Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва вилоятидаги Одинцово мактабида ўқувчининг ўлдирилгани ҳолатини қоралаб, Россия ҳукуматини айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди. Бу ҳақда баёнот Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинди.
Вазирлик қотилликка миллий адоват сабаб бўлганини қайд этади. Жиноят қурбони Москва вилояти Одинцово шаҳар округига қарашли Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабининг 4-синф ўқувчиси Қобилжон Алиев бўлган. Бола Тожикистон ва Россия фуқаролигига эга бўлган.
«Россия Федерациясининг Тожикистон Республикасидаги элчиси С.Григорьев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва унга Россия томонидан ушбу фожиали воқеани зудлик билан, объектив ва холисона тергов қилишни ҳамда барча айбдор шахсларни қонун доирасида жавобгарликка тортишни талаб қилувчи нота топширилди», — дейилади хабарда.
ТИВ марҳум боланинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Тожикистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасига Қобилжоннинг оила аъзолари ва яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, бу масалани назоратда ушлаб туриш топширилди.
ℹ️ Фожиали воқеа 2025 йил 16 декабрь куни содир бўлди. Эрталаб Успенский мактабининг 15 ёшли ўқувчиси пичоқ ва газ баллони билан қуролланган ҳолда таълим муассасаси қўриқчисини яралаган ва 10 ёшли 4-синф ўқувчисини ўлдирган. Кейин у ўқувчилардан бирини гаровга олиб, синф хонасига беркиниб олган. Ўсмир мактабга келган хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган ва сўроқ пайтида ўз айбига иқрор бўлган.
Тергов қўмитаси томонидан қотиллик ва одам ўлдиришга суиқасд моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган. Агар суд-психиатрия экспертизаси ўсмирни ақли расо деб топса, у ҳолда жиноятчи 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Версиялардан бирига кўра, жиноят мотивига ўсмирнинг ксенофобик қарашлари сабаб бўлган: ҳужумдан олдин у дуч келган ўқувчилардан қайси миллатга мансублигини сўраган ва бундан олдин у синфдошларига яҳудийлар, мусулмонлар, антифашистлар ва либералларга қарши тажовузкор шиорлар битилган «манифест»ини тарқатган. Бошқа маълумотларга кўра, унинг асосий нишони математика ўқитувчиси бўлган, ундан қасд олиш учун ўсмир қўлбола портловчи мослама тайёрлаган.
Марҳум боланинг онаси шу мактабда фаррош бўлиб ишлаган. Маълумотларга кўра, у турмуш ўртоғи вафотидан сўнг икки фарзандини ёлғиз тарбиялаган.



