Ўзбекистонда коронавирусни даволайдиган дорини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

"Рутан" рекламасидан парча . Facebook.com/www.oxymed.uz саҳифасидан олинган фотосурат

Ўзбек-хитой тиббиёт технопарки гриппга қарши “Рутан” дори воситасини ишлаб чиқарилишини йўлга қўйди. Хитойлик олимларнинг таъкидлашича, бу дори COVID-19 ривожланишини тўхтатиб қўяр экан. Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги 9 июнь куни ушбу препаратдан 20 минг дона ўрамини Соғлиқни сақлаш вазирлигига беғараз тақдим этди, дея хабар беради ЎзА.

Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти олимлари яратган гриппга қарши “Рутан” дори воситаси хитойлик олимлар ўтказган синовлар натижасида SARS CoV-2 типидаги грипп вируси таъсирини 78,3 фоизга сусайтириш хусусиятини намоён қилган.

Шундан кейин Хитой – Ўзбекистон тиббий технопаркида тайёр дори воситасини ишлаб чиқариш ташкил этилди ва 11 минг ўрам “Рутан” коронавирусга қарши гуманитар ёрдам сифатида Эронга ҳам юборилган эди.

Бугунги кунда технопаркда дори препаратларини саккиз хил кўринишда ишлаб чиқарадиган фармацевтика заводи фаолият юритмоқда. Завод GMP (Good Manufacturing Practice – Талабга жавоб берувчи ишлаб чиқариш амалиёти) талаблари ва халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Шарқ табобатига хос анъанавий даволаш усуллари билан бирга, Ғарб тиббиётининг илғор ютуқларидан кенг фойдаланадиган ушбу илмий-технологик паркига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган.

Рутан препаратининг асосий таъсир кўрсатувчи моддаси полифеноллар синфига кирувчи галло- ваэллаготаннинлар бўлиб, у тотум ўсимлиги баргларидан махсус усулда ажратиб олинади ва кераксиз моддалардан тозаланади. Препарат клиник синовлардан муваффақиятли ўтган ва 2015 йилдан Ўзбекистонда тиббиёт амалиётига қўллаш учун рухсат берилган.

Шамоллаш ва грипп эпидемияси даврида Рутан дори воситасини қабул қилишнинг ўзи кифоя бўлиб, бу даврда ушбу касалликлар билан оғриш хавфи етарли даражада пасаяди. Рутан препаратнинг афзаллиги шундаки, у умуман зарарсиз, организмга юмшоқ терапевтик таъсир кўрсатади ва ножўя таъсирларга эга эмас. Препаратнинг бу хоссалари ёш болалар ва кексаларни даволашда айниқса асосий омил ҳисобланади. Рутан препаратини болаларда 6 ёшдан бошлаб қўллаш мумкин. Препарат вирусларга қарши яққол фаолликка эга бўлиб, А ва В грипп вируси штаммларига, аденовирусларга, герпес вирусига, цитомегаловирусларга, парамиксовирусларга ва бошқаларга таъсир кўрсатади.

“Россия тиббий-биологик федерал агентлигининг Иммунология институти” Давлат илмий маркази, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология институти ҳамда паталого-анотомик марказлари билан ҳамкорликда олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, Рутан препарати фаоллиги жиҳатидан замонавий тиббиётда интерферон индукцияловчи ва вирусларга қарши қўлланилувчи Амиксин, Зовиракс, Ремантадин каби дори воситаларидан устунликка эга, улардан фарқли равишда ножўя таъсирларга ҳамда кумулятив хоссаларга эга эмас.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 9 июнь соат 23.00 ҳолатига кўра коронавирусга чалинганлар кун давомида 80 кишига кўпайиб, 4520 нафарни ташкил этмоқда. Аҳоли орасида – 25 та, Тошкент шаҳрида — 11, Навоий вилоятида — 13, Тошкент вилоятида — 1 ва хориждан мамлакатимиз худудига кириб келган халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар орасидан 13 та аниқланди. 8 июнь куни ўсиш 109 та, ундан олдинроқ 7 июнь куни эса рекорд даражада (237 киши) қайд этилган. Бугунги кунга келиб соғайган беморлар сони 3459 ва ўлганлар 18 кишини ташкил этган.