорепортажида хабар берилган.

Видеороликда Тожикистоннинг Дарвоз туманида истиқомат қилувчи 63 ёшли Гулмирзоев Давлатмирзо республика пойтахтида ўзининг икки жиянлари Алишер ва Алидод билан 23 килограммдан зиёд афюнни сақлашда гумон билан қўлга олингани ҳикоя қилинади.

Яна икки нафар қариялар – Сўғд вилоятининг Бўстон шаҳрида истиқомат қилувчи 67 ёшли Амиршо Нуров ҳамда Жайҳун туманида истиқомат қилувчи Азимжон Журабеков 15 килограмм афюн билан қўлга олинган.

Видеорепортажда, шунингдек, Европадан Душанбега синтетик наркотикларини етказиб беришга ихтисослашган йирик каналнинг фош этилиши ҳамда шаҳарда 2224 та “экстази” таблеткаларнининг мусодара этилгани ҳикоя қилинган. Клубларда истеъмол қилинадиган наркотикни етказиб бериш билан Кўлоб шаҳрида истиқомат қилувчи 28 ёшли Рамазонзода Зафарий Хуршед шуғулланган.

У препаратларни чой ўрамларида яшириб, чегара орқали фураларда жўнатиб юрган. Айни пайтда Рамазонзода Зафарий Хуршед халқаро қидирувга берилган. Унинг Душанбедаги ёрдамчиси, “экстази” партияларини қабул қилиб, пойтахтдаги клублар ва кўнгилочар марказларига тарқатиш фаолияти билан машғул бўлган 32 ёшли Содиқов Собиржон Шовалиевич полиция томонидан қўлга олинган.

Жорий йилнинг апрель ойида Душанбеда Наркотикларни назорат қилиш агентлиги (ННА) ходимлари томонидан халқаро жиноий гуруҳнинг аъзолари 44 килограмм наркотик моддалари билан қўлга олинган эдилар. Шунингдек, ННА таркибига синтетик наркотикларни сотиш билан шуғулланувчи тўрт нафар аёл кирган оғуфурушлар тармоғининг фош этилгани ҳақида маълум қилганди. Тармоқ иштирокчиларига нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 200-моддаси (“Наркотик воситалари ёки психотроп моддаларини сотиш мақсадида ноқонуний айлантирилиши”) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Ушбу модда бўйича айбдор деб топилган шахсларга нисбатан 12 дан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш ва мол-мулки мусодара қилиш тўғрисида ҳукм чиқарилиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ